Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мева-сабзавотчилик ва узумчилик тармоғини янада ривожлантириш, соҳада қўшилган қиймат занжирини яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-4549-сон қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда 2021 йилда барпо этиладиган интенсив боғ ва токзорларни жойларда барпо этиш лойиҳаларини ўз муддатларида амалга ошириш белгиланган.
“Ўзагроинспекция”нинг Сирдарё вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан вилоятда боғдорчилик ва узумчиликни ривожлантириш йўналишида амалга оширилаётган ишлар доимий назоратга олинган бўлиб, бугунги кунда кўчат экиш учун ер тайёрлаш ва кўчатларни экиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.
Вилоят бўйича 2021 йилда жами 2235 гектарга янгидан боғ ва токзорлар барпо қилинади. Шундан, 1761 гектар майдонларда боғ ва 474 гектар майдонда токзорлар барпо этилиши режалаштирилган.
Бугунги кунда 1785 гектар ер майдонлари кўчатлар экишга тайёрланган, 965 гектар майдонларда эса кўчатлар экилган бўлиб, шундан 761 гектар майдонда янги интенсив боғ ва 204 гектар майдонларда токзорлар барпо этилганлиги бунинг яққол исботидир.
Жумладан, Боёвут туманида 45 гектар, Гулистонда 35 гектар, Мирзаободда 10 гектар, Оқолтинда 26 гектар, Сайхунободда 33 гектар, Сирдарёда 29 гектар, Сардоба туманида 952 гектар майдонда янгидан интенсив усулда боғ экиш режалаштирилган бўлиб, амалда 272 гектар боғ барпо этилди, шунингдек Ховос туманида 391 гектар майдонда янгидан интенсив усулда боғ экиш режалаштирилган бўлиб, амалда 310 гектар майдонларда мевали дарахтлар кўчатлари экиш ишлари амалга оширилганлиги аниқланган.
Бундан ташқари, экилиши режалаштирилган 474 гектар токзорлардан бугунги кунда 274 гектар майдонларда ток кўчатлари экиш учун ер тайёрланиб, 204 гектар майдонларда кўчатлар экилганлиги аниқланган.
“Ўзагроинспекция”нинг Сирдарё вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан, бу борада амалга оширилаётган ишлар доимий назоратга олиниб, янгидан интенсив усулда ташкил этаётган фермер хўжаликларига, кластер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига мунтазам равишда амалий ёрдам ва кўрсатмалар бериб келинмоқда.
А. Хамиджонов,“Ўзагроинспекция” Сирдарё вилоят бошқармаси Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштирилиши ва таъминотини назорат қилиш бўлими катта инспектори.