Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 26 январдаги ПҚ-23-сонли қарорида 2023 йилдан бошлаб, хориждан олиб келинган ва республикамизда ишлаб чиқарилган лазерли қурилмага эга автоматлаштирилган ер текислагич агрегатларини сотиб олган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига ер текислагич агрегатлари қийматининг 30 фоизи Давлат бюджетидан қоплаб берилиши белгиланган.
Давлатимиз томонидан лазерли ер текислагичлар сотиб олишга берилаётган имтиёзлар натижасида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида "Ўзагроинспекция" томонидан 591 дона янги замонавий лазерли ер текислагичлар давлат рўйхатига олинди.
Бугунги кунда давлат рўйхатига олинган замонавий ресурс тежамкор лазерли ер текислагичлар сони 1,5 минг тадан ортди. Солиштириш учун, мазкур кўрсаткич 2017 йилда мамлакатимизда атиги 127 донани ташкил этар эди.
Лазерли ер текислаш - бу маълум бир сирт устида қирғичнинг баландлигини бошқарадиган лазер нурлари ёрдамида юқори аниқликдаги топографик майдоннинг бир хиллигига эришиш технологиясидир.
Лазерли текислашнинг афзалликлари:
далалар текис ва бир хил сиртга эга бўлади;
суғоришга сарфланадиган сув 20-25 фоизга тежалади;
тупроқ шўрланишининг камайишига эришилади;
суғориш вақти, ишчи кучи, энергия сарфи камаяди;
экинлар бир текисда униб чиқади;
экинлар бир хил намлик ва озуқа билан таъминланади.
Инспекциянинг техника ҳолатини назорат қилиш бошқармаси