Ҳукуматнинг жорий йил 3 августдаги "2023 йил ҳосили учун ғалла навларини жойлаштириш, уруғлик дон тайёрлаш, дон экиш агрегатларини таъмирлаш, экиш учун ер тайёрлаш ва экиш мавсумини уюшқоқлик билан тизимли ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги топшириғи асосида 2023 йил ҳосили учун Тошкент вилояти бўйича жами 127 минг 313 гектар ер майдонларига ғалла экиш режалаштирилган бўлиб, ушбу майдонлар учун 29 минг тонна уруғлик ғалла жамғарилган.
Фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига сифатли уруғлик етказиб бериш келгуси йил ҳосили учун муҳим аҳамият касб этади.
Шу сабаб, Агроинспекциянинг Тошкент вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари ходимлари томонидан уруғликларнинг уруғлик тайёрлаш цехларида сифатли тайёрланиши ва фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига етказиб берилиши мунтазам назоратга олинган.
Бугунги кунда, ушбу жамғарилган уруғликларнинг 24 минг 487 тоннаси ёки 84 фоизи тозаланиб, сараланиб, қадоқланган. Шунингдек, 16 минг 582 тонна уруғлик доннинг сифатини текшириш учун Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш марказига намуналар танлаб олиниб, экиш учун яроқлилиги бўйича синов лабораторияларига юборилди ҳамда 15 минг 297 тонна уруғлик ғаллага мувофиқлик сертификати олинди.
Жорий йилда экилиши режалаштирилган 127 минг 313 гектар ер майдонларига уруғлик ғалла тарқатиш мақсадида ғаллачилик туманларида 14 та уруғлик дон тарқатиш шохобчалари ташкил этилган бўлиб, ушбу шохобчалар тўлиқ таъмирланган, дезенфекция қилиниб, тарозилар давлат қиёслов кўригидан ўтказилган.
Мазкур ташкил этилган уруғлик тарқатиш шохобчалари томонидан 1 минг 794 тонна уруғлик дон фермер хўжаликлари ва кластер корхоналарига етказиб берилган.
Бошқарма ва туман бўлимлари томонидан ўтказилган ўрганиш натижаларига кўра, “Оҳангарондон” АЖ бош корхонаси қошидаги уруғлик дон тайёрлаш цех бошлиғи ва Пискент дон қабул қилиш шохобчаси мудирига нисбатан Техник регламентларга ёки стандартларнинг мажбурий талабларига риоя этмаганлиги учун маъмурий баённомалар расмийлантирилди.
Бунд ан ташқари, Тўйтепа дон қабул қилиш шохобчаси мудири, Янгиҳаёт дон қабул қилиш шохобчаси мудири ҳамда Бекобод дон қабул қилиш шахобча мудирига уруғлик донни омборларда сифатли сақлаш, экиш учун фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотларига ўз вақтида етказиб бериш юзасидан ёзма кўрсатмалар берилди.
Бугунги кунда ғалла экиш ишларида Агроинпекция ходимлари томонидан фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига амалий ёрдам кўрсатилиб, тегишли чоралар кўрилмоқда.
Ш.Усубалиев, "Ўзагроинспекция" Тошкент вилояти бошқармаси Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштирилиши ва таъминотини назорат қилиш бўлими бош инспектори