Китобхонлик маданиятини юксалтириш – буюк мақсадларимизга эришишимизнинг муҳим кафолатидир.
Ш. Мирзиёев
Буюк мақсадлар рўёбида китобнинг ўрни беқиёс. У инсон шуурини мисоли машъала янглиғ ёритиб, зиё нури орқали кишини маънавият сари етаклайди. Камолотнинг юксак чўққисига чиқишда ҳам китоб чексиз куч-қудрат воситасидир. Шу боис азал-азалдан маърифат пешволари, аҳли донишлар китоб ўқишни ўзларининг ҳаётий мазмунига айлантириб, ундан илму одоб сирларини ўрганишга чорлаб келишган.
Таъкидлаш керакки, кейинги йилларда аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойиши ҳамда 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида” ги қарори жамиятда китобхонликка бўлган муносабат ўзанини ижобий томонга бурди.
Давлат раҳбари томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг тўртинчи йўналиши ҳам мазмунан шунга қаратилган. Бу ўз навбатида ёшларнинг маънавий баркамол бўлиб улғайиши, турли ёт иллатларга қарши туриши, ўз касби ва ватанига садоқатли бўлишини таъминлайди. Инновацион ютуқлардан самарали фойдаланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Жиззах вилоят бошқармасида электрон кутубхона ташкил этилди.
-Ҳозирда “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси ва туман бўлимларида жами 113 нафар ходим фаолият кўрсатаётган бўлиб, шундан 31 нафари 30 ёшгача бўлган ёшларни ташкил этади, -дейди бошқарманинг катта инспектори, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси Д.Зиятов. – Бунга барча ҳамкасбларимиз, айниқса китобсевар тенгдошларимиз қизиқиш билан қарашмоқда. Ўйлайманки, янгилик келгусида уларнинг китобга бўлган меҳри ва завқини янада оширишга хизмат қилади.
Маълумот ўрнида, электрон жавондан 50 га яқин ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий, бадиий, тарихий ҳамда аграр соҳага оид турли туман адабиётлар жой олган. Фойдаланувчилар телефонида QR кодни сканер қилиб, тақдим этилган ҳавола орқали базадан ўзига керакли адабиётнинг электрон нусхасини бир зумда топиши ва ўзининг шахсий уяли телефонига юклаб олишлари мумкин.
“Ўзагроинспекция” Жиззах вилоят бошқармаси