Лойиҳада2023 йилда сув ресурсларини бошқаришда “вазир – мироб –фермер” узлуксиз тизимини йўлга қўйиш ҳамда сувни тежайдиган рақамли технологияларни жорий қилиш ҳисобига сувни етказиб беришдаги табиий йўқотишлар салмоғи 10 фоизгача камайтирилиши кўзда тутилмоқда.
Сув солиғи бўйича тушумларнинг 25 фоизи туманларда суғориш хизматларини ривожлантириш, ариқ, зовур ва каналларни бетонлашга йўналтирилади. Натижада, сув ресурслари тўғридан-тўғри фермерлар чегарасигача етказиб берилади ва ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этилади.
Ички хўжалик суғориш тармоқларининг 77 фоиз (119,5 минг км) суғориш тармоғи тупроқ ўзанли бўлиб, 44 фоиз (68,3 минг км) тармоқ таъмирлаш ва тиклашга, 10 фоиз (15,5 минг км) тармоқ эса, реконструкция қилишга муҳтож. Сув истеъмолчиларининг сув олиш жойлари эса аксарият ҳолда сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозланмаган.
Шу сабабли, ирригация тизими ва суғориш тармоқларининг фойдали иш коэффициенти паст бўлиб, асосий манбалардан олинадиган сувнинг 35-40 фоизи суғориш тармоқларида йўқотилмоқда.
Лойиҳада Сув хўжалиги вазирлиги зиммасига 2023 йил якунига қадар сув ресурсларини бошқаришда рақамли технологияларни кенг жорий қилиш, сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш, зарур ирригация ва мелиорация тадбирларини ўз вақтида амалга ошириш орқали камида 7 миллиард куб метр сув иқтисод қилинишини ҳамда 300 минг гектар майдонда такрорий экинлар суғоришга йўналтирилишини таъминлаш вазифаси юкланди.
Сув ресурсларини бошқаришда рақамли технологияларни кенг жорий қилиш, сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш, зарур ирригация ва мелиорация тадбирларини ўз вақтида амалга ошириш орқали 2023 йилда камида 7 миллиард куб метр сувни иқтисод қилиб, 300 минг гектар такрорий экинларни суғоришга йўналтириш имконияти яратилади.
Ҳисоб-китобларга кўра, 2050 йилгача Сирдарё ҳавзасида сув ресурси 5 фоизга, Амударё ҳавзасида 15 фоизгача камайиши кутилмоқда. Талабга нисбатан етишмайдиган сувнинг қарийб 12 миллиард куб метр қисми сув иқтисод қилиш тадбирлари ҳисобига қопланиб, Ўзбекистонда 2030 йилга бориб етишмайдиган сув 3 миллиард куб метрни ташкил қилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, мазкур фармон юзасидан жамоатчилик муҳокамалари жорий йил 17 февралга қадар давом этади.
@UzA