Жорий йил мавсумида Республикамизда ғалла етиштириш учун жуда қулай об-ҳаво кузатилди. Бундан унумли фойдаланган ҳар бир фермер ва кластерлар ўз олдига ғалладан юқори ва сифатли ҳосил етиштиришни мақсад қилганлар. Натижага эришиш учун албатта ғалла парваришида агротехник тадбирларни ўз вақтида маромига етказиб бажариши ҳамда мавжуд ресурслар, минерал ва маҳаллий ўғитлар ҳамда сувдан унумли фойдаланиш лозим бўлади.
Шунингдек, апрель ойида бегона ўтлар, касалликлар ва зараркунандаларининг ғалла майдонларини зарарлашини инобатга олиб, уларга қарши кураш чораларини кўриш ва доимий кузатув талаб этилади. Акс ҳолда бу тадбирларни кечиктирилиши етиштирилаётган доннинг сифати ва ҳосилдорлигини кескин пасайишига олиб келади.
“Ўзагроинспекция”нинг ҳудудий бошқармалари ва туман бўлимлари инспекторлари томонидан ғалла майдонларининг бегона ўт, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш учун амалга оширилаётган ишлар устидан доимий назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
Хусусан, ўтказилган назорат тадбирлари давомида, ҳудудларда бугунги кунгача ғалла майдонларини бегона ўтларига қарши кураш учун, бир йиллик икки паллали бегона ўтларга қарши 111 фоиз, кўп йиллик икки паллали бегона ўтларга қарши 115 фоиз, бошоқли бегона ўтларга қарши 109 фоиз гербицидлар захираси яратилганлиги аниқланди.
Шу билан бирга, ҳудудларда занг ва бошқа касалликларига қарши кураш ишлари амалга ошириш мақсадида 92 фоиз фунгицидлар ҳамда зарарли хасва ва бошқа зараркунандаларга қарши кураш учун 110 фоизи инсектицидлар захираси мавжудлиги маълум бўлди.
Бунинг натижасида бугунги кунда, жойларда ғалла майдонларининг 897,6 минг гектари ёки 87 фоизи бегона ўтларга қарши гербицидлар билан, 908,8 минг гектари ёки 88 фоизи занг касаллигига қарши фунгицидлар билан ишланган бўлса, 355,3 минг гектар ёки 34 фоиз ғалла майдонларида зараркунандаларга қарши инсектицидлар билан ишловлар ўтказилганлиги аниқланди.
Инспекция томонидан, мавсум давомида амалга оширган назорат тадбирлари давомида, ғалла парваришида агротехник тадбирларни бажарилишда аниқланган камчиликлар ва уларни бартараф этиш ҳамда келгусида такрорланмаслигини олдини олиш мақсадида, фермер хўжаликлари ва кластер корхоналарига 12275 та огоҳнома, 8453 та кўрсатма киритилиб, маҳаллий ҳокимликлар ва соҳага тегишли идораларга 489 та тақдимномалар берилди, шунингдек, 124 та маъмурий баённома расмийлаштирилди.
“Ўзагроинспекция”нинг Қишлоқ хўжалигида Агротехник тадбирлар ўтказилишини назорат қилиш бошқармаси