Ру Ўз O`z En

НАВОИЙ ВИЛОЯТИДА 2127 ГЕКТАР МАЙДОНЛАРИГА ТЎҚСОНБОСТИ УСУЛИДА ЭКСПОРТБОП САБЗАВОТ ЭКИНЛАРИ ЭКИЛАДИ

13 Ноябрь 2020 2683

Ердан йил давомида унумли фойдаланиш бу яна қўшимча даромад, қолаверса, рўзғорга ҳам барака дегани. Айниқса, бунда тўқсонбости усулида экиладиган экинларнинг аҳамияти катта. Чунки кузда экилган уруғлар эрта баҳорда униб чиқиб барвақт ҳосилга киради. Бу билан бозорларимиз тўкин-сочинлиги, мўл-кўлчилик, арзончиликка ҳисса қўшилади.

Шу билан бирга аҳолининг сабзавот ва кўкатларга бўлган эҳтиёжи қондирилади. Президентнинг жорий йил 15 октябрдаги “Саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва экспорт қилишни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4863-сонли Қарорида саримсоқпиёз етиштириш ва экспорт қилиш ҳажмларини кўпайтиришга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Навоий вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари инспекторлари томонидан ерларни тайёрлаш ва экинларни кечиктирилмай экилиши борасида назорат тадбирлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 сентябрдаги “2021 йил ҳосили учун 2020 йилнинг сентябрь-октябрь ойларида пиёз ва саримсоқпиёз ҳамда ноябрь-декабрь ойларида “тўқсонбости” усулида экспортбоп сабзавот экинларини экиш, талаб этиладиган моддий-ресурсларини етказиб бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги                    01-03/1-234-сонли йиғилиш баёнида Республика аҳолисини баҳор ойларида эртаки сабзавот маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлаш, ички бозорларда нарҳ-навонинг барқарорлигини сақлаш ҳамда эртаки экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ва экспорт қилиш ҳажмларини ошириш учун 2020 йилнинг сентябрь-октябрь ойларида пиёз ва саримсоқпиёз ҳамда ноябрь-декабрь ойларида “тўқсонбости” усулида экспортбоп сабзавот экинларини ўз муддатларида экилишини таъминлаш вазифалари берилган.

Мазкур топшириқ ижроси бўйича вилоятда 2021 йил ҳосили учун экиладиган юқори даромад берадиган экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинлари, жумладан тўқсонбости усулида сабзавот экинлари тўлиқ экилиши бўйича назорат тадбирлари мунтазам равишда ўтказилиб келинмоқда.

Маълумот  ўрнида шуни айтиш жоизки, жорий йил вилоят бўйича сентябрь-декабрь ойларида жами 2127 гектар майдонларга пиёз, саримсоқпиёз ва кўкатлар экилиши режалаштирилган. Октябрь ойига қадар режада бўлган 286 гектар ўрнига 288 гектар майдонга пиёз ва саримсоқпиёз экинлари экилди. Уларнинг 61 гектари очиқ майдонга тўғри келса, қолганини боғ қатор ораларига экилган.

Айни пайтда ноябрь-декабрь ойи учун тўқсонбости усулида экиш ишларига ҳозирлик қизғин бошлаб юборилган. Бунда ерларни тайёрлаш, сифатли уруғларни буюртма қилиш ҳамда зарур техникалар шайлиги эътиборга олинган.

Ноябрь-декабрь ойларида вилоят бўйича жами 1841 гектар майдонга тўқсонбости усулида экин экиш режага киритилган, - дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси катта инспектори Аббос Ризоқулов. Инспекциянинг бошқарма ва туман бўлимлари ходимлари томонидан ерларни экишга тайёрланиши бўйича назорат тадбирлари олиб бориляпти. Ҳудудларда фермерлар билан учрашиб, экин экилиш вақтини кечиктирмаслиги тўғрисида огоҳлантирилмоқда. Ҳозирга қадар вилоят бўйича 584 гектар ер экишга тайёрланди. Шундан, 376 гектарига пиёз ва бир гектарига турли кўкатлар уруғи экилди. Экилган ернинг 29 гектари очиқ майдонга,
348 гектари боғ-ток қатор орасига тўғри келади. Экинларни униши, парвариши, ҳосилдорликка эришиш тадбирлари бўйича ҳам фермерларга бир қатор тасвиялар бериб борилмоқда.

Вилоятнинг деҳқончилик учун қулай ҳудудларидан бири саналган Хатирчи туманида ноябрь-декабрь ойида 376 та фермер хўжаликларининг 503 гектар майдонга тўқсонбости усулида экин экиш режалаштирилган. Инспекциянинг туман бўлими катта инспектори Жамолиддин Бобомуродов берган маълумотига кўра, ҳозирги кунгача 250 гектар ерга минерал ва маҳаллий ўғитлар билан ишлов берилган ҳолда экиш учун ер тайёрланган.

Бугунги кунда, туманда 210 гектар майдонга пиёз, кўкатлар ва бошқа экин турлари экилди. Йил оҳирига қадар яна 10 гектар майдонга кўкат уруғи ва қолганига пиёз экиш кўзда тутилган.

Фермер хўжалигимиз еридан унумли фойдаланиб келамиз, - дейди тумандаги “Тўхта бобо” фермер хўжалиги раиси Бегзод Тўхтаев. – Сентябрь-октябрь ойида 70 сотих очиқ майдонга пиёз, 10 сотих боғ қатор орасига саримсоқпиёз экканмиз ушбу майдондан 35 тоннадан ортиқ пиёз ҳосили олишни мўлжаллаб турибмиз. Айни кунларда боғ-ток қатор орасига кўкат ва пиёз экиш учун ер майдонига ишлов беряпмиз. “Ўзагроинспекция” туман бўлими ходимлари томонидан ерни экишга тайёргарлиги, экиш жараёнлари сифатли бажарилаётганлигини,  минерал ҳамда маҳаллий ўғитлар билан таъминланганлиги бўйича амалий ёрдам бериб, мунтазам назорат қилиб боришмоқда. Келаси йил тўқсонбости экинларидан мўл ҳосил олишни кўзлаганмиз дейди фермер хўжалиги раҳбари.

Бир сўз билан айтганда, вилоятда амалга оширилаётган бу каби назорат тадбирлари фермер хўжалигининг экин майдонлари ва аҳоли томорқаларидан оқилона фойдаланиш, келгусида экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кўпайтиришда муҳим роль ўйнамоқда.

 

“Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси Матбуот хизмати

 

Text to speech