Республикада жорий йилда 1 млн 33 минг гектар майдонларга чигит экилиб, парвариш қилинди.
Август ойининг биринчи ўн кунлигидан барча ҳудудларда ҳаво ҳароратининг мўътадиллашиши натижасида ғўза жуда яхши ривожланди ва бугунги кунда ҳам ривожланиш давом этмоқда.
Бунинг натижасида, ғўзанинг юқори ярусларида 6-8 та қўшимча ҳосил элементлари шаклланиб, айни вақтда ушбу ҳосил элементлари 15-20 кунлик кўсак ҳолатида ривожланмоқда.
2020 йил пахта ҳосили учун ғўза дефолиациясини сифатли ўтказиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 августдаги йиғилиш баёни қарори қабул қилиниб, (14.08.2020 й, 03/1-1747-сон) унда дефолиацияни ўтказиш тартиби, графиклари, эксперт комиссиялари таркиби ҳамда талаб этиладиган моддий-техника ресурслари ҳисоб-китоблари тасдиқланди.
Жорий йил ғўза майдонларининг 829,2 минг гектари ёки 80,2 фоизида дефолиация ўтказилиши режалаштирилган.
Бу йилги об-ҳаво шароитини ва ғўзанинг биологик пишиб етилишини эътиборга олган ҳолда, ҳамда “Ўзгидромет” марказининг жорий йилда ғўза дефолиациясининг ўтказиш муддатлари бўйича тавсиясига асосан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2020 йил ҳосили учун парваришланаётган ғўза майдонларида дефолиация тадбирларини ўтказиш муддатлари белгилаб берилди.
Жумладан, Андижон, Навоий ва Фарғона вилоятларида 1-10 сентябрь;
Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида 2-12 сентябрь;
Қорақалпоғистон Республикаси ва Наманган вилоятларида 3-12 сентябрь;
Тошкент, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида 5-15 сентябрь;
Сирдарё вилоятида 6-16 сентябр;
Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида 8-20 сентябрь кунларида ғўза дефолиациясини ўтказиш мақсадга мувофиқ деб белгиланди.
Бундан ташқари, баённома қарорида ғўза дефолиациясини ўтказилиши юзасидан ҳамда дефолиантларни қўллаш меъёрларига риоя этилиши ва дефолиациянинг белгиланган муддатларда сифатли амалга оширилиши бўйича қатъий назорат ўрнатиш Инспекцияга юклатилган.
Бугунги кунда, Инспекциянинг вилоят бошқармалари ва туман бўлимлари томонидан жойларда ғўза дефолиациясини ўтказишга тайёргарлик кўриш, дефолиантларни қўллаш меъёрларига риоя этилиши ва уни сифатли ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишлар бўйича назорат тадбирлари олиб бормоқда.
Шунингдек, 2020 йил 23 август ҳолатига Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг ғўза майдонларида дефолиация тадбирини ўтказиш учун 1578 тонна ёки 739414 гектар (89%) майдонга етарли дефолиантлар захираси яратилди.