Инспекция органлари МЖтКнинг 245 прим-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқишга тайёрлаш вақтида мансабдор шахс МЖтКнинг 303-моддасида назарда тутилган масалаларни ҳал этиши лозим.
Маъмурий иш Инспекция органига тааллуқли бўлмаганда ёки МЖтКнинг 281-282 ва 304-моддалари талабларига риоя қилинмаган ҳолда юборилган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги ҳужжатлар Инспекция органи раҳбарининг асослантирилган хати билан баённомани тузган ёки маъмурий иш қўзғатиш тўғрисида қарор чиқарган орган (мансабдор шахс)га қайтарилади.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқишда ва аниқланиши лозим бўлган ҳолатларни текширишда МЖтКнинг 306-307-моддалари талабларига қатъий риоя қилиниши лозим.
Мансабдор шахс ишни кўришга тайёрлашда, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни истисно этувчи ҳолатларнинг бор-йўқлигини аниқлашга мажбур.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик учун ҳеч ким қонун ҳужжатларида белгиланган асослар ва тартибдан бошқача тарзда таъсир кўрсатиш чорасига тортилиши мумкин эмас.
МЖтКнинг 271-моддасида санаб ўтилган ҳолатлар аниқланган тақдирда мансабдор шахс ишни юритишдан тугатиш ҳақида қарор чиқаради.
Мансабдор шахс маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда МЖтКнинг 294-моддасида назарда тутилган маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахсларнинг ҳимояга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш чораларини кўриши лозим.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахс иштирокида кўриб чиқилади.
Мазкур шахсга ишни кўриб чиқиш жойи ва вақти ҳақида хабар қилинганлиги тўғрисида маълумотлар бўлган ва ундан ишни кўриб чиқишни кечиктириш хусусида ҳеч қандай илтимос тушмаган ҳолларда, шунингдек МЖтК 3091-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ҳоллардагина иш унинг иштирокисиз кўриб чиқилиши мумкин.
МЖтКнинг 294-моддаси 3-бандида кўрсатилган ҳолатларда маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг қатнашиши шарт.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш мазкур ишни кўриб чиқишга ваколатли Инспекция мансабдор шахси томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ва ишга оид бошқа материаллар олинган кундан бошлаб ўн беш кунлик муддатда кўриб чиқилади.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқишда МЖтКнинг 21 ва 33-моддаларида кўрсатилган ҳолатлар аниқланган тақдирда маъмурий жазо чорасини қўллаш ҳақидаги тақдимнома иш ҳужжатлари билан туман (шаҳар) маъмурий судларига юборилади.
Шунингдек, маъмурий ишни кўриб чиқишга ваколатли Инспекция мансабдор шахси томонидан МЖтКнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш чоғида якка тартибдаги тадбиркорлар ва (ёки) уларнинг ходимлари, юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектларининг мансабдор шахслари ва (ёки) бошқа ходимлари томонидан содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни маъмурий судлар кўриб чиқиши ҳақидаги 245-моддаси 3-қисми талабларига қатъий риоя қилиниши лозим.
Инспекциянинг тегишли мансабдор шахси судга юборилган иш бўйича суд қароридан норози бўлган тақдирда ваколатли прокурорга протест келтириш масаласини кўриб чиқиш ҳақида асослантирилган ҳолда мурожаат қилиши мумкин.
"Ўзагроинспекция" Маъмурий амалиёт бўлими