Тошкент вилоятида жорий йилда 123 минг гектар майдонларда кузги бошоқли дон экинлари парвариш қилинаётган бўлиб, ҳозирги вақтда экилган ғаллалар тўлиқ туплаш фазасида ривожланмоқда.
Ғалладан юқори дон ҳосили етиштиришда азотли ва маҳаллий ўғитлар билан озиқлантириш катта аҳамиятга эга, кузги буғдой ривожланишнинг дастлабки фазасидан бошлаб, барча ривожланиш фазаларида азотга эҳтиёж сезади.
Бугунги кунда вилоятнинг барча туманларида ғаллачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари томонидан ғаллани баҳорги биринчи озиқлантириш ишлари уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда.
Жумладан, вилоят туманларида парвариш қилинаётган 123 минг гектар ғалла майдонларининг 104 минг 309 гектари ёки 85 фоиз қисмида озиқлантириш ишлари якунланиб, мазкур агротехник тадбирларни амалга ошириш учун 20 минг тоннадан ортиқ азотли минерал ўғитлар сарфланди.
Шу билан бирга, ернинг унумдорлиги ва ҳосилдорликни янада ошириш мақсадида ғалла майдонларига маҳаллий ўғит жамғариш ишлари ҳам жадаллик билан олиб борилмоқда.
Хусусан, февраль ойи учун ғалла майдонларига гектарига 3 тоннадан маҳаллий ўғит чиқариш ишларининг бориши Инспекция ходимлари томонидан назоратга олинган.
Ушбу ишларнинг ўз вақтида сифатли ҳамда агротехник талабларга риоя қилган ҳолда бажарилиши юзасидан Инспекциянинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан доимий назорат ўрнатилган бўлиб, камчиликка йўл қўйган тегишли ташкилот, ғаллачилик кластерлари ва фермер хўжаликларига ваколат доирасида таъсир чоралари кўрилмоқда.
Хусусан, аниқланган камчиликлар юзасидан туман ҳокимликларига 15 та тақдимнома, кластерларга 275 та ёзма кўрсатма ва фермер хўжаликларига 2 минг 314 та огоҳлантиришлар берилди ҳамда берилган тақдимнома, ёзма кўрсатма ва огоҳномада кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш бўйича назорат ишлари олиб борилмоқда.
"Ўзагроинспекция"нинг Тошкент вилояти бошқармаси