Жорий йил Навоий вилоятида фермер хўжаликлар томонидан 31 655 гектар майдонга чигит экилган бўлиб, гротехник тадбирларни ўз вақтида олиб борилиши натижасида пахта экилган майдонлардан ўртача 40-45 центнердан ҳосил олиниши кутилмоқда. Айни кунларда пахта йиғим-терими мавсумига муносиб ҳозирлик кўриш мақсадида теримда иштирок этадиган техникаларни техник соз ва ишчан ҳолатга келтириш жараёнлари ишчи–гуруҳ аъзолари томонидан ўрганиб борилмоқда.
Хусусан, жойларда "Ўзагроинспекция"нинг вилоят бошқармаси ва вилоят прокуратураси вакиллари назорати остида машина трактор паркларига йиғилган транспорт техникалари ва тиркамаларнинг мавсумга шайлиги кўздан кечирилмоқда.
Маълумот ўрнида, вилоятда 2022 йил ҳосили пахта йиғим-терим ишларида қатнашадиган транспорт тракторлари 297 та бўлиб, шундан 276 таси таъмирлаш масканларига йиғилди ва бугунги кунда 93 фоизи таъмирланди.
Шунингдек, мавсумда қатнашадиган 898 та тиркамаларнинг 807 таси таъмирлаш масканларига йиғилиб, шундан 738 тасида таъмирлаш ишлари бажарилди. Бундан ташқари, вилоят бўйича дефолиация тадбирларида 130 та ОВХ пуркагичлари жалб этилган бўлиб, бугунги кунда уларнинг барчасини техник созлиги тўлиқ таъминланди.
Агроинспекция вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан транспорт тракторлари ва тиркамаларга қўйиладиган талаблар бажарилиши назоратга олинган. Хусусан, терим мавсумида қатнашадиган тиркамалар сеткалари ва цилиндр шлангларининг янги ҳолатда бўлиши, тиркамани тракторга улаш қисмининг техник созлиги¸ яроқсиз шиналарнинг янгисига алмаштирилганлиги, тиркамаларнинг орқа томонидаги нур қайтаргич билан жиҳозланган бўлиши ва бўялган бўлиши кераклиги юзасидан вилоятдаги барча фермер хўжаликларга огоҳлантириш хатлари берилиши таъминланди.
Айни кунларда мазкур талабларга риоя этилиши устидан Агроинспекция ходимлари томонидан назорат ўрнатилган. Белгиланган қоидаларга мос равишда теримда иштирок этадиган техникалар таъмирлаш ишлари эса давом этмоқда.
Мазкур жараён Кармана туманида ҳам қизғин олиб борилмоқда. Жорий йил туманнинг 5 240 гектар майдонига чигитнинг “Бухоро 102”, “Бухоро 6” ва “Порлоқ ” ва бошқа навларидан экилган эди.
- Туманда мавсумга қатнашадиган 161 та трактор тиркамаси ва 78 та транспорт тракторлари мавжуд,- дейди “Ўзагроинспекция” Кармана туман бўлими катта инспектори Д. Аҳатов. - Шунингдек, 24 та ОВХ пуркагич пахта дефолиацияси тадбирларида қатнашиши белгиланган. Терим техникалари тумандаги 5 та таъмирлаш масканларига йиғилган. Техникалар таъмирини сифатли ва талаб даражасида ўтказилиши бўйича ҳар бир фермерга огоҳлантириш хатлари берилди.
- Фермер хўжалигимизнинг 45 гектарига чигит экканмиз, - дейди тумандаги “Амир Ғолиб келажаги” фермер хўжалиги раҳбари Ғ. Эргашев.- Битта транспорт тракторимиз ва 2 та тиркамамиз бор,уларни таъмирлаш ишларини тугатдик. Тиркамамизга янги сетка, янги шиналар қўйилди, Агроинспекция туман бўлими ходимларининг тавсия ва кўрсатмалари асосида таъмирладик. Ҳозирда тиркамаларимиз таъмири намунали деб топилди. Пахта терим мавсумини кўнгилдагидек ўтказишга аҳд қилганмиз.
Туманда жорий йилги пахта теримига туман бўйича 8 та пахта териш машинаси ҳам жалб этилган. Вилоят бўйича эса 10 дан ортиқ пахта териш машиналари пахта терим-йиғим ишларига қатнашади. Ушбу терим машиналари ҳам таъмирлаш масканларига йиғилиб, техник созлиги назоратдан ўтказилмоқда.
“Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси ва вилоят прокуратураси назорати остида теримда иштирок этадиган техникалар техник созлиги ўрганилиши яқинлашиб келаётган пахта терими мавсумини уюшқоқлик билан ўтказишда қўл келиши билан аҳамиятли бўлаётир.
З. Бобоева, “Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси матбуот хизмати раҳбари