Ру Ўз O`z En

Наманганда бу йил 45 та замонавий машинада пахта терилади

18 Август 2020 2926

Ҳа демай, пахта мавсуми бошланиб, далаларда етиштирилган оқ олтиндан хирмон кўтарилади. Йил бўйи қилинган меҳнатнинг ҳосилини ёғин-сочин кунларга қолмай териб олиш энг муҳим босқич албатта. Аммо ҳосилни нест-нобуд қилмай, ўз вақтида йиғиштириб олиш учун биргина фермер хўжалиги аъзоларининг вақти ҳам, имкони ҳам етмайди. Шу боис ўтган йиллар давомида йиғим-терим ишларига ҳашарчиларни жалб қилиш, уларга ортиқча харажат қилинишига, асосий ишларининг ўлда-жўлда қолишига сабаб бўларди. Кейинги икки йилда эса замонавий пахта териш машиналарининг харид қилиниши ана шу оворагарчиликларнинг олдини олишга хизмат қилди.

Ўтган йили Наманган вилоятидаги кластер ва фермер хўжаликлари томонидан 13 та пахта териш машиналари харид қилиниб фойдаланила бошланган бўлса, жорий йилнинг 15 август ҳолатига бундай машиналар сони 45 тага етди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, машина теримининг афзаллиги нафақат иқтисодий, балки ижтимоий кўрсаткичлар, натижаларда ҳам ўзини намоён этади. 200 тонна пахта етиштирган фермер хўжалигида 134 нафар ёрдамчига эҳтиёж қолмайди. Уларнинг ишини 2 та машинанинг 2 нафар механик-ҳайдовчиси бажаради. Ҳамма ўзининг юмуши билан шуғулланади. Энг муҳими, битта фермер хўжалигидаги пахта йиғим-терим мавсуми 25–30 кунда эмас, 7–10 кунда якунланади. Ҳосил тез йиғиб-териб олинади, кузги шудгор мақбул муддатларда сифатли бажарилади. Ғалла ва оралиқ экинларни эрта муддатларда экиб, қийғос кўкартириб олишга эришилади.

-Жорий йилда наманганлик пахтакорлар томонидан жами 63 минг 406 гектар майдонга ғўза экиб парваришланди, - дейди “Ўзагроинспекция”нинг Наманган вилояти бошқармаси техника ва агротехника тадбирлари ҳолати устидан назорат бўлими катта инспектори Баҳромхўжа Азизхўжаев:

- Ҳозирда олди пахтазорларда ҳосил нишона кўрсата бошлади. Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу мавсумда 201 минг 250 тоннадан ортиқ сифатли хом ашё териб олиниши режалаштирилган. Вилоятга олиб келинган 32 та “Кейс” русумли пахта териш машиналарининг 22 таси 2 қаторли, 10 таси эса 4 қаторли машиналардир. Ҳозирда инспекция туман бўлимлари томонидан мазкур юқори унумли техникаларни расмийлаштириш, техник гувоҳномалар бериш ишлари якунланди. Шу билан бирга ҳар бир ҳудудда ғўза дефолиацияси ва пахта йиғим-теримида қатнашадиган техникаларни мавсумга тайёрлаш ишлари якунига етказилмоқда. Ҳозиргача мавсумда иштирок этадиган 1193 та трактор, 1702 та трактор тиркамаси ҳамда 280 дона пуркагичлар ҳудудлардаги белгиланган жойларга йиғилиб, таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилди ва мавсумга шай ҳолга келтирилган.

Илҳомжон Мусаев, "Ўзагроинспекция" Наманган вилоят бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича бош инспектори

 

Text to speech