Янги йил байрами ўзгача кайфиятда кутиладиган байрам. Унинг мўъжизакорлиги кўнгилларга кўтаринки руҳ, завқу-шавқ улашишидир. Каттаю кичикнинг Янги йил совғаларини орзиқиб кутиши ҳам одатга айланган. “Ўзагроинспекция”нинг Навоий вилоят бошқармасида бошқарма ҳамда туман бўлими ходимларига байрам совғаларини улашиш тадбири барчага янада кўтаринкилик, хурсандчилик бағишлади.
Бошқарма касаба уюшмаси томонидан уюштирилган мазкур тадбир ходимларни маънавий ва моддий қўллаб-қувватлагани билан эътиборга молик бўлди.
- Ходимларнинг байрамона руҳда бўлиши уларнинг ишчанлиги, ғайратини мустаҳкамлайди, - дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси касаба уюшмаси раиси Меҳриддин Воҳидов. – Шуни назардан қочирмаган ҳолда Янги йилни муносиб кутиб олиш учун ҳаракат қилдик. Ходимларга байрам дастурхони учун озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилиб, Янги йил совғаси улашилди. Мақсадимиз агроинспекция ходимларига байрам қувончини ҳадя этиш эди. Ана шу ниятимизга етганимиздан мамнунмиз.
Шунингдек, ходимларнинг байрам дастурхони учун зарур маҳсулот бўлган гўшт харид қилиш учун бозорга боришига ҳам эҳтиёж қолмади. Бошқарма ҳовлисидаги байрам арчаси ёнида ташкил этилган кичик савдо растасидан бошқарма ва туман бўлимлари ходимлари мамнун бўлиб фойдаланишди.
- Байрам совғалари нафақат бизни, оиламиз аъзолари, фарзандларимизни ҳам қувонтирди, - дейди Инспекциянинг Нурота туман бўлими иш юритувчиси Гулмира Ҳамдамова. – Бу кўтаринки кайфият келгуси йилда янада шижоат ва ғайрат билан ишлашимизга ёрдам беради. Барча юртдошларимизга келаётган Янги 2021 йил омад ва бахтга тўла бўлишини тилайман.
Бир сўз билан айтганда, бошқармада бўлиб ўтган Янги йил совғалари топширилиши тадбири ҳар бир ходим учун таассуротларга бой ва завқли бўлди.
“Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси Ахборот хизмати