Соя экини - ўзига хос хусусиятлари билан бошқа қишлоқ хўжалиги экинларидан ажралиб турувчи ноёб ўсимлик турларидан бири ҳисобланади. Унинг дони таркибида 50% оқсил, 28% гача мой борлиги олимлар томонидан илмий исботланган бўлиб, соядан халқ хўжалигида 400 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
Шунингдек, соянинг саноатни ривожлантиришдаги роли ниҳоятда катта ҳисобланади. Соядан ёғ, совун, лак-бўёқ, плёнка ишлаб чиқаришда, кимё, тўқимачилик саноатида кенг фойдаланилади. Соя хашаги чорва молари учун тўйимли озуқа ҳисобланиб, маҳсулотнинг қийматини янада оширишга хизмат қилади. Энг аҳамиятлиси, инсон учун зарур бўлган оқсил моддаларнинu 55 фоизи ана шу ўсимлик туридан олинар экан. Эҳтимол, шу сабаб у қимматбаҳо ўсимликлар қаторига киритилган.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда Республикамизда ноанъанавий қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш ва етиштиришга бўлган эътибор кучайиб бормоқда. Статистик рақамларга кўра, 2017 йили илк маротаба мамлакат бўйлаб 12 минг гектардан ортиқ майдонга соя экилиб, ушбу экилган майдонлардан 14 минг тонна соя дони етиштирилиб, хом ашёни қайта ишлаш ҳисобига аҳолига 2 минг тоннадан ортиқ соя ёғи, паррандачилик корхоналарига 10 минг тонна юқори озуқали соя шроти етказиб берилган. Бироқ мамлакатимизнинг тупроқ ва иқлим шароитини ҳисобга олинса, янада кўпроқ натижаларга эришиш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги «2017 - 2021 йилларда республикада соя экишни кўпайтириш ва соя дуккакли экинларини ўстиришни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2832-сон қарори қабул қилиниб, тармоқни ривожлантириш бўйича ҳуқуқий асослари белгилаб берилди.
Жорий йилнинг 4 мартида “Мавжуд ер майдонларидан самаради фойдаланиш ва 2021 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш тўғрисида”ги ҳукумат қарори қабул қилиниб, унга асосан жорий йил ҳосили учун вилоятда, асосий майдонларнинг 10 минг гектарида соя етиштириш белгилаб олинди.
Соя экиш ишлари вилоят туманларида аллақачон бошлаб юборилган бўлиб, мавсум давомидан бугунги кунга қадар жами 5003 гектар майдонга, 50 фоиз экиш ишлари амалга оширди. Соя экиш ишларига 90 дан зиёд юқори унумли экиш сеялкалари жалб этилган бўлиб, экиш ишларини ўз вақтида ва сифатли якунлаш бўйича, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Жиззах вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари инспекторлари томонидан назорат қилиб борилмоқда.
-Дон корхоналари ва кластерлар, фермер хўжаликлари майдонларига экиш учун талаб этиладиган уруғликларни ўз вақтида таъминлаб бермоқда, - дейди Инспекциянинг вилоят бошқармаси бош инспектори Ў.Қаршибоев. - Соянинг «ЎЗБЕК–6», “ПАРВОЗ”, “НАФИС”, «ЎЗБЕК–2», «ДЎСТЛИК», «ОРЗУ», «БАРАКА», «ОЙЖАМОЛ», «ТЎМАРИС –ММАн-60», «УСТОЗ –ММАн-60» навлари мавжуд бўлиб, бугунги кунда давлат реестрига киритилган “Арлота” R-1 навли уруғлиги фермер хўжаликларига етказиб берилмоқда.
Соядан ташқари, кунжут ва кунгабоқар ўсимликларини экиш ишлари ҳам алоҳида эътиборга олинган. Кунгабоқар ўсимлиги ҳам жаҳонда энг кўп тарқалган мойли экинлар турларидан саналади. Бугунги кунда вилоятда 2 минг 900 гектар майдонда кунгабоқар ва 835 гектар майдонда кунжут ўсимликларини экиш режалаштирилган бўлиб, мазкур майдонларга экилиши лозим бўлган режа тўлиқ бажарилиши таъминланган.
Мойли экинларнинг экилиши биринчидан аҳолининг асосий озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб ва эҳтиёжини қондиришга ёрдам берса, иккинчидан нарҳ-наволар тенденциясининг пасайишида муҳим аҳамият касб этади. Қолаверса, саноат учун зарур бўлган қимматбаҳо хом-ашёнинг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
“Ўзагроинспекция”нинг Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати