Ру Ўз O`z En

Наслли қорамоллар кўпаймоқда

10 Июнь 2020 3056

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 1 январдаги “Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4576-сонли қарори Республикамизда чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожланишида катта аҳамиятга эга.

Қарорга асосан чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва қуёнчилик бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун тижорат банклари томонидан ажратиладиган 20 миллиард сўмгача миқдордаги кредитлар учун компенсация тақдим этилиши тармоқни янада такомиллаштириш эвазига аҳолини арзон ва сифатли гўшт ва гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш имконини бермоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан яратиб берилаётган кенг имкониятлардан руҳланган самарқандлик чорвадорлар қорамоллар наслини яхшилаш юзасидан амалий тадбирларни бошлаб юборишди.

Шу мақсадда жорий йилнинг май ойида чет давлатлардан 297 бош наслли моллар келтирилган. Жумладан,Самарқанд туманидаги “Махмудов Олтинжон Чорвачилик” фермер хўжалигига Россия давлатидан 32 бош, Ургут туманидаги “Сурхон чорва насл” фермер хўжалиги томонидан Латвиядан 31 бош, Оқдарё туманидаги “Турон” фермер хўжалигига Австрия давлатидан 31 бош наслли ғунажинлар ва Пастдарғом туманидаги “Янгиобод чорва насл моллари” фермер хўжалигига Чехиядан 203 бош симментал зотли наслли буқачалар олиб келинди. Четдан олиб келинган наслли қорамолларнинг карантин муддати тугаганидан сўнг, инспекциянинг туман бўлимлари томонидан тегишли тартибда давлат реестрига рўйхатга олиниши таъминланди.

Халқимизда чорванинг маҳсулотдорлиги тилида деган яхши нақл бор. Бу чорвачилик йўналишида фаолият юритадиган фермер хўжаликлари учун мустаҳкам озуқа базасини шакллантиришни тақозо этади. Жорий йилда вилоят бўйича 12 минг 468 гектар ер майдонига беда, 5 минг 199 гектарга хашаки лавлаги, 3 минг 737 гектар ер майдонида оқ жўхори экиш режалаштирилган.

Кўрилаётган чора-тадбирлар аҳоли дастурхони ва бозорларимизни арзон ва сифатли гўшт ва гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш имконини беради.

 

“Ўзагроинспекция” Самарқанд вилоят бошқармаси

 

Text to speech