Мамлакатимизда жисмоний шахслар ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш тизими босқичма-босқич ислоҳ қилиниб, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яратиш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида 70 дан зиёд давлат хизматлари соддалаштирилди, давлат хизматлари марказлари томонидан қамраб олинган хизматларни кўрсатиш муддати ва талаб этиладиган ҳужжатлар сони ўртача икки баробарга қисқартирилди.
Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича ишларни жадаллаштириш, сифатли давлат хизматлари кўрсатишни таъминлаш мақсадида турли тоифадаги давлат хизматлари кўрсатиш тизимини рақамлаштириш жараёнини уйғунлаштириш белгиланди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 16 декабрдаги “Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини сертификатлаш ва навдорлигини баҳолаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишни такомиллаштириш тўғрисида”ги 712-сонли қарорининг қабул қилиниши қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштирувчиларга бир қатор қулайликлар яратишни назарда тутади.
Мазкур қарор билан қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини сертификатлаш, уруғлик пахта чигитини услубий таҳлил қилиш ва тупроқда нав тозалигини баҳолаш, донли экинлар уруғларини услубий таҳлил қилиш ва тупроқда нав тозалигини баҳолаш, уруғлар, дуккакли, мойли экинлар ва бошқа дон экинларини қайта ишлашни сертификатлаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентлари тасдиқланди.
Эндиликда, қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини сертификатлаш ва навдорлигини баҳолаш бўйича давлат хизматлари кўрсатадиган ташкилот ва идораларнинг Ягона интерактив давлат хизматлари порталига (ЯИДХП) уланиши таъминланади ва ЯИДХП орқали давлат хизматлари кўрсатилишининг ҳар бир босқичида мурожаатларнинг кўриб чиқилиши кузатиб борилади. Яъни, ариза берувчининг Давлат хизматлари маркази, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали юборган ёки Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг сертификатлаштириш органига берган мурожаати ёки сўровномаси асосида маҳсулотлар "Ўзагроинспекция" томонидан сертификатлаштириб борилади.
Бу борада мазкур қарор билан тегишли вазирлик ва идораларга топшириқлар берилган бўлиб, уч ойлик муддатда ушбу тизимнинг тўлиқ ишлашини таъминлаш белгиланди.
Н.Исмаилов - "Ўзагроинспекция", Уруғлик пахта хом-ашёси чигити етиштирилишини назорат қилиш бўлими бошлиғи
М.Курбанбаев –"Ўзагроинспекция", Қишлоқ хўжалик экинлари уруғлари етиштирилишини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи.