“Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 январдаги “Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4576-сонли қарори ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш юзасидан мониторинг-назорат тадбирлари амалга оширилмоқда.
Инспекция органлари томонидан ўтказилган оммавий тадбирлар давомида мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти кластер корхоналари раҳбарлари, чорвачилик йўналишидаги фермер хўжаликлари раҳбарларига тўлақонли тушунтирилди.
Қарор асосида мамлакатимизга хорижий давлатлардан келтириладиган ҳар бир бош наслли қорамол учун мавжуд имтиёзлар боис, чорва моллари наслини яхшилаш асносида сифатли гўшт ва гўшт маҳсулотлари етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, вилоятда қўйлар наслини яхшилаш мақсадида хорижий давлатлардан наслдор қўй ва эчкиларни келтириш юзасидан тегишли тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан Қўшробод тумани дашт ҳудудда жойлашгани, ер майдонининг асосий қисми яйловлардан иборатлиги боис, бу ерда қўй ва эчкичиликни ривожлантириш учун катта имкониятга эга.
Шу мақсадда тумандаги “Камрон Жавоҳир чорвалари” фермер хўжалиги томонидан, Қирғизистон Республикасидан 170 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ эвазига 600 бош хисори қўйлар келтирилиши режалаштирилган. Лойиҳанинг биринчи босқичига асосан, туманга 450 бош наслли хисори қўйлар келтирилди.
-Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, ушбу фермер хўжалиги наслчиликка ихтисослашган бўлиб, 315 гектар ер майдонига эга. Айни кунларда хисори қўйлар “Ўзагроинспекцияси”нинг туман бўлими ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан карантин назоратига олиниб, зооветеринария кўригидан ўтказилди.
Туман ҳокимлигининг “Чорвачиликни ривожлантириш” дастурига кўра, Қирғизистон республикасидан ушбу фермер хўжалиги томонидан яна 150 бош, тумандаги иккита фермер хўжалигига 300 бош хисори қўйлари келтирилади.
Бундан аввал хисори зотли қўйларни мазкур яйловларда боқиш районлаштирилмаган ва боқилганда ҳам тўлиқ назорат қилинмаганлиги оқибатида яхши самара бермаган. Шу кунга қадар ушбу яйловларда асосан Қоракўл ва Жайдари зотли қўйлар кўпроқ парвариш қилинган ва яхши натижа кўрсатган.
Инспекция органлари томонидан, хисори қўйлар белгиланган тартибда ветеринар назоратига олинади. Келгусида хисори қўйлар сонини кўпайтирган холда аҳолига сифатли ва арзон гўшт маҳсулотлари етказиб бериш имконияти юзага келади, -дейди Инспекциянинг Қўшробод туман бўлими бошлиғи Ғиёсиддин Халиқов.
“Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати