Мамлакат раҳбарининг жорий йил 28 майдаги “Ғаллани етиштириш ва сотишда бозор тамойилини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 262- сонли Қарорида фермер хўжаликлари ва ғаллачилик кластерларининг моддий манфаатдорлигини ошириш, ички бозорни буғдой ва ун маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш мақсади кўзда тутилган.
Қарорда белгиланганидек, дон қабул қилиш шохобчаларидаги ишчи гуруҳ таркибида “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси ва туман бўлимларидан мутахассис ходим бириктирилди. Доннинг сифатли сақланиши ва лаборатория таҳлилларининг шаффофлиги Агроинспекция ходимлари томонидан назорат қилиб борилди. Бу борада Инспекциянинг Навоий вилоят бошқармаси томонидан ҳам қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Дон қабул қилиш шохобчаларида Агроинспекция ходимлари томонидан профилактик тадбирлар ташкил этилиб, мавсумни беталафот ўтказиш юзасидан зарур чоралар кўрилиб, тавсиялар берилмоқда.
Шунингдек, Инспекция вилоят бошқармасининг сертификатлаш ва метрология бўлими томонидан бош корхона ва унга қарашли "Ўртачўл" дон қабул қилиш шохобчасидаги лаборатория хоналари, таҳлиллар ўтказишда керак бўладиган зарур ўлчов воситалари ҳамда лаборатория жиҳозлари билан тўлиқ таъминланганлиги, автомобиль, вагон тарозилари ва лаборатория ўлчов воситаларининг метрология текширувидан ўтказилганлиги ҳамда қиёслов сертификатлари мавжудлиги ўрганилди. Бўлим бош инспектори У. Юсупов томонидан қабул қилинаётган донни сифат кўрсаткичларини аниқлашда фойдаланадиган лаборатория ўлчов воситаларини ўз вақтида Ўзбекистон Миллий метрология институтининг вилоят филиалига метрология текширувига тақдим қилиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.
- Президентимизнинг 262-сонли Қарори асосида Инспекция бошлиғининг И-30-сонли ва вилоят бошқармасининг 40-сонли буйруғи ишлаб чиқилган бўлиб, уларда буғдойнинг сифати, синфи ва миқдорини тўғри аниқлаш бўйича лаборатория таҳлиллари шаффоф ўтказилишини назорат қилиш Агроинспекция мутахассис ходимларига юклатилган, - дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси бош инспектори У. Юсупов. – Шундан келиб чиқиб, дон қабул қилиш шахобчаларида лаборатория жиҳозларининг тўлиқ созлиги ва қиёслов сертификатидан ўтказилганлиги ўрганиб борилмоқда. Аниқланган камчиликлар бўйича тегишли масъулларга огоҳлантиришлар берилмоқда. Бу каби профилактик тадбирлар “Навоийдонмаҳсулотлари” АЖ корхонасида ҳам бўлиб ўтди.
Бундан ташқари, Инспекция вилоят бошқармаси меъёрий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш, сертификатлаш ва метрология бўлими томонидан Навбаҳор туман ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги Давлат марказида ҳам соҳага оид назорат тадбирлари ўтказилганда, бўлим бошлиқлари ўзига юклатилган вазифаларга юзаки ёндашиб келаётгани маълум бўлди. Натижада метрология қоидалари бузилишига йўл қўйилган. Аниқланган мазкур ҳолат юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Шунингдек, қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича вилоят ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги Давлат маркази директорига тақдимнома киритилди.
Бундан ташқари, Конимех туман ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги Давлат марказида ҳам меъёрий ҳужжатлар ижроси, сертификатлаш ва метрология соҳасига оид қонунлар ижроси юзасидан ҳам текширишлар ўтказилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар берилди.
“Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси матбуот хизмати