Ўзбекистон Республикасида суғорилиб ишлов бериладиган ерлар бебаҳо ерлар ҳисобланади. Мамлакатимизнинг асосий хўжалик ихтисослашувини белгилайдиган, аҳоли турмуш даражасини оширишда биринчи навбатда таянч вазифасини бажарадиган ер ва сув ресурслари чеклангандир, шу сабабли ушбу ресурслардан унумли ва оқилона фойдаланиш, уларнинг муҳофаза қилинишини таъминлаш зарур.
Қолаверса, Республикада аҳоли сонининг йилдан-йилга ўсиб бориши, қишлоқ хўжалиги ерларининг бошқа тоифага ўтказилиши ва глобал иқлим ўзгариши таъсирининг кескинлашуви оқибатида сўнгги 15 йил ичида аҳоли жон бошига тўғри келадиган суғориладиган ер майдонлари ўлчами 0,23 гектардан 0,16 гектаргача, ўртача йиллик сув таъминоти даражаси эса 3 048 метр кубдан 158,9 метр кубгача қисқарди.
Демак, ҳар қарич ердан унумли ва самарали фойдаланиш, бу жараёнда қонунбузилиш ҳолатларини олдини олиш, бугунги куннинг долзарб вазифаси ҳисобланади.
"Ўзагроинспекция"нинг Тўрақўрғон туман бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5742-сонли Фармони ижросини таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, ўтказилган мониторинг тадбирларида Тўрақўрғон туманидаги Файзиобод МФЙ, Боғча кўчасида яшовчи фуқаро С.Р. “Қуёшли юрт Водийси” ММТП ҳудудидаги қишлоқ хўжалиги харитасининг 135-контурдаги туман ҳокимлиги захирасида бўлган 0.90 гектарли экин ер майдонидан 0.70 гектар қисмига ноқонуний ўзбошимчалик билан мевали боғ ташкил этиб ҳамда уч хонали уй-жой қуриб, ҳеч қандай ҳужжатларсиз 2009 йилдан буён ҳозирга қадар фойдаланиб келганлиги, фуқаро А.У. ҳам айнан шу контурдаги экин ер майдонидан 0.10 гектар қисмига ноқонуний равишда ўзбошимчалик билан мевали боғ ташкил этиб, ҳеч қандай ҳужжатсиз, тегишли мутасадди идораларни рухсатисиз фойдаланиб келаётганлиги аниқланди.
Юқоридаги каби ҳолатлар тумандаги Қўшқайрағоч МФЙда яшовчи Ф. А. “Туркистон янги куч” ММТП ҳудудидаги “Бураматут гулшани” фермер хўжалиги ҳисобидаги 3-контурда жойлашган 9.6 гектарли экин ермайдонидан 0.09 гектар қисмига ўзбошимчалик билан мевали боғ ташкил этган ҳамда 1-хонали уйга қурилиш ишларини бошлаб юборган. Бунинг учун эса ҳеч қандай ҳужжат расмийлаштирилмаган ва тегишли идоралар рухсати олинмаган.
“Ўзагроинспекция” Тўрақўрғон туман бўлими томонидан фуқаролар С.Р, А.У. ва Ф.А.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтК.нинг 60-моддаси 2-қисми билан маъмурий иш қўзғатилди ва туман судига юборилиб жазо муқаррарлиги таъминланиб, ушбу ҳолатларни бартараф этиш юзасидан туман ҳокимлигига тақдимнома киритилди.
"Ўзагроинспекция"нинг Тўрақўрғон туман
бўлими бошлиғи ўринбосари
М.Саидумаров