Ру Ўз O`z En

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ер соҳаси бўйича чиқараётган қарорларида қонун талабларига риоя қиляптими...

8 Январь 2021 2785

Ер инсоният тараққиётида беқиёс аҳамиятга эга бўлганлиги сабабли, ундан ҳар қандай давр ва шароитда оқилона, унумли ҳамда илмий асосланган тарзда фойдаланиш зарур. Мазкур соҳадаги мавжуд муносабатлар эса Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси билан тартибга солинади.

Мазкур Кодекснинг 87-моддасида қишлоқ хўжалиги ва ўрмон ерларини, шу жумладан жисмоний шахслар эгалигидаги ва фойдаланишидаги қишлоқ хўжалиги ерларини қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалигини юритиш билан боғлиқ бўлмаган мақсадларда фойдаланиш учун олиб қўйиш, ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачиларнинг ҳуқуқлари чекланиши ёки корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар фаолиятининг таъсири оқибатида ерларнинг сифати ёмонлашуви туфайли қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрни қопланади, деб белгилаб қўйилган.

Хўш, Жиззах вилоятида бу борадаги талабларга қай даражада амал қилинаяпти, ер ажратиш ва бериш билан боғлиқ ишларда ваколатга эга бўлган ҳокимларнинг чиқараётган қарорлари ер қонунчилигида белгиланган норма ва қоидаларга мос келаяптими, умуман олганда Давлат мулки сифатида қонун билан мустаҳкамлаб қўйилган ерларга муносабат қанчалик шаклланган? Шу каби саволларга яқинда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Жиззах вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти идораларида ўтказилган ўрганиш натижаларидан жавоб топишимиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги 146-сонли қарори билан тасдиқланган тасдиқланган “Ер участкалари эгалари, фойдаланувчилари, ижарачилари ва мулкдорларига етказилган зарарлар, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларига, шунингдек, ерларнинг қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқишига сабаб бўлган ҳолларда етказилган зарар ўрнини қоплаш тартиби тўғрисида Низом” талабларига риоя қилиниши юзасидан вилоятнинг Арнасой, Бахмал, Ғаллаорол, Ш.Рашидов, Зарбдор, Зафаробод, Фориш ва Янгиобод туманларида 2019 йил ва 2020 йилнинг октябрь ойларида туман ҳокимларининг қишлоқ хўжалиги ерларидан ноқишлоқ эҳтиёжлари учун ер ажратиш тўғрисидаги жами 142 та қарорлари таҳлил қилинганида қабул қилинган қарорларнинг аксарияти юқоридаги Низом талабларига зидлиги аниқланган. Яъни, 31 та қарорда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчилиги миқдори 263 миллион 946 минг сўмга, 13 та қарорда эса 328 миллион 63 минг сўмга кам ҳисобланган бўлган. 76 та қарорда 9 млрд 6 миллион 818 минг сўм миқдордаги нобудгарчиликлар кўрсатилмаган ва ер участкасини олишдан манфаатдор бўлган юридик ва жисмоний шахсларга тўлаб бериш вазифалари юклатилмаган.

Жумладан, Ш.Рашидов тумани ҳокимининг 2019 йил 5 августдаги 4974-сонли қарорида эса "Subxidam fayz" МЧЖга “Олтинсой” ФХҲУ ҳудудидаги 296-контурдан ғишт ишлаб чиқаришга тупроқ карьери учун 4 гектар лалми ҳайдаладиган ерлар 3 йил муддатга вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб берилган бўлиб, қарорнинг 4-бандида "Subxidam fayz" МЧЖ раиси Н.Тошбековга ҳисобланган 23 миллион 13 минг 192 сўм миқдоридаги нобудгарчилик миқдорини тўлаб бериш вазифаси топширилган. Бунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги 146-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талабларини нотўғри қўллаш натижасида 20 миллион 251 минг 609 сўм ортиқча нобудгарчилик миқдори ҳисоблангани аниқланган.

Шунингдек, бу каби камчиликларни Фориш тумани ҳокимининг 2019 йил 12 апрелдаги 1814-сонли қарорида ҳам учратиш мумкин. “Enter cement” МЧЖга цемент ишлаб чиқариш заводи қурилиши учун 70 гектар яйлов ер майдони ажратиш тўғрисидаги мазкур қарорда қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликлари умуман кўрсатилмаган. Ваҳоланки, 70 гектар яйлов ерларнинг қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчилиги 813 миллион 600 минг сўмдан зиёдроқни ташкил этади.

- Табиийки, маҳаллий ҳокимликлар томонидан чиқарилган қарорлардаги бундай нуқсонлар ўз ортидан бир қатор салбий ҳолатларни юзага келтирган,-дейди “Ўзагроинспекция” нинг Жиззах вилоят бошқармаси қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурслари ва ерлардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими инспектори Жўрақул Айматов. - Ўрганиб чиқилган туманларда қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини қоплаш учун жами 9 млрд 309 миллион 333 минг сўм миқдордаги маблағларнинг тўланмай қолишига сабаб бўлганлиги аниқланди.

Бунга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги 146-сонли қарори билан тасдиқланган Низомда назарда тутилган ер участкалари эгалари, ердан фойдаланувчилар, ижарачиларига ва мулкдорларига етказилган зарарлар, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликлари, шунингдек, ерларнинг қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқишига сабаб бўлган ҳолларда етказилган зарарларни аниқлаш тартибини бузган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ, жавобгарликка тортилиши белгиланган.

Ваҳоланки, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини қоплаш учун тушган маблағлардан янги ерларни ўзлаштириш, суғориладиган ерларни комплекс реконструкция қилиш ва тупроқ унумдорлигини ошириш орқали қишлоқ хўжалиги ерларидан оқилона фойдаланиш ҳамда муҳофаза қилиш, коллектор-дренаж тармоғини қуриш, қайта қуриш, суғориладиган ерларни капитал режалаштириш ва уларнинг сув таъминотини ошириш, пичанзорлар ва яйловларни тубдан яхшилаш, ер тузиш, кадастр ва ўрмон барпо этишдек муҳим тадбирларни амалга ошириш мумкин эди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб ҳамда ҳукуматнинг 2019 йил 12 июлдаги 575-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси тўғрисида Низом”нинг 12-бандига асосан ўрганишларда аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари ва уларнинг келиб чиқишига сабаб бўлаётган шароитларни баратараф қилиш мақсадида 7 та туман ҳокимига тақдимнома, 7 та Кадастр агентлигининг туман бўлими бошлиғига ёзма кўрсатма берилган ҳамда 1 та Кадастр агентлигининг туман бўлими бошлиғига нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисида Кодекснинг 66-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида маъмурий жарима жазоси қўлланилган. Қонунбузилишларга ҳуқуқий баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар вилоят прокуратурасига тақдим қилинган.

“Ўзагроинспекция” нинг Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

 

Text to speech