Ру Ўз O`z En

Ғалла-2020. Наманган мавсумга шай!

20 Май 2020 3145

Яна бир неча кундан сўнг ғалла ўрим-йиғим ишлари бошланади. Ўтган йил кузидан бошланган  меҳнатнинг самараси бугун далаларда ғаллалар ривожида бўй кўрсатмоқда. Маълумот ўрнида айтиш лозим, жорий йилда Наманган вилоятида 2 минг 197 нафар фермер хўжаликлари томонидан 74 минг гектар майдонда бошоқли дон экинлари парвариш қилиб келинаётган бўлиб, ҳар бир гектардан ўртача 69,7 центнердан жами 515,7 минг тоннадан зиёд ғалла етиштириш кўзда тутилган.

Белгиланган режани бажариш, ғалла ўрим-йиғимини ўз муддатида ва сифатли ташкил этиш мақсадида 272 та техника, жумладан  “Кейс”, “Клас”  ва бошқа русумли дон ўриш комбайнлари “Агросервис МТП” МЧЖнинг туман филиалларида марказлашган ҳолда йиғилиб, таъмирлаш ишлари олиб борилди ҳамда мавсумга шай ҳолатга келтирилди.

 

Таъмирдан чиқарилган дон ўриш комбайнлари ҳудудларда ташкил этилган Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси туман бўлими бошлиғи,  “Агросервис МТП” МЧЖнинг туман филиали ҳамда туман ҳокимлиги, қишлоқ хўжалиги бўлими вакилларидан иборат махсус комиссия томонидан далолатнома асосида тўлиқ қабул қилиб олиниб, сертификатлар топширилди.

Мавсумни қисқа муддатларда уюшқоқлик билан ўтказиш учун 272 та ўрим-йиғим отрядлари ташкил этилиб, дон ўриш комбайнларидан ташқари яна  1360 дона дон ташиш транспортлари, 101 та ёқилғи мойлаш маҳсулотлари қуйиш техникалари ҳамда 61 та кўчма таъмирлаш устахоналари билан таъминланди.

 

Шу билан бирга ҳудудлардаги ўз ишига масъулият билан ёндошувчи, фидокор ҳамда жамоатчилик орасида фаол бўлган ташкилот раҳбарларидан отряд бошлиқлари ва  уларнинг ўринбосарлари тайинланди.

Бундан ташқари ҳар бир отряд, дам олиш учун махсус жиҳозланган тиркамалар, қозон-ўчоқ, самавор, ювиниш анжомлари ва бошқа зарурий воситалар билан жиҳозланди.

 

Шунингдек, ҳар бир комбайннинг кунлик иш унуми ҳисоб-китоб қилиниб, ғаллакорлар томонидан етиштирилган 74 минг гектар майдондаги ғаллани нес-нобул қилмай қисқа муддатларда ўриб-йиғиб олиш режалаштирилган.

 

 "Ўзагроинспекция" Наманган вилоят бошқармаси.

Text to speech