Ру Ўз O`z En

ПАХТА-2020: ЎЛЧОВ ВОСИТАЛАРИ МАВСУМГА ШАЙМИ?

20 Август 2020 3213

Кўп ўтмай, қишлоқ хўжалигидаги муҳим тадбир пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш жараёни бошланади. Шундан келиб чиқиб Навоий вилоятида соҳалар кесимида барча керакли тайёргарликлар амалга оширилмоқда. Хусусан, пахта қабул қилиш масканлари ва улардаги синов лабораторияларида ҳам қизғин мавсум олдидан ҳозирлик ишлари ниҳоясига етай деб қолди. Маълумот ўрнида айтиш керак, Вилоятда бугунги кунда 16 та пахта қабул қилиш маскани мавжуд бўлиб, улар жорий йил пахта ҳосилидан 99 минг 100 тонна пахта хом ашёси қабул қилишни режалаштирилган.

Ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Навоий вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари ходимлари мазкур масканларда бўлиб, зарур назорат тадбирларини ўтказдилар.

Инспекторлар томонидан вилоятдаги пахта тўқимачилик кластерларига қарашли пахтани қайта ишлаш корхоналари ҳамда пахта қабул қилиш масканларидаги 2020 йил пахта ҳосилини қабул қилишда фойдаланиладиган мавжуд автомобиль тарозилар, синов лабораторияларидаги синов ускуна ва ўлчаш воситаларини таъмирлаш ҳамда белгиланган тартибда давлат қиёслов кўригидан ўтказиш ишлари назоратга олинди. Айтиш керакки, фермернинг машаққат билан етиштирган ҳосилининг ўлчови ва сифатидан норозичилигини олдини олиш, миришкор ва пахта қабул қилиш масканлари ходимлари ўртасидаги турли баҳсли вазиятларга ўрин қолдирмаслик, замонавий ўлчов воситаларининг созлиги муҳим аҳамиятга эга. Ўтказилган назорат тадбирларида бу жиҳатга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

 

 

 

Жумладан, “Навбаҳор текстиль” масъулияти чекланган жамиятига қарашли “Навбаҳор пахта тозалаш” корхонасининг завод олди, Кескантерак ва Ижанд пахта қабул қилиш масканларидаги 2020 йил пахта ҳосилини қабул қилишда фойдаланиладиган мавжуд замонавий автомобиль электрон тарозилари, синов лабораторияларидаги синов ускуна ва ўлчаш воситалари “Таъмирчи” ишлаб чиқариш корхонаси тарози таъмирловчи томонидан таъмирланди. Шу билан бирга “Ўзбекистон Миллий Метрология Институти” давлат корхонаси Навоий филиали томонидан белгиланган тартибда давлат қиёслов кўригидан ўтказилди. Бундан ташқари мазкур филиалнинг 2020 йил 10 августдаги қиёслаш далолатномаси билан расмийлаштирилиб, сертификатлар берилиши таъминланди.

Шунингдек, “Бахт текстиль” МЧЖга қарашли “Қизилтепа пахта тозалаш” корхонасининг завод олди, Азизобод, Тошработ, Халқобод, Ўртачўл, Кармана ва А.Навоий ҳамда “Хатирчи пахта тозалаш” корхонасининг завод олди, Ж.Турсунов, Ҳ.Рахимов, О.Равшанов, Ўзбекистон ва Гулистон номли пахта қабул қилиш масканларидаги ўлчов воситалари ҳам таъмирланиб, фойдаланишга шай ҳолатга келтирилди. Улар ҳам “Ўзбекистон Миллий Метрология Институти” давлат корхонаси Навоий филиали томонидан давлат қиёслов кўригидан ўтказилди ва жорий йилнинг 14 ва 17 август саналаридаги қиёслаш далолатномаси билан расмийлаштирилиб, сертификатлар берилди. Шу билан биргаликда тарозининг тўғри ишлаши ҳамда лабораторияда ўтказиладиган барча синов жараёнлари ва уларнинг натижаларини қайд қилинишида доимий назорат ўрнатилган.

 

 

-Пахта қабул қилиш масканларидаги ҳар бир жараён, ҳалоллик ва шаффофликка асосланган бўлиши лозим,- дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси меъёрий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш, сертификатлаш ва метрология бўлими бош инспектори Улуғбек Юсупов. - Бу ҳосилни электрон тарозида ўлчашдан тортиб, унинг намлиги, синфи, нави, ифлослик даражасини аниқлашгача бўлган кетма-кетликни қамраб олиши зарур. Шу баробарида пахта килограммидан асоссиз чегирмаларга ҳам йўл қўйилмаслиги керак. Шунга кўра, мавжуд пахтани қабул қилиш масканларидаги ХКЗ190-А9 русумли 30 ва 60 тоннали автомобиль ҳамда электрон, ВК-600 русумли лаборатория тарозилари, ВХС-600 русумли пахта намлигини аниқлаш ускуналари ва бошқалар мавсумга шай ҳолатга келтирилди.

Олиб борилган бу каби назорат тадбирлари яқин қолган қизғин жараёнда пахта хомашёсига тўғри ва ҳаққоний баҳо берилиши ҳамда асосийси, фермернинг пахта сифат кўрсаткичларидан розилигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

“Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

 

Text to speech