Ру Ўз O`z En

Фориш кенгликларида қоракўлчилик ривожланмоқда

21 Апрель 2022 1795

Фориш тумани Жиззах вилоятининг энг йирик туманларидан бири бўлиб, қир-адирликлар ва бепоён дашт-кенгликлари ҳудудда чорвачилик тармоғи, хусусан қоракўлчиликни ривожлантириш имконини беради. Мазкур гўша илгаридан қоракўл қўйларини ва ундан олинадиган маҳсулотларни етиштириш бўйича етакчи ҳудудлардан саналган.

Бугунги кунда туманда 102 та қоракўлчилик фермер хўжаликлари фаолият кўрсатаётган бўлиб, уларга тегишли 112 минг гектар яйловларда 61 минг 800 бошдан ошиқ қоракўл қўйлари парвариш қилиниб келинмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 мартдаги “Чорвачиликда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги ПҚ-2841-сонли қарори асосида ташкил этилган “Олимжон қоракўлчи” фермер хўжалигида ҳам қоракўл зотли қўйлар боқилмоқда. Бундан тўрт йил муқаддам 290 бош қоракўл қўйлари билан фаолият бошлаган хўжаликда ҳозирги кунда боқилаётган майда шоҳли моллар сони 700 бошга етган.

Кейинги йилларда қоракўлчилик фермер хўжаликлари томонидан қоракўл қўйларини наслини яхшилаш мақсадида қўшни Афғонистон давлатидан, ҳамда Бухоро ва Қашқадарё вилоятларидан наслли қоракўл қўчқорлари келтирилиб, қоракўл қўйлар сифатини яхшилаш чоралари кўрилмоқда. Бунда хўжаликларда наслчилик ва сунъий уруғлантириш ишларини тизимли ташкил этиш, чорвачиликда наслчилик билан шуғулланувчи хўжаликларга ер майдонларини ажратиш ва улардан самарали фойдаланилиш муҳим ҳисобланади. Мазкур вазифаларнинг бажарилиши устидан доимий назорат ўрнатилиб, хўжаликларда профилактик тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда.  

Умуман олганда, қоракўл қўйлари майда шоҳли молларнинг энг қадимги зоти бўлиб, бугунги кунда дунёнинг 50 дан ортиқ давлатларида қоракўл зотли қўйлар боқилади. Бинобарин, мамлакатимизда ҳам қоракўлчилик тармоғида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, наслчилик ишларини такомиллаштириш орқали сифатли қоракўл тери етиштириш, чўл озуқабоп экинлар уруғчилиги майдонларини ташкил этиш ва яйловлар ҳосилдорлигини ошириш давлат сиёсатининг устувор масалаларидан бирига айланган.

Мисол учун, қоракўлчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун ягона ер солиғи ставкалари 2023 йил 1 январга қадар ўзгаришсиз қолди, Республика ҳудудида қоракўл териси ва жунини тайёрлаш ҳамда харид қилиш Ўзбек чарим пойабзал ва қоракўлчилик уюшмалари тизимидаги корхоналар томонидан олдиндан 50% аванс тўлаш орқали амалга оширилади. Қоракўлчилик билан шуғуллануви субъектлар, қоракўлчилик махсулотларини қайта ишлаш корхоналари Республикада ишлаб чиқарилмайдиган жиҳозлар ва материаллар учун божхона тўловларидан озод этилган. 

Беҳруз Бозоров, "Ўзагроинспекция" Фориш туман бўлими катта инспектори

Text to speech