Ру Ўз O`z En

Наманган вилоятида картошка етиштириш майдонлари кенгаймоқда

18 Сентябрь 2020 3203

Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунёнинг 160 дан ортиқ мамлакатида қарийб 20 миллион гектарга яқин майдонда картошка етиштирилиб, дунё бўйича ўртача ҳосилдорлик гектарига 16 тоннани ташкил этади.

Республикамизда истеъмол ва уруғлик картошка етиштиришни ошириш, картошкачилик соҳасида кластер ва кооперация механизмларини кенгайтириш ҳамда замонавий технологияларни жорий этишни давлат томонидан янада қўллаб-қувватлаш, шунингдек, картошкага бўлган ички бозор талабини тўлиқ қондириш мақсадида Президентимизнинг 2020 йил  6 майдаги “Республикада картошка етиштиришни кенгайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4704-сон қарори қабул қилинди. Унга кўра, соҳани ривожлантириш бўйича қатор йўналишларда муҳим вазифаларни амалга ошириш вазифалари белгиланди.

 

Маълумки, картошка салқин, сернам тоғолди ҳудудларда яхши ҳосил беради. Чортоқ тумани тупроқ, иқлими шароити ҳам ушбу экин учун қулай ҳудуд ҳисобланади. Шу боис Республикамизнинг бир қатор тоғли ҳудудлари қаторида ушбу туманни ҳам картошка етиштиришга ихтисослаштириш ишлари олиб борилмоқда. Тумандаги “Турғунбой Жўравой Мунаввар” фермер хўжалигида ҳам ғалладан бўшаган 67 гектар майдонга такрорий экинлар экилди. Унинг 3 гектарида эса хориждан келтирилган картошка уруғи экилиб парваришланмоқда.

 

 

- Наманганда жорий йилда 7 минг 200 гектардан зиёд майдонларда картошка етиштирилмоқда. Прогноз маълумотларга кўра ушбу майдонлардан 129 минг 695 тонна ҳосил олиш кўзланмоқда. Унинг асосий қисми Чуст ва Янгиқўрғон туманлари ҳиссасига тўғри келади. Шу билан бирга тоғолди ҳудудлари ҳисобланган Косонсой ва Чортоқ туманларида ҳам картошкачиликка бўлган эътибор ортиб боряпти - дейди биз билан суҳбатда Агроинспекциянинг Наманган вилоят бошқармаси қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш ва уруғ билан таъминлаш устидан назорат бўлими бош инспектори Наримон Исомитдинов. - Биргина Чортоқ тумани мисолида оладиган бўлсак, ғалладан ва эртанги экинлардан бўшайдиган 4099 гектар ер майдонларига такрорий экин экилган бўлиб, шундан, картошка- 471 гектар, сабзи  - 414 гектар, помидор- 38 гектар, шолғом - 87 гектар, турп - 10 гектар, карам- 72 гектар, ширин қалампир 159 гектар, дуккакли дон экинлари 1709 гектар, озуқа экинлари 873 гектарни ташкил этади.

Жорий йилда Наманган вилояти бўйича 71 минг гектардан зиёд такрорий экин майдонларида жами 346 минг 823 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш режалаштирилган - дея маълумот беради Н.Исомитдинов. - 2020 йилда вилоят бўйича жами 91 минг 675 тонна картошка етиштириш режалаштирилган бўлиб, шундан 324 тоннаси уруғлик мақсадида етиштирилмоқда, 74 минг тоннадан ортиғи эса аҳоли учун ички бозорга етказиб бериш режалаштирилмоқда. Шунингдек, 6,5 минг тонна картошкалар эса қишки захирага олинади.

“Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари томонидан бу борада доимий мониторинг ишлари олиб борилмоқда.

Айтиш жоизки, ушбу турдаги экинларнинг сифатли уруғликларини экиш эвазига аҳолимизни йил давомида витаминларга бой сабзавот, полиз ва картошка маҳсулотлари билан таъминлаш имконияти вужудга келади.

Илҳомжон Мусаев, "Ўзагроинспекция"нинг Наманган вилоят бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича бош инспектори

Text to speech