Ру Ўз O`z En

Жорий йилда Самарқандда 155 гектардан зиёд иқтисодий самарасиз боғлар бузилади

2 Февраль 2021 1970

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 декабрдаги “Иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ва токзорларни яроқсиз деб топиш тартиби тўғрисида”ги қарори ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан назорат тадбирлари амалга оширилмоқда.

Кам ҳосил берувчи, иқтисодий жиҳатдан самарасиз боғ ва токзорлар ўрнида интенсив боғ ва токзорлар барпо қилиш ёки уларни ҳайдаладиган ерлар тоифасига ўтказиш ҳамда экспортбоп бўлган сердаромад қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш чоралари кўрилмоқда. Вилоят инспекциясида ташкил этилган ишчи гуруҳ хулосасига кўра, яроқсиз деб топилган кам ҳосил берадиган боғ ва токзорлар ўрнида интенсив боғ ва токзорлар барпо қилиш бўйича барча туман инспекторлари томонидан қатъий назорат ўрнатилмоқда.

Жорий йилда вилоятда иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берувчи 155,5 гектар боғ бузилиши режалаштирилиб, шундан, 140,5 гектар иқтисодий жиҳатдан самарасиз, 15 гектар яроқсиз деб топилган боғлар ҳисобланади. Жумладан, Пастдарғом туманида - 100 гектар, Каттақўрғонда - 21,6 гектар ва Булунғур туманида - 15 гектар самарасиз боғлар бузилиши белгиланган.

Ушбу бузилган боғлар ўрнидаги майдонлар нима бўлади, деган савол туғилиши табиий. Бу борада вилоятда 2021 йилга мўлжалланган лойиҳалар тасдиқланган бўлиб, унга кўра, иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берувчи боғлар ўрнида 130 гектар интенсив боғ ва экспортбоп маҳсулотларни кўпайтириш борасида 3 гектар гилос, Каттақўрғон туманида 7 гектар майдонда ёнғоқ ва 5,7 гектар олча, Қўшработда 7 гектар ва Пахтачи туманида 2,4 гектар меваси экспортбоп бўлган ўрикзорларни барпо этилиши режалаштирилган.

Мухтасар қилиб айтганда, иқтисодий жиҳатдан самарасиз бўлган боғлар ўрнида, замонавий технологиялар асосида, интенсив боғлар барпо этилади ҳамда уларнинг аксарият қисмида сув тежовчи технологияларни жорий этиш юзасидан амалий ишлар бошлаб юборилган.

Буларнинг барчаси, келгусида экспортбоп ва сердаромад қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш эвазига, аҳолининг арзон ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлашга хизмат қилади.

“Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

 

Text to speech