Айни пайтда вилоят миқёсида пахтачилик ва тўқимачилик кластерлари тасарруфидаги техника парклари томонидан чигит экиш мавсуми олдидан жами 300 тага яқин экишгич, шунингдек, мавжуд 2 мингтадан ошиқ ҳайдов ва чопиқ трактори, 400 тадан ошиқ культиватор, 477 та чизель, 12 минг 200 тадан ортиқ борона механизмларини қайта техник кўрикдан ўтказилган бўлиб, шу кеча-кундузда фермер хўжаликлари ва деҳқон миришкорлар “қаноти” сифатида бу техника ва транспорт воситаларидан тиғиз мавсумда унумли фойдаланилмоқда.
Вилоят қишлоқ хўжалиги тармоғида етакчи ва кўп тармоқли масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Merganteks”, “Parvoz Humo Ravnaq Trans”, “Bahor Chanse Textile”, “Buxoro Zarhal teks”, “WBM Romitex”, “BCT Cluster Agrocompleks”, “Buxoro Agrocluster”, “ARK Еco textile”, “Agrocluster R-tex Qorako’l”, “Яккатут ғаллачилик ва уруғчилик агрокластери” каби таъминотчи–буюртмачи субъектларнинг бу жараёндаги ўрни ва хизмати катта бўлмоқда.
Биргина Қоровулбозор туманида серҳосил маҳаллий навга мансуб пахта етиштиришга ихтисослашган 140 тадан ортиқ фермер хўжалиги айни кунда “Buxoro Agrocluster” ва “ARK Еco textile” МЧЖ лари билан ҳосил етказиб беришга доир яқин ҳамкорлик ўрнатган. Шу боисдан, эрта баҳор чигит экиш олдидан буюртмачи кластерларнинг “Навбаҳор” МФЙ даги техника паркларида ҳам техника ва механизмлар пешма-пеш таъмирланиб, даладаги агротехник тадбирларга жалб қилинган.
— Баҳорги қизғин палла — чигит экиш мавсуми учун чўлқуварлар туманида жами 76 та чопиқ ва ҳайдов трактори, ҳудди шунча культивация, 36 та чигит экадиган, 39 та пушта оладиган механизм, 186 та тишли борона, шунингдек, 11 та “ОВХ” русумли пуркагич техник шай қилиниб, нуқсон ва носозликлари бартараф этилгани ҳолда таъмирланган,—дейди Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси туман бўлими бош мутахассиси Анвар Жамолов.
— Шу билан бирга, айни кунда Навбаҳор ҳудудидаги собиқ “Қоровулбозор пахта тозалаш заводи”да жойлашган “ARK Еco textile” МЧЖ базасида 6 та юқори унумли “CASE-2366” ва “CASE-4088” русумли комбайн ва бошқа механизмлар таъмири бошланган. Комбайнлардаги эҳтиёт қисмлари — донни элаш сеткаси, автошиналари, аккумляторлари, радиатор-совутиш тизими, ўрим тиғи-пичоқлари янгисига алмаштирилмоқда. Бу ерда механик мутахассислар билан бирга пайвандловчи, чилангар, темирчи, механизаторлардан иборат техник жамоа комбайнлар ва уларга зарур механизмларни тез ва сифатли таъмирлаш устида ишларни бошлаб юборди.