Ру Ўз O`z En

Дефолиация – муҳим агротехник тадбир

28 Август 2024 1015

Касби тумани «Ғалаба» ҳудудида ғўза дефолиациясини сифатли ўтказишга бағишланган амалий семинар-кенгаш бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари У.Узоқов «Ўзагроинспекция»нинг вилоят бошқармаси бошлиғи С.Донаев ҳамда туман сектор раҳбарлари, барча қишлоқ хўжалиги вакиллари ва фермерлар иштирок этган тадбирда пахта ҳосилини қисқа муддатларда ёғингарчилик кунларга қолдирмасдан сифатли териб олишда ғўза дефолиацияси муҳим агротехник тадбирлардан бири экани таъкидланди.

Дефолиация тўғри ўтказилганда баргларнинг тўлиқ тўкилиши таъминланибгина қолмасдан, ғўзадаги кўсаклар 10-15 кун эрта пишиб етилади, биринчи терим салмоғи 15-20 фоизга ошиб, юқори сифатли хом-ашё ҳажми кўпайди. Шу қаторда дефолиант ғўза касалликлари ва зараркунандаларига, айниқса, қора шира тушган майдонларга самарали таъсир этади. Мазкур агротехник тадбир қора ширани келтириб чиқарувчи ғўза битларига барҳам бериб, кўсак ва толанинг чиришини кескин камайтиради.

Энг муҳими, дефолиациянинг ўз муддатида ва сифатли ўтказилиши пахта теримининг самарали ўтишини, иш унумини таъминлайди. Кузги бошоқли дон экинларини сифатли экиб, эрта ундириб олишга қулай шароит яратади. Акс ҳолда, дефолиация сифатсиз ўтказилган ёки умуман ўтказилмаган ғўза қатор орасига экилган кузги буғдой тўлиқ униб чиқмайди.

Семинарда ғўза майдонларини дефолиация қилишга тайёргарлик кўриш, хусусан, ОВХ пуркагичларини таъмирлаш, дефолиантлар захирасини яратиш, ишчи эритма тайёрлаш майдончаларини ташкил қилиш ҳамда дефолиацияни сифатли ўтказилишини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Семинар иштирокчиларига дефолиация тадбирларини сифатли амалга ошириш ҳамда пахта ҳосилини терим машиналари ёрдамида йиғиштирилиб олиш афзалликлари, мазкур жараёнда иштирок этган ишчи ва механизаторларга иш ҳақларини ўз вақтида тўланишини ташкил қилиш юзасидан зарур топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

Tаъкидлаганидек, жорий йилда вилоятларда парвариш қилинган ғўза майдонларининг 133 минг 50 гектар майдонида дефолиация тадбири ўтказилиши режалаштирилган.

Хусусан, ушбу тадбирга 303 та ОВХ пуркагичлар қатнашиши режалаштирилган.

 

«Ўзагроинспекция»нинг Қашқадарё вилоят бошқармаси ахборот хизмати

Text to speech