Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 1 апрелдаги “Тошкент вилоятида замонавий картошкачилик кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги 193-сон қарори ижроси Инспекциянинг Кўчатлар, мева-сабзавот ва полиз қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштирилишини назорат қилиш бўлими ва Тошкент вилояти бошқармаси томонидан назоратга олинган.
Бугунги кунга келиб, “Bo’stonliq Kartoshkachilik Markazi” МЧЖ ҚК томонидан жами 2099 тонна, шу жумладан 910 тонна элита ва 1189 тонна R-1 авлодига мансуб уруғлик картошка захираси яратилди.
Шунингдек, уруғчилик соҳасини ривожлантириш борасида “Sof tabiat agro” ва “Ўсимликлар технологияси” масъулияти чекланган жамиятлари билан ҳамкорликда замонавий лаборатория қуриш ишлари олиб борилмоқда.
Ушбу лабораторияда маҳаллий тупроқ-иқлим шароитига мослашган юқори ҳосилдорликка эга бўлган уруғлик картошка етиштириш ҳамда Агрокластерда “in vitro” лабораторияси ташкил этилиб, келгусида вируссиз “Супер элита” ва “Элита” авлодларига мансуб уруғлик картошка яратиш режалаштирилган. Мазкур лаборатория иш фаолияти тўлиқ йўлга қўйилганидан сўнг Республикада йилига 4 миллион донагача микротуганаклар етиштириш имконияти пайдо бўлади.
Қолаверса, уруғчилик соҳаси бўйича дунёда етакчи бўлган Голландиянинг “Agriko” ва “HZPC” компаниялари мутахассислари билан ҳамкорликда илмий изланишлар олиб бориш ҳам кўзда тутилган.
Айни вақтда хорижий инвесторлар томонидан “Bo’stonliq Kartoshkachilik Markazi” МЧЖ негизида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кластер усулида ишлаб чиқаришни жорий этиш бўйича қизиқиш билдирилиб, умумий лойиҳа қиймати 14,8 млн. АҚШ доллари бўлган “Агросаноат логистика маркази” барпо этиш учун 10,0 млн. АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар киритилди ҳамда “Bo’stonliq Kartoshkachilik Markazi” МЧЖ ҚК қўшма корхонаси этиб қайта рўйхатдан ўтказилди.
Хусусан, 30 минг тоннагача картошка маҳсулотларини сақлаш қувватига эга замонавий “Агросаноат логистика маркази” барпо этиш ҳамда соатига 25 тонна картошкани саралаш ва қадоқлаш линиясини, 1200 га майдонда картошка етиштиришга мўлжалланган махсус картошка экиш, ўстириш, йиғиб олувчи ва логистикасини таъминловчи техника ва ускуналарни ишга туширилиши бўйича ишлар давом эттирилмоқда.
Бундан ташқари, Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида фаолият олиб бораётган “Solanuz” масъулияти чекланган жамияти томонидан янги инновацион техника ва технологияларни жорий қилган ҳолда истеъмол картошкасидан юқори ҳосилдорликка эришиш орқали унинг таннархини тушириш билан бир қаторда картошкани чуқур қайта ишлаш, экспорт потенциали юқори бўлган фри картошкаси ва картошка кукуни (қуритилган пюре) кўринишидаги йиллик қуввати 18 минг тонна тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш заводи ишга туширилиб, фаолият юритиб келмоқда. Натижада жорий йилда 24,1 минг АҚШ доллари миқдорига тенг бўлган маҳсулотлар ички бозор ва четга экспортга чиқарилган.