Ру Ўз O`z En

“Ўзагроинспекция” томонидан сувнинг ҳисоб-китоби юритилиши назорат қилинади

29 Май 2020 2806

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 майдаги “Қишлоқ хўжалигида сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва сувни етказиб бериш бўйича харажатларни қоплаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 310-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Инспекция бошлиғининг 2020 йил 27 майда И28-сонли буйруғи ишлаб чиқилди.

Мазкур буйруққа асосан, сувни етказиб берувчи ташкилотлар билан сувдан фойдаланувчилар (истеъмолчилар), сувдан фойдаланувчилар билан сув истеъмолчилари ўртасида юритиладиган сувнинг олди-берди журналларини шнурланган ҳолда Инспекциянинг туманлар бўлимларида рўйхатга олиш тартиби жорий этилади.

Унга кўра, жойлардаги сув етказиб берувчи ташкилотлар, сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларининг сув олиш жойлари инвентаризациядан ўтказилиб, сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозланган сув олиш жойларига ҳамда юритилаётган сувни олди-берди журналларига аниқлик киритилади.

Худди шунингдек, сувни олди-берди журналларини рўйхатдан ўтказиш ҳамда сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозланмасдан сув олиш ҳолатларига нисбатан таъсирчан чоралар қўллаш тартиби тўғрисида жойларда ўқув семинари ўтказилади.

Ўз навбатида,  инвентаризация натижаларига кўра аниқланган сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозланмаган ҳамда сувнинг олди-берди журнали юритилмаган ҳолатлар юзасидан белгиланган тартибда тегишли таъсирчан чоралар кўрилади.

Сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш ҳамда сувнинг ҳисоб-китоби юритилиши юзасидан тизимли мониторинг ўрнатилиб, жойларда мақсадли ўрганишлар ўтказиб борилади.

 

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган

сув ресурслари ва ерлардан фойдаланишни

назорат қилиш бошқармаси бошлиғи:                                А.Ташматов 

 

Text to speech