Лазерли ер текислаш - бу маълум бир сирт устида қирғичнинг баландлигини бошқарадиган лазер нурлари ёрдамида юқори аниқликдаги топографик майдоннинг бир хиллигига эришиш технологиясидир.
Ушбу технологияни амалиётга кенг жорий этиш мақсадида охирги 2-3 йилда мамлакатимизда қатор қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди.
Хусусан, Президентнинг 2023 йил 26 январидаги ПҚ-23-сонли қарорида 2023 йилдан бошлаб, хориждан олиб келинган ва республикамизда ишлаб чиқарилган лазерли қурилмага эга автоматлаштирилган ер текислагич агрегатларини сотиб олган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига ер текислагич агрегатлари қийматининг 30 фоизи Давлат бюджетидан қоплаб берилиши белгиланган.
Давлатимиз томонидан лазерли ер текислагичлар сотиб олишга берилаётган имтиёзлар натижасида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида фермер хўжаликлари ва кластер корхоналари томонидан 912 дона янги замонавий лазерли ер текислагичлар харид қилинди ва ушбу техникалар белгиланган тартибда давлат рўйхатига олинди.
Бугунги кунда давлат рўйхатига олинган замонавий ресурс тежамкор лазерли ер текислагичлар сони 2 минг донадан ортади.
Маълумот учун 2017 йилда мамлакатимизда лазерли ер текислагичлар сони атига 127 донани ташкил этган.