Ру Ўз O`z En

Фарғона вилоятида сувдан оқилона фойдаланиш бўйича июнь ойининг бир ҳафтасида 92 та назорат тадбирлари ўтказилган

14 Июнь 2021 2287

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланишни назорат қилиш соҳасида Фарғона вилоятида Инспекция томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021-2023-йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ 5005-сонли Қарорининг 9-бандида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясига бир қатор масъул ташкилот ва идоралар билан биргаликда сув танқислиги шароитида экинларни кўллатиб суғориш ва сувни зовурга ташлаб қўйишнинг ҳар бир ҳолатини “фавқулотда ҳолат” сифатида баҳолаб, сувдан мақсадли ва тежамли фойдаланиш, сув истеъмоли тартибига қатъий риоя этилиши устидан тизимли назорат ўрнатиш ҳамда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибини бузганларга нисбатан кескин чоралар кўриб бориш вазифаси юклатилган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 февралдаги “Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 95-сонли Қарорида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда жорий этилган сувни тежайдиган технологиялардан ҳамда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби талаблари бажарилиши бўйича доимий назорат ўтказишга масъуллиги белгиланган.

Юқоридагиларга асосан, инспекциянинг Фарғона вилояти бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан ушбу соҳада тинимсиз назорат тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Мисол учун июнь ойининг биринчи ҳафтаси мобайнида жами 92 та назорат тадбирлари ўтказилиб, шундан 67 та ҳолатда қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.

Аниқланган қонунбузилиш ҳолатларининг 33 тасида инспекциянинг туман бўлимлари томонидан маъмурий жарима чоралари кўрилиб, 47 та ҳолатда молиявий жарима чоралари қўлланилди.

Мисол учун, Инспекциянинг Фарғона вилояти бошқармаси Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш бўлими инспекторлари томонидан биргина Фарғона шаҳрининг ўзида белгиланган тартибда «FAR SAID-G’OLIB», «HOSIL DO’STLIGI», «ОYBEKJON IZZATILLO ISTIQBOLI» фермер хўжаликларида текшириш ўтказилиб, ушбу текширишда фермер хўжаликлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисидаги қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг 19.03.2013 йилдаги 82-сонли Қарори билан тасдиқланган  “Ўзбекистон Республикасида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби тўғрисида”ги Низом талаблари бузилганлиги аниқланди.

Юқоридаги фермер хўжаликлари раҳбарларига нисбатан 11 760 минг сўмлик молиявий жарима санкциялари қўлланилди.

Бундан ташқари, тегишли корхона, муассаса ва ташкилотлар раҳбарларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этиш сабаблари ва унинг келиб чиқишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиниши юзасидан чоралар кўриш тўғрисида 4 та ёзма кўрсатма ва 2 та тақдимномалар киритилди. 

Ўз навбатида, ҳуқуқбузарлик содир этилишининг эрта олдини олиш мақсадида 38 та сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларига расман огоҳлантириш хатлари берилган. Бу борада назорат тадбирлар давом эттирилмоқда.

Ж.Эҳсонов,  Инспекциянинг Фарғона вилояти бошқармаси бош инспектори                               

Text to speech