Ру Ўз O`z En

ЛАЛМИКОР МАЙДОНЛАРГА ЭКИЛИШИ БЕЛГИЛАНГАН НАВЛАР, УЛАРНИНГ ТАВСИФИ ВА АГРОТЕХНИК ТАДБИРЛАР

28 Октябрь 2020 9770

Лалмикор деҳқончилик суғорилмайдиган ерлардан фойдаланиш тизимидир. Республикада лалмикор деҳқончилик билан текислик, қир-адирлик, тоғолди ва тоғ этакларидаги ён бағирликларда шуғулланилади. Қадимдан мамлакатимизнинг лалмикор ерларида буғдой ва арпа етиштирилган.

Бошоқли дон экинлари озиқ-овқат саноатида кўп ишлатилиши ва бошқа экинларга нисбатан барқарор ҳосил беришини ҳисобга олиб республикамизнинг табиий иқлим шароитига келиб чиққан ҳолда лалми майдонларда етиштириладиган доннинг асосий салмоғини юмшоқ буғдой навлари ташкил қилади.

Табиийки, ғалла экинлари навларининг тўғри танлаш, жойлаштириш ва агротехникасига қатъий риоя қилган ҳолда сифатли уруғлардан фойдаланилса юқори ҳосилдорликга эширилади. Аксинча, навлар нотўғри танланиб экиш учун сифатсиз уруғдан фойдаланилса ҳосилдорликнинг 30-40% ва ундан ҳам юқори ҳосилни йўқотиш мумкин.

Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 сентябрдаги “2021 йилда бошоқли дон етиштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги 546-сон қарорига асосан Республика ҳудудларининг 185 минг 795 гектар лалмикор майдонларига 2021 йил ҳосили учун серҳосил, сифат кўрсаткичлари юқори бўлган кузги бошоқли дон экинларини навлар бўйича жойлаштиришнинг прогноз кўрсаткичларига белгиланган.

 

Лалмикор майдонларда ғалланинг агротехник тадбирлари

Экиш муддати. Кузги буғдойнинг оптимал экиш муддати минтақаларининг географик жойлашишига, кузги об-ҳаво шароитига боғлиқ бўлиб лалмикорликнинг тоғолди ва тоғли, нам билан таъминланган минтақаларида оптимал экиш муддати сентябрь ойининг иккинчи ярми ва октябрь ойининг биринчи ўн кунлигига, қир-адирлик ва текислик минтақаларида ноябрь ойининг биринчи ўн кунлигига ва ҳатто декабрда ойларига ҳам тўғри келади. Уруғларни эрта кузда қуриб қолган тупроққа экиш яхши натижа бермайди. Шунинг учун кузги буғдой минтақа об-ҳаво шароитига қараб ёғингарчиликлар яқинлашиб қолганда ёки ёғингарчиликлардан кейин экилса яхши самара беради.

Экиш меъёри. Ҳозирги пайтда лалмикорликда минтақалар бўйича кузги буғдой уруғларини экиш меъёрлари текислик минтақасида гектарига 2,0 млн. дона (85-90 кг/га), қир-адирлик минтақасида гектарига 2,5 млн. (100-110 кг/га), тоғолди минтақасида гектарига 2,5-3,0 млн. (110-120 кг/га), тоғли минтақасида гектарига 3,0-3,5 млн. (120 кг/га ва ундан юқори) дона унувчан уруғ ҳисобида белгиланган.

Уруғларни экиш чуқурлиги. Лалмикорликда кузги юмшоқ буғдой уруғлари 3-7 см гача чуқурликда экилади. Уруғлар жуда чуқур экилса, уруғнинг бўртиши ва униб чиқиши учун нам етишмайди, моғор замбуруғи билан зарарланади, унувчанлиги пасаяди ва ҳосилдорлик камаяди. Уруғларни кўмиш чуқурлиги уруғликнинг йириклигига, экиш муддатига, ўтмишдошга, тупроқнинг намлигига етиштирадиган минтақага боғлиқ бўлади.

Кузги буғдой кечки муддатларда, ноябр-декабр ойларида, тупроқда етарли нам бўлганда ҳамда тоза шудгорга уруғларни 5-6 см чуқурликка экиш мумкин. Тоғли минтақада уруғлар 5-7 см чуқурликка экилади.

Ғалла экинларини озиқлантириш. Лалмикор майдонларда бошоқли дон экинларини уларнинг биологик хусусиятларини, тупроқ унумдорлигини ва об-ҳаво шароитларини ҳисобга олган ҳолда озиқлантириш ҳар бир гектардан қўшимча 3-5 центнер ва ундан ҳам кўпроқ ҳосил етиштиришни таъминлайди.

Лалмикор ерларда минерал ўғитларини қўллашнинг мақбул йиллик меъёри нам билан ярим таъминланган ҳудудларда фосфор соф ҳолда 40 кг/га, тоғолди ва тоғли минтақаларда бу меъёр тегишлича 50 кг/га ни, азотли ўғитлар меъёри эса 60 кг/га ни ташкил этиши лозим. Бундан ташқари ёғингарчилик кам бўлган йиллари ғалла майдонларини суспензия билан озиқлантириш ҳам ҳосилдорликнинг сезиларли ошишига олиб келади.

Шуни таъкидлаш лозимки, ёғин-сочин билан таъминламаган текислик лалмикор ҳудудларда аксарият йилларда озиқлантириш кутилган натижани бермайди. Бу майдонларда ёғингарчилик миқдори 300-350 мм ни ташкил этган йиллардагина кузги ғалла экинларини таъсир этувчи модда ҳисобида (соф ҳолда) фосфорли ўғитлар гектарига 60 кг, азотли ўғитлар эса 60-90 кг (карбамид ва аммиакли селитра ҳолида) миқдорда озиқлантириш мақсадга мувофиқ бўлади. Лалмикор майдонларда минерал ва маҳаллий ўғитларнинг самарадорлиги тупроқ унумдорлиги, унинг ювилганлик даражасига ва ёғин-сочин миқдорига боғлиқ.

Ўсимликларни ҳимоя қилиш. Лалмикор майдонларда бегона ўтларни камайтиришда, тупроқдаги намликни сақлаб қолишда муҳим аҳамиятга эга агротехнологик тадбирлардан бири бороналашдир. Бу тадбирни ёғин-сочин кам бўладиган қуйи лалмикор ерларда март, ярим таъминланган қир-адирлик майдонларда март-апрел, тоғолди ерларда эса май ойининг биринчи ўн кунлигида бажариш лозим.

Касалликлари. Юмшоқ буғдойнинг қаттиқ қоракуя, чанг қоракуя, сариқ занг, қўнғир занг, илдиз чириш, ун шудринг ва септориоз касалликлари энг зарарли ҳисобланади.

Ўзбекистонда замбуруғли касалликлар (занг, уншудринг, қоракуя) ғалла экинларининг ҳосилдорлиги ва сифатини пасайтирувчи асосий сабаблардан бири ҳисобланади. Замбуруғли касалликлар буғдой ўсимликларида ҳосилнинг 30% ва ундан ортиқ йўқотилишига сабаб бўлади. Марказий Осиёда юмшоқ буғдой ўсимлиги асосан, сариқ занг (Puccinia striiformis West f. sp. tritisi et Henn) ва қўнғир занг (Puccinia reconditа f. sp. tritici ) касалликлари билан кўпроқ зарарланади.

Ёғингарчилик кўп бўлган йиллари сариқ ва қўнғир занг касалликлари кенг тарқалиб, юмшоқ буғдой ўсимлигини кучли зарарлайди. Лалмикорликнинг тоғолди ва тоғли минтақаларида экиладиган юмшоқ буғдой навларининг айрим йиллари сариқ занг касаллиги билан зарарланиши 60-90% гача етган, бу дон ҳосилдорлигининг 30-50% ва ундан кўп йўқолишига олиб келган.

Шу сабабли, нам билан таъминланмаган текислик ва ярим таъминланган қир-адирлик минтақаларда экиш учун юмшоқ буғдойнинг Тезпишар, Кўкбулоқ, Санзар-6, Оқ буғдой, Красноводападская-210, Бахмал-97 навлари, тоғолди ва тоғли минтақаларда экиш учун юмшоқ буғдойнинг Истиқлол-6, Бахмал-97, Сўғдиёна, Оқ буғдой, Сурхак-5688 ва бошқа навлар тавсия этилади.

 

Лалмикор майдонларда экиладиган кузги юмшоқ буғдой

навларнинг агробиологик тавсифи

«Тезпишар» нави - Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти Ғаллаорол илмий-тажриба станциясида Безостая-I х Грекум-646 навларидан чатиштириб олинган дуругай комбинациясидан якка танлаш йўли билан яратилган.

Биологик тавсифи. Нав эритроспермум (Erythrospermum) тур хилига мансуб, биологик ҳаёт тарзи ярим кузги. Бошоғи қилтиқли, цилиндрик шаклда, бошоқ учки қисми бироз торайган, ўртача бошоқ узунлиги (8-10 см), бошоқ ранги оқ, туксиз, бошоқчалар зич жойлашган, бошоқдаги қилтиқ ўртача тарқоқ, дағал, тарвақайланмаган, қилтиқ узунлиги бошоқ билан тенг ёки бироз калта, тўкилмайди, дон янчилиши ўртача. Бошоқ қипиғи узунчоқ тухумсимон, туксиз, елкаси тўғри.

Дони овал, тухумсимон шаклда, ўртача йирикликда, дондаги чуқурча ботиқ эмас, ялтироқ. Дони қизил рангда, пишиб етилгач тўкилишга мойил эмас. 1000 дона дон вазни 35-42 г, дон ҳажми 815 г/л ни ташкил этади.

Агробиологик тавсифи. Ўсимлик бўйи 90-115 см, тик ўсувчи, ётиб қолишга чидамлилиги 4,5-5,0 балл, совуққа ва иссиққа чидамли, тезпишар нав. Қўнғир занг ва чанг қоракуя касалликларига чидамли, сариқ занг ва қаттиқ қоракуя касаллигига ўртача чидамли.

Ун ва нон технологик кўрсаткичлари 4,1 балл, қимматбаҳо навга мансуб, турли лалми минтақаларда ҳосилдорлиги ўртача 15,0 ц/га, энг юқори ҳосилдорлик 31,5 ц/га ни ташкил этади. Лалмикорликнинг текислик ва қир-адирлик минтақалари учун мослашган.

Экиш муддати ва меъёри. Об-ҳавонинг ўзгаришига қараб октябрь-февраль ойларида экилади. Текислик ва қир-адирлик минтақалар учун гектарига 2,5 млн. дона унувчан уруғ ҳисобида.

Озиқлантириш. Экиш олдидан гектарига соф ҳолда 40-45 кг фосфорли, азотли ўғит билан баҳорги озиқлантиришнинг мақбул муддати феврал ойининг охири, март ойининг биринчи ўн кунлиги бўлиб, 40-50 кг/га меъёрда ўғитланиши зарур.

«Тезпишар» нави республиканинг Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё ва Самарқанд вилоятлари лалмикор майдонларининг текислик ва қир-адирлик минтақалари учун 1980 йилда районлаштирилган.

«Санзар-6» нави - Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти Ғаллаорол илмий-тажриба станциясида Америкадан келтирилган «Ред-Ривер-68» х «Ранная-12» нави билан чатиштириб олинган дурагайдан якка танлаш йўли билан яратилган.

Биологик тавсифи. Тур хили Эритроспермум (Erythrospermum). Биологик ҳаёт тарзи ярим кузги. Бошоғи оқ рангда, қилтиқли, қилтиғи бироз тарқоқ, призмасимон, узунлиги 9-11 см, бошоқчалари ўртача зич жойлашган, туксиз, қилтиқлари узунлиги 5-6 см. Дони қизил, тухумсимон, чўзинчоқ, йирик, дон ариқчаси ўртача чуқурликда, ялтироқ, 1000 дона дон вазни 37-50 г. Дон ҳажми 812-829 г/л, дон таркибида оқсил миқдори 15,3% ни ташкил этади. Клейковина миқдори 32,9%, нон ёпилишининг умумий сифат баҳоси 4,2 балл ни ташкил этади.

Агробиологик тавсифи. Ўсимликнинг бўйи 85-100 см, пояси мустаҳкам, ётиб қолишга чидамли, сариқ занг касаллигига ўртача чидамли, қаттиқ қора куя ва чанг қоракуя касалликларига, совуққа ва қурғоқчиликка бардошли. Ҳосилдорлиги ўртача 21,0-25,0 ц/га. Энг юқори ҳосилдорлиги 31,5 ц/га ни ташкил этади.

Экиш муддати ва меъёри. Мақбул экиш муддати октябр ойининг биринчи ва иккинчи ўн кунлиги ҳисобланади. Гектарига 3,0-3,5 млн. дона унувчан уруғ ҳисобида экилади.

Озиқлантириш. Экиш олдидан гектарига соф ҳолда қир-адирлик минтақасида 40-45 кг/га, тоғолди ва тоғли минтақаларда 50-55 кг/га фосфорли ўғитлар берилиши зарур. Азотли ўғит билан баҳорги озиқлантириш қир-адирлик минтақада феврал ойининг охири, март ойининг биринчи ўн кунлигида 40 кг/га меъёрда, тоғолди, тоғли минтақаларда апрел-май ойларида 50 га/кг меъёрда берилиши зарур.

«Санзар-6» нави республиканинг Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Қашқадарё вилоятлари бўйича лалмикор майдонларда кузги муддатларда экиш учун 1991 йилдан бошлаб Қишлоқ хўжалик экинлари Давлат реестрига киритилган.

«Оқ буғдой» нави - Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти Ғаллаорол илмий-тажриба станциясида Қизил-Шарқ х Верлд Сидз-1877 навларининг чатиштириб олинган дурагай комбинациясидан якка танлаш усули билан яратилган.

Биологик тавсифи. Тур хили грекум (greacum), биологик ҳаёт тарзи дуварак (икки фаслли). Бошоғи оқ, туксиз, бошоқ узунлиги 12-15 см, овалсимон, қилтиқли, ранги оқ, дағал, қилтиғи тарвақайлаган, бошоққа нисбатан тенг ёки узун, бошоқчалар қипиғи овалсимон, елкали, чизиқчалари аниқ кўринади, бошоқчасидаги қипиқ тишчалари узун, дони оқ сариқ рангда, йирик, 1000 дона дон вазни 45,3-51,4 г, дон ҳажм оғирлиги 795 г/л ни ташкил этади, ўртапишар нав, бошоғи қийин майдаланади.

Агробиологик тавсифи. Ётиб қолишга, қурғоқчиликка чидамли, совуққа, иссиққа ўртача чидамли. Сариқ, қўнғир занг ва қаттиқ қоракуя касалликлари билан кучсиз зарарланади. Уни юқори сифатли, нонбоп, донинннг таркибида 14-18% оқсил, 28-41% клейковина мавжуд, дони шишасимон ялтироқ. Лалмикор майдонларда кузда экилганда 17-25 ц/га, баҳор ойларида экилганда 12-15 ц/га ҳосил беради.

Экиш муддати ва меъёри. Кузда октябрнинг иккинчи, баҳорда февралинг учинчи ўн кунликларида экиш тавсия қилинади. Кузда қир-адир минтақаси учун гектарига 2,5 млн., тоғолди ва тоғли минтақалар учун 3,0 млн., баҳорда 2 млн. дона унувчан уруғ ҳисобланади.

Озиқлантириш. Экиш олдидан гектарига соф ҳолда қир-адирлик минтақасида 40-45 кг/га, тоғолди ва тоғли минтақаларда 50-55 кг/га фосфорли ўғитлар берилиши зарур. Азотли ўғит билан баҳорги озиқлантириш қир-адирлик минтақада феврал ойининг охири, март ойининг биринчи ўн кунлигида 40 кг/га меъёрда, тоғолди, тоғли минтақаларда апрел-май ойларида 50 га/кг меъёрда берилиши зарур.

«Оқ буғдой» нави республиканинг Жиззах, Самарқанд вилоятлари бўйича тоғолди ва тоғли лалмикор минтақаларига экиш учун 1993 йилдан бошлаб Қишлоқ хўжалик экинлари Давлат реестрига киритилган.

«Кўкбулоқ» нави - Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти Ғаллаорол илмий-тажриба станциясида Қизил Шарқ х К-44395 Мексика нав намунасини ўзаро чатиштириб олинган дурагай комбинациясидан якка танлаш йўли билан яратилган.

Биологик тавсифи. Тур хили Эритроспермум (Erythrospermum). Биологик ҳаёт тарзи кузги. Ўртапишар. Бошоғи овалсимон, оқ рангда, қилтиқли, тарвақайлаган, бошоқ узунлиги 10-11 см, бошоқчалар ўртача жойлашган, бошоқ қипиғи овалсимон, елкаси бир оз кўтарилган, туксиз, қипиқ тишчаси 1,5-2 мм ни ташкил этади, дони қизил, дон ариқчаси чуқур эмас, ялтироқ, 1000 дона дон вазни 42-43 г, дон ҳажми 725 г/л ни ташкил этади. Дон таркибидаги оқсил миқдори 13-14%, клейковина миқдори 32-34% ни ташкил этади.

Агробиологик тавсифи. Ўсимлик бўйи 115-120 см. Пояси мустаҳкам, тик, ётиб қолишга, совуққа, қурғоқчиликка чидамли, тўкилувчан эмас. Бошоқ қийин майдаланади, Сариқ ва қўнгир зангга бардошли. Қаттиқ қоракуяга ўртача бардошли. Ҳосилдорлиги ўртача 20-25 ц/га ни ташкил этади.

Экиш муддати ва меъёри. Кузда октябр ойининг иккинчи ўн кунлиги мақбул ҳисобланади. Гектарига 2,5-3,0 млн. дона унувчан уруғ хисобланади.

Озиқлантириш. Экиш олдидан гектарига соф ҳолда қир-адирлик минтақасида 40-45 кг/га, тоғолди ва тоғли минтақаларда 50-55 кг/га фосфорли ўғитлар берилиши зарур. Азотли ўғит билан баҳорги озиқлантириш қир-адирлик минтақада феврал ойининг охири, март ойининг биринчи ўн кунлигида 40 кг/га меъёрда, тоғолди, тоғли минтақаларда апрел-май ойларида 50 кг/га меъёрда берилиши зарур.

«Кўкбулоқ» нави - Жиззах, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларининг лалмикор майдонларида экиш учун 2001 йилда қишлоқ хўжалик экинлари Давлат реестрига киритилган.

«Бахмал-97» нави - Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти Ғаллаорол илмий-тажриба станциясида Сурхак-5688 ва ИКАРДА халқаро маркази нав намунасини ўзаро чатиштириб олинган дурагай комбинациясидан якка танлаш йўли билан яратилган.

Биологик тавсифи. Тур хили Эритроспермум (Erythrospermum). Биологик ҳаёт тарзи дуварак (икки фаслли). Бошоғи кучсиз цилиндирсимон, бошоқ охирига бориб бироз торайган, қилтиқли ўртача тарвақайланган, бошоғи туксиз, бошоқ узунлиги 12-14 см, ўртача зичликда (10 см бошоқ ўзагида 18-19 та бошоқча жойлашган). Бошоқ қипиғи тухумсимон, узунлиги 12-13 мм, эни 4-5 мм, қипиқ чизиқлари аниқ, елкаси тўғри бироз кўтарилган. Дони қизил, узунчоқ шаклда, йирик, дон ариқчаси чуқур эмас, ялтироқлиги 83-94 %, тўкилмайди, енгил майдаланади.

1000 дона дон вазни 44-48 г. Дон ҳажми 788-795 гр/л, дон таркибида оқсил миқдори 12,0-12,5 %, клейковина миқдори 30% ни ташкил этади.

Агробиологик тавсифи. Ўсимлик бўйи 105-110 см, мустаҳкам, ётиб қолишга ўртача чидамли, барги ўртача, оч яшил рангда, туксиз, тупланиши ўртача, пояси тўғри. Ўсув даври 210-240 кун, кузги ва баҳорги совуққа ўртача чидамли, қурғоқчиликка чидамли. Буғдойнинг сариқ занг ва қаттиқ ҳамда чанг қоракуя касалликларига кучсиз чидамли. Доннинг технологик кўрсаткичлари яхши, нонбоплик умумий баҳоси 4 балл, ҳосилдорлиги ўртача 16-18 ц/га.

Экиш муддати ва меъёри. Кузда октябрь ойининг 2-ўн кунлиги, баҳорда феврал ва март ойида экиш тавсия этилади. Кузда гектарига тоғли ва тоғолди минтақаларига 3,0-3,5 млн. дона, қир-адирлик минтақасида 2,5-3,0 млн. дона, баҳорда тоғли ва тоғолди минтақаларига гектарига 2,5-3,0 млн. дона, қир-адирлик минтақасида гектарига 2,0-2,5 млн. дона унувчан уруғ ҳисобида белгиланади.

Озиқлантириш. Экиш олдидан гектарига соф ҳолда қир-адир минтақаларда 40 кг, тоғолди ва тоғли минтақаларда 45 кг фосфорли ўғитлар солиш белгиланган. Баҳорги азотли озиқлантириш қир-адирлик минтақада феврал ойининг охири, март ойининг биринчи ўн кунлигида 45-50 кг/га меъёрда берилади. Тоғолди ва тоғли минтақаларда озиқлантиришнинг мақбул муддати апрел-май ойларида, ўғит меъёри 50 кг/га ни ташкил этақди.

«Бахмал-97» нави республика лалмикор майдонларининг тоғли ва тоғолди ҳамда қир-адирлик минтақаларига 2012 йилдан экиш учун Давлат реестрига киритилган.

«Истиқлол-6» нави-Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти Ғаллаорол илмий-тажриба станциясида Сурхак-5688 х Уз001249 дурагай комбинациясидан якка танлаш йўли билан яратилган.

Биологик тавсифи. Тур хили эритроспермум (Eritrospermum). Ҳаёт тарзи кузги, ўртапишар. Бошоғи қилтиқли, оқ, туксиз, шакли цилиндрсимон, ўртача узунликда (9-11 см), тиғиз, қилтиғи тарвақайлаган, узун, дағал, тарқоқ, қипиғида томир чизиқлари кўринади, тишчаси ўткир, текис елкали, дони қизил, узунчоқ, дон ариқчаси чуқур эмас, 1000 дона дон вазни 38-44 г, ҳажм оғирлиги 772 г/л, дон ялтироқлиги юқори, оқсил миқдори 15,2-16%, клейковина миқдори 31-33,0 %. Ун ва нон ёпилиш технологик кўрсатгичи 4,5 балл, қимматбаҳо навга мансуб.

Агробиологик тавсифи. Сариқ ва қўнғир занг касалликларига юқори чидамли, чанг қоракуя ва қаттиқ қоракуя касалликларига ўртача чидамли. Совуққа ва қурғоқчиликка бардошли. Андоза Сурхак-5688 навидан 3-5 кун эртапишар, дони сифатли. Ўсимликнинг ўсиш даври 270-240 кун, бўйи 110-120 см, намгарчилик кўп бўлган йилларда ҳам ётиб қолмайди. Ҳосилдорлиги 18,2-30,8 ц/га ни ташкил этади.

Экиш муддати ва меъёри. Кузда октябр ойининг иккинчи ярми ва ноябр ойининг биринчи ярми мақбул ҳисобланади, гектарига лалми ерларнинг қир-адирлик минтақалари учун 2,5 млн дона, тоғолди ва тоғли минтақалари учун эса 3,0-3,5 млн. дона унувчан уруғ ҳисобида экилади.

Озиқлантириш. Азотли ўғитлар билан озиқлантиришга талабчан нав ҳисобланади. Экиш олдидан гектарига соф ҳолда қир-адир минтақада 40 кг, тоғолди ва тоғли минтақаларда 50 кг фосфорли ўғитлар солиш белгиланган. Баҳорда азотли озиқлантириш қир-адирлик минтақада феврал ойининг охири, март ойининг биринчи ўн кунлигида 40 кг/га меъёрда берилади. Тоғолди ва тоғли минтақаларда озиқлантиришнинг мақбул муддати апрел-май ойларида, ўғит меъёри соф ҳолда 40 кг/га ни ташкил этади.

«Истиқлол-6» нави республиканинг Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё вилоятлари бўйича лалмикор майдонларда кузги муддатларда экиш учун 2017 йилда Қишлоқ хўжалик экинлари Давлат реестрига киритилган.

Республиканинг барча лалмикор майдонларида кузги ғалла экинлари навларини тўғри танлаш ва жойлаштириш, экишни сифатли қилиб тайёрланган майдонларга қулай муддат ва меъёрларда экиш ҳамда озиқлантириш келгуси йилда мўл ва сифатли ҳосил етиштиришга, шу ҳудудларда яшайдиган аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга, фермер хўжаликларининг молиявий аҳволини яхшилашга пухта замин тайёрлайди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб бўлим томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 сентябрдаги 546-сон қарор ижросини таъминлаш мақсадида мазкур қарор билан тасдиқланган бошоқли дон экинлари навларини жойлаштиришни ҳамда республика ҳудудида экишга тавсия этилмаган ғалла навларини, сифатсиз тайёрланган ва дориланмаган (сертификатланмаган) уруғларни экилмаслиги юзасидан ҳудудий бошқармаларга тегишли кўрсатмалар берилиб кунлик назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.

Ш. Ҳайитов, Дон экинлари уруғлари етиштирилишини назорат қилиш бўлими бошлиғи

 

 

 

 

 

 

Text to speech