Ру Ўз O`z En

Наманганда 2021 йил ҳосили учун ерларни сифатли шудгорлаш бошланди

20 Октябрь 2020 2944

Халқимизда “Ер ҳайдасанг, куз ҳайда – куз ҳайдамасанг, юз ҳайда”, деган мақол бор. Дарҳақиқат, Қишлоқ хўжалик экинларидан мўл ҳосил етиштиришда кузги шудгорлашнинг аҳамияти катта. Ўз вақтида, сифатли ўтказилган шудгор келгуси йил ҳосилига пухта замин яратади. Сифатли шудгорланган майдонларда шўр ювиш, яхоб суви бериш, эрта баҳорда тупроқни экишга тайёрлаш ҳамда экиш каби агротехник тадбирлар ҳам шулар жумласидандир.

Наманган туманининг “Оқ кўприк толаси” фермер хўжалигида 2021 йил ҳосили учун кузги шудгорлаш мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш юзасидан ўтказилган вилоят кўргазмали семинарида ҳам ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирга вилоятда шудгорлаш ишларига масъул бўлган қишлоқ хўжалиги бошқармаси, “Ўзагроинспекция”, “Наманган Агросервис МТП”, “Наманган агрокимёҳимоя” каби вилоят ташкилотлари раҳбарлари, туманлар ҳокимларининг ўринбосарлари таклиф этилди.

2020 йил қишлоқ хўжалигида ҳар йилгига нисбатан баракали келди. Вилоят пилла ва дон сотиш режаларини ортиғи билан бажарди. Бугунги кунгача Чортоқ, Мингбулоқ, Наманган, Тўрақўрғон, Поп ва Норин туманлари пахта сотиш режасини бажарди. Қолган туманлар ҳам пешма-пеш режаларни бажармоқда. Қолаверса, вилоят 201минг 250 тонналик маррадан ўтиб, улкан хирмон яратилди. Бу ишда шу ерда иштирок этаётган соҳа эгалари ҳамда вилоят фермер-деҳқонларининг ҳиссаси катта.

Навбатда, куннинг энг муҳим агротехника тадбирларидан бири бўлган 2021 йил ҳосили учун ерларни сифатли шудгорлаш ишлари турибди. Кузги шудгорлаш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш бўйича бир қатор вазифалар белгиланган.

Таъкидлаш керак, 2021 йил ҳосили учун 73 243 гектар майдонда кузги шудгорлаш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш мақсадида штаблар ташкил этиш ва 155 та отряд тўлиқ ишлашини таъминлаш зарур. Муҳим агротехник тадбир учун 323 та ҳайдов трактори ҳамда 155 нафар мутахассис жалб этилади.

Вилоятдаги мавжуд 323 техникадан 27 таси юқори унумли ҳайдов техникаси бўлиб, мазкур техникалар жорий йилда олиб келинди ва кузги шудгорлаш ишларига тўлиқ жалб этилади. Мавсумда кузги шудгорланадиган 73 243 гектар майдондан 23 221 гектар шўр ювиладиган майдондан ташқари 41 415 гектар майдонни тўлиқ фосфорли ва калийли ўғитлар билан шудгорлаш чоралари кўрилади. 

Бу йилги шудгорланадиган майдонлар учун 22 339 млн. сўм техника хизмати,  2 307 тонна 14 304 млн. сўмлик ёқилғи-мойлаш материаллари, 1 904 млн. сўм иш ҳақи, 4 142 тонна ёки 19 051 млн сўмли “Аммофос”, 1 242 тонна калий минерал ўғити, жами 59 891 млн. сўм маблағ талаб этилиши ҳисоб-китоби қилинди. Ушбу маблағлар ва талаб этиладиган материалларни тегишли мутасаддилар томонидан муаммоларсиз етказиб бериш чоралари кўрилади. Ушбу муҳим агротехник тадбирларнинг ўз вақтида бажарилиши, зарур ўғитлар билан таъминланиши каби масалалар юзасидан агроинспекция вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан доимий мониторинг тадбирлари олиб борилмоқда. Бу каби кўргазмали семинарлар вилоятнинг ҳар бир туманида бўлиб ўтмоқда.

 У.Юнусов, “Ўзагроинспекция” Наманган вилоят бошқармасининг техника ва агротехника тадбирлари ҳолати устидан назорат бўлими бош инспектори

Text to speech