Илк маротаба Халқаро пахта куни 2019 йил 7 октябрда нишонланди. Пахтанинг жаҳон иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида муҳим маҳсулот эканлигини инобатга олган бир қатор давлатлар Бирлашган миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеясига расмий мурожаат билан чиқишган эди.
Халқаро пахта кунини нишонлашдан мақсад жаҳон иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида муҳим ўринга эга бўлган маҳсулот билан боғлиқ бўлган соҳадаги муаммолар ва имкониятларга жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини қаратиш, унинг ижтимоий ва иқтисодий ҳаётдаги ижобий ўрнини кўрсатишдан иборатдир.
Ўзбекистон ҳам ушбу санани соҳада амалга оширилган муаваффақиятлар билан кутиб олмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида қисқа муддат ичида ушбу соҳада мисли кўрилмаган ислоҳотлар юз бериб, тарихий ва асрлар давомида кутилган ўзгаришлар амалга оширилди ва оширилмоқда.
Эътиборингизга соҳада амалга оширилган муҳим фактларни ҳавола этмоқчимиз:
1. 2020 йил ҳосилидан ашёсини етиштиришда давлат буюртмасини бекор қилинди. 2017 йилда бошланган ислоҳотлар натижасида пахта эндиликда пахта тўқимачилик-кластерлари ва фермерларнинг ихтиёрий кооперацияларига тегишли пахта тозалаш корхоналарида қайта ишланади;
2. 2020 йилдан бошлаб пахта хом ашёсининг харид нархини белгилаш амалиётидан воз кечилди;
3. Пахта хом ашёсини етиштирувчилар (фермер хўжаликлари, пахта-тўқимачилик кластерлари, кооперациялар)га районлаштирилган ғўза навларини эркин жойлаштириш ҳуқуқи берилди;
4. 2021 йил ҳосилидан бошлаб пахта хом ашёси етиштириш учун кредит олишда фермер хўжаликлари томонидан мустақил равишда амалга ошириш ҳуқуқи берилди;
5. пахта хом ашёсини харид қилиш ва пахта йиғим-терими харажатларини молиялаштириш учун пахта-тўқимачилик кластерлари ва кооперацияларга бериладиган тижорат кредитлари бўйича тўланадиган фоиз ставкаларини белгиланган миқдорда давлат маблағлари ҳисобидан компенсация бериш имтиёзлари жорий этилди;
6. Пахтани теришда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатидан фойдаланишни буткул тугатиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди;
Таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари, бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини, таълим муассасалари ўқувчи ва талабаларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш тақиқланди, уларни бевосита ёки билвосита жалб қилган мансабдор шахсларга нисбатан қатъий интизомий чоралар қўлланиладиган бўлди;
7. Халқаро меҳнат нормаларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш бўйича ишлар давом эттирилди – ХМТнинг 4 та конвенцияси (“Уч томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисида”ги 144-сонли, “Қишлоқ хўжалигида меҳнат инспекцияси тўғрисида”ги 129-сонли, “Саноат ва савдода меҳнат инспекцияси тўғрисида”ги 81-сонли конвенциялар ва “Мажбурий меҳнат тўғрисида”ги 29-сонли Конвенциясига Баённома) ратификация қилинди;
8. Биргина 2019 йилдаги ўрганишлар давомида жами 259 та мажбурий меҳнат ҳолатлари аниқланиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига асосан 772 млн. сўм миқдорида жарималар қўлланилган. Мажбурий меҳнат ҳолатларининг 141 таси пахта йиғим-терим мавсумида содир этилганлиги аниқланган. 2019 йил пахта йиғим-терим мавсуми давомида мажбурий меҳнат йўл қўйган 43 та мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жазо чораси қўлланилган. Жазо чоралари қўлланилган шахслар ҳақидаги маълумотлар Меҳнат вазирлиги сайтида эълон қилинди;
9. Ўзбекистон Республикасининг 22.01.2020 йилдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-603-сонли қонуни билан мажбурий меҳнатга йўл қўйганлик учун маъмурий жавобгарликнинг кучайтирилди, маъмурий жазо қўлланилгандан кейин мажбурий меҳнатга йўл қўйганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилди;
10. Ўзбекистонда илк маротаба пахта иқтисодий ва ижтимоий барқарор BCI стандартлари асосида етиштирилди. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт бўйича федерал вазирлиги ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ўртасида “Пахтачилик саноатида барқарор ривожланиш ва қўшилган қийматни ошириш“ глобал дастури ишга туширилди. Унга кўра 2021 йилда Қашқадарё, Сирдарё ва Самарқанд вилоятларида BСI критерийлари асосида 10 200 га ерда пахта етиштириш кўзда тутилган;
11. Ушбу даврда илк марта Ўзбекистонда ҳалқаро давлат стандарти асосида органик пахта етиштирилди. 2019 йилда Тошкент вилоятининг “Textile technologies group” МЧЖ ХК фаолияти ва унинг Чиноз пахта тўқимачилик ишлаб чиқариш кластери томонидан Ўзбекистонда илк бор 217 га ерда органик пахта етиштирилган, 2020 йилда 600 га ерга органик пахта етиштириш режалаштирилган;
12. Сув сарфида самарали фойдаланиш, сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этишни рағбатлантириш мақсадида харажатларнинг бир қисмини, шунингдек, уларни харид қилиш ва қуришга ажратиладиган банк кредитлари бўйича фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш амалиёти жорий этилди. 2019--2022 йилларда экинларни суғоришда 253,4 минг гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш белгиланган бўлиб, Шу кунгача Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2020 йилгача жами 77,5 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган;
13. Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 - 2030 йилларга мўлжалланган стратегиясининг устивор йўналишларининг бири сифатида табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳит муҳофазасини таъминлаш деб белгиланган;
14. Республикада, жумладан пахта уруғчилиги, етиштириш, қайта ишлаш соҳасида илмий-тадқиқотларни молиялаштиришнинг умуман янгича тизими жорий этилди;
15. Етиштирилган пахта толаси Ўзбекистонда тўлиқ чуқур қайта ишлаш бўйича қарор қабул қилинди. Мутахассисларнинг ҳисоб китобига қараганда Республикада етиштирилган пахта толаси экспортга 1,3 млрд. АҚШ доллари қийматида сотилган бўлса уни чуқур қайта ишлаб, тайёр маҳсулот кўринишида анча юқори қийматга -7,5 млдр. АҚШ долларига сотиш мумкин. Бунинг натижасида ўн минглаб одамлар учун даромад манбаи бўлиб ҳисобланадиган иш ўринлари, янги фаолият йўналишлари, мамлакатга янги инновациялар ва технологияларни яратилиши ва ўзлаштирилиши учун замин яратилади.
Эришилган ютуқларга қарамай, ҳали соҳада ҳал этилмаган ва ечимини кутаётган муаммолар ва катта имкониятлар талайгина. Ўйлаймизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг сиёсий иродаси ва ташаббуси билан пахта соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар давом этади ва ҳар йили ушбу кунни янги зафарлар билан кутиб оламиз.
Шоирагул Мамадалиева, “Ўзагроинспекция” пахта хом-ашёси ва уни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими бош инспектори