Жиззах вилоятида 2020 йил уруғлик учун экилган ғўза майдонларида апробация ўтказиш ва сифатли уруғлик жамғармасини яратишга бағишланган семинар ташкил этилди. Минтақавий тарзда уюштирилган тадбир дастлаб Дўстлик туманидаги “Бахтиёрбек” уруғчилик фермер хўжалиги даласида ўтказилди. Унда Арнасой, Дўстлик ва Мирзачўл туманларининг қишлоқ хўжалиги ташкилотлари ва корхоналари, илмий тажриба ва ишлаб чиқариш марказлари мутасаддилари, уруғчилик фермер хўжаликлари раҳбарлари, кластерлар агрономлари ҳамда “Ўзагроинспекция” нинг Жиззах вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари ходимлари, “Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази” ДУК мутахассислари иштирок этишди.
Тадбир давомида “Ғўза навдорлигини аниқлаш бўйича апробация ўтказиш ва ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида”, “Ғўза навларини тўғри жойлаштириш ва сифатли уруғлик жамғармасини яратишда ғўза апробациясининг мақсад ва вазифалари”, 2020 йил мавсумида уруғлик пахтани қабул қилиш ва хўжаликларни сара уруғ билан таъминлаш борасида пахта тозалаш корхоналарида тайёргарлик ишларининг бориши каби соҳадаги долзарб масалалар юзасидан атрофлича маълумотлар берилди. Қайд этилганидек, ҳар йили пахта етилиши даврида уруғлик учун экилган ғўза майдонларининг навдорлигига баҳо берилади. Ғўза апробациясига оид қўлланмага кўра, апробация ўтказиш даврида уруғлик фондини яратиш учун касалликлар ва зараркунандаларга чалинмаган, маҳсулдор, нав тозалиги юқори бўлган далалар танланади.
- Апробация жараёнида уруғлик майдонларида кутилаётган ялпи ҳосил, уруғлик пахта миқдори, нав тозалиги, касалликлар билан зарарланиш даражаси аниқланади, -дейди “Ўзагроинспекция” нинг Жиззах вилоят бошқармаси бош инспектори Ўрол Қаршибоев. - Уруғлик учун экилган майдонларда ғўзалар вилт, (вертициллиоз, фузариоз), гоммоз касалликлари ҳамда қишлоқ хўжалик зараркунандалари билан зарарланган, кам ҳосилли, чанқатиб қўйилган, ривождан орқада қолган тақдирда ушбу майдонлар тегишлича ҳужжатлаштириб, апробация ўтказиш режасидан чиқарилади.
Шунингдек, Пахтакор туманида Зарбдор, Зафаробод ва Шароф Рашидов ва Пахтакор туманларида фаолият кўрсатаётгани уруғлик фермер хўжаликлари ва кластерлар учун ўтказилган семинарда ҳам уруғлик ғўза майдонларида апробация ўтказишнинг тартиб тамойиллари, мазкур тадбирга бириктирилган комиссия аъзолари ва уруғлик хўжаликлари раҳбарлари олдига қўйилган қатъий талаблар етказилди. Таъкидланишича, вилоят бўйича 2020 йил ҳосили учун тендер асосида танлаб олинган 277 та фермер хўжалигининг жами 7,5 минг гектар майдонида уруғлик пахта етиштирилмоқда. Жумладан, 2,7 минг гектарга «Султон», 2,5 минг гектарга «Бухоро-102”, 1,0 минг гектарга «Ан-Баявут-2», 1,0 минг гектарга “С-6524», 115,0 гектарга “Генофонд-2” ҳамда 6,0 гектарга “УзФА-713” ва 30,0 гектарга “УзФА-707” каби янги навлар экилган.
Семинар якунида август ойи ҳосил тақдирини ҳал этадиган ой экани яна бир бор таъкидланиб, фермерларимиз ҳар бир дақиқани ғанимат билган ҳолда виждонан ва шижоат билан ишлаш кераклиги уқтирилди. Уруғлик пахта экилган майдонларда апробацияни қонун талаблари асосида ўз муддатида сифатли амалга ошириш бўйича масъулларга зарур тавсиялар берилди.
"Ўзагроинспекция" Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати