Ру Ўз O`z En

Ўзбошимча фуқаролар томонидан давлатга 25 миллион сўмдан зиёд иқтисодий зарар етказилган

9 Июнь 2020 2358

 

“Ўзагроинспекция”нинг Навоий вилояти, Қизилтепа туман бўлими томонидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер ресурсларидан самарали фойдаланишини назорат қилиш йўналишида доимий назорат тадбирлари олиб борилмоқда.

Бунда Президентининг 2019 йил 17 июндаги “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ер кодекси” ижросини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.  Жумладан, “Ўзагроинспекция”нинг туман бўлими инспекторлари, туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими мутахассиси ва “Шаҳзод келажаги” фермер хўжалиги раҳбари Р.Бозоровлар иштирокида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларидан самарали фойдаланиш аҳволи ўрганилди.

Назорат тадбирлари давомида “Тошработ” ҳудуди “Ғамхўр” маҳалласида фаолият юритаётган “Шаҳзод келажаги” фермер хўжалигига ижарага ажратиб берилган 820 контурдаги 8,71 гектар 45 балл бонитетли суғориладиган экин ер майдонининг жами 0,36 гектари фуқаролар томонидан ноқонуний равишда эгаллаб олинганлиги аниқланди. Шундан 0,11 гектар ер майдонида уй-жой бинолари қуриб олинган.

Натижада фуқаролар томонидан давлат манфаатига 25 миллион 778  минг сўм миқдорида иқтисодий зарар етказилгани аниқланди.

Мазкур қонун бузилишига сабабчи бўлган шахсларга нисбатан тўпланган ҳужжатлар туман прокуротурасига юборилди ва жиноят иши қўзғатилди.

Шунингдек, май ойида “Тошработ” ҳудуди “Қалъаи-Азизон” маҳалласида яшовчи фуқароларнинг Инспекция туман бўлимига қилган мурожаатига асосан ушбу ҳудуддан ўтувчи “Тошработ” ёпиқ ётиқ дренаж тармоғида носозлик келиб чиққанлиги ўрганилди. Натижада ер ости сизот сувларининг кўтарилиши оқибатида фуқаролар томонидан томорқа ерларида қишлоқ хўжалиги экинлари экиб, маҳсулот етиштиришда қийинчиликларга дуч келинаётганлиги маълум бўлди.

Юзага келган салбий ҳолатни бартараф этиш мақсадида Инспекциянинг туман бўлими бошчилигида масъул мутасадди ташкилотлар мутахассислари жалб қилинган ҳолда махсус техника ёрдамида “Тошработ” ёпиқ ётиқ дренаж тармоғида аниқланган носозлик тезда бартараф этилди.

 

“Ўзагроинспекция” Навоий вилояти бошқармаси

Text to speech