Ру Ўз O`z En

Инспекция билимдонлари "Заковат"нинг вилоят босқичида беллашдилар

22 Февраль 2024 1838

Инспекциянинг туман бўлимлари ходимларидан иборат жамоалар ўртасида ташкил этилган “Заковат” интеллектуал ўйининг биринчи (ҳудудий) босқичида 150 та тумандан 600 нафар ходимлар иштирок этди. Жамоалар қизғин баҳслар давомида уюшқоқлик билан ўз билим ва салоҳиятини намоён этдилар. 

Иқтидорли ёшларнинг мантиқий билимларини ошириш, уларни саралаш ва интеллектуал ўйинларга кенг жалб қилиш, ушбу ўйинлар ташкил қилинишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва зарур шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, аҳолининг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш мақсадида 2022 йил 20 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "«Заковат» интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори қабул қилинган эди.

Натижада, интеллектуал ўйинларни нафақат ёшлар, балки аҳолининг барча қатламлари ўртасида тарғиб қилиш, ушбу ўйинларни оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш бўйича чора-тадбирларни белгилаб олиш ва амалга ошириш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, бугунги кунда "Заковат" билимлар беллашуви ҳар бир давлат органи ва ташкилотларида ўтказилиши анъанавий тус олди.

Худди шундай тадбирлардан бири куни-кеча 21 февраль куни "Ўзгароинспекция"нинг вилоят бошқармаларида ҳам ташкил этилди.

Биринчи босқич натижаларига кўра, Инспекциянинг республика бўйича жами 13 та туман бўлимлари (жамоалари) жорий йилнинг 28 февраль куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган финал босқичида иштирок этиш учун йўлланма олдилар. 

"Ўзагроинспекция" Ахборот хизмати

Text to speech