Ру Ўз O`z En

Ҳосил тақдири ҳал бўладиган палла

7 Июль 2022 1587

Жорий йилнинг 29 май куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида бугунги кунда ғоят долзарб бўлиб турган масалалар, шу жумладан, қишлоқ хўжалигида ғўза парвариши, ғалла ўрими, такрорий экинлар ва сувдан оқилона фойдаланиш каби муҳим тадбирларни самарали ўтказиш муҳокама этилди.

Сув ресурслари чекланган минтақамиз тупроқ-иқлим шароитида деҳқончилик тақдири табиат билан чамбарчас боғлиқ. Айниқса, бу йил баҳорнинг салқин ҳамда қуруқ келиши пахта етиштиришда жиддий муаммоларни келтириб чиқаряпти. Чунки ғўза ривожланиши ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан анча орқада қолмоқда. Бу эса экин парваришига жиддий эътибор қаратиб, барча агротехника тадбирларини жадаллаштиришни тақозо этади.

 2022 йил ҳосили учун Чуст туманида 4000 гектар майдонга чигит экилган бўлиб, айни кунларда ғўза қатор ораларига ишлов бериш, минерал ўғитлар билан озиқлантириш, чилпиш каби агротехник тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга ғўза зараркунандаларига қарши курашда биологик усулга алоҳида эътибор қаратиляпти

-Фермер хўжалигимиздаги 22,5 гектар майдонга эккан ғўзаларимизни айни кунларда культивация қилиш, минерал ўғитлар билан озиқлантиришга, турли зараркунандаларга қарши курашишга алоҳида эътибор қаратганмиз,-дейди биз билан суҳбатда “Наргизабону Расулова” фермер хўжалиги раҳбари Носиржон Расулов. –Бугунги масъулиятли паллада механизаторлар деҳқоннинг ёнида туриши, тупроқ етилиши билан қатор ораларига культиваторни кечиктирмасдан киритиши жоиз. Ана шунда ўсимликнинг озиқланиш тизими яхшиланади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ғўза ўсув даврида ўғитланса, озуқа моддалари билан етарли даражада таъминланиб, унга мадор бағишлайди. Минерал ўғитларни ғўза яхши ўзлаштириши учун озиқ моддалар илдиз ўсиш қатламига яқин солиниши зарур. Мазкур агротадбирни ривожланишдан орқада қолаётган ғўзаларда қўллаш чоғида органик ҳамда минерал ўғитлар аралашмаларидан фойдаланилса, янада яхши самара бериб, унинг ривожини тезлаштиради.

- Ҳозирда туманда 1477 гектарда 1-2 та кўсак, 1522 гектарда 3-4 та кўсак ва 1005 гектар майдондаги ғўзалар 5-6 тадан кўсак тугди.

Ғўза майдонларида агротехник тадбирларнинг белгиланган муддат ҳамда талаблар асосида ўтказилиши инспекция мутахассислари томонидан доимий равишда мониторинг қилиб бориляпти,- дейди “Ўзагроинспекциянинг туман бўлими бошлиғи ўринбосари Зуҳриддин Зокиров.- Ушбу агротехник тадбирларни амалга оширишда сусткашликка йўл қўйган, белгиланган талабларни бажармаганлик ҳолатлари аниқланганда уларни жойида бартараф этишга кўмаклашилмоқда. Шу билан бирга масъулларга нисбатан тегишли тартибда кўрсатма ва огоҳлантиришлар бериляпти

И. Мусаев, “Ўзагроинспекциянинг Наманган вилоят бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар шўбаси бош инспектори

Text to speech