Ру Ўз O`z En

Пахта-2020: Жиззах вилоятининг Зарбдор туманида ғўза парвариши етарли даражада олиб борилмоқда-ми?

14 Август 2020 2844

Сифатли пахта хом-ашёсини етиштириш деҳқондан уддабуронликни ва тадбирли бўлишни талаб қилади. Негаки, чигит уруғини етиштиришдан тортиб, уни ерга қадаш, кўчатларни ундириб олиш, вояга етказиш ва парваришлашнинг ўзи бўлмайди. Буни йиллар давомида деҳқончилик қилиб келаётган миришкорлар жуда яхши билади. Ерга чигит қадалгандан токи унинг униб ўсгунигача тинимсиз меҳнат, кунни тунга улашга тўғри келади. Айниқса, жорий йилнинг баҳор ойи ҳар қачонгидан серёғин ва мураккаб келгани миришкор-деҳқонларга катта қийинчилик туғдирди ва табиатнинг кутилмаган ҳодисалари масъулиятни ўн чандон оширди.

Ниҳолларнинг жадал ўсишини таъминлаш мақсадида Жиззах вилояти бўйлаб культивация, чуқур юмшатиш, азотли минерал ўғитлар билан баҳорги биринчи озиқлантириш ишлари жадалликда олиб борилди. Бу борада “Ўзагроинспекция” нинг Зарбдор тумани бўлими ходимлари томонидан техникаларнинг яроқлилиги, агротехник тадбирларнинг сифатли бажарилиши устидан доимий назорат ўрнатилган. Яъни, туманда 468 та фермер хўжаликларининг 11 минг 200 гектар чигит экилган майдонларида зарур агротехник тадбирларни ўз вақтида кечиктирилмай амалга оширилиши таъминланмоқда. Шу билан бирга ходимлар фермерлар билан учрашиб, уларга керакли тавсия ҳамда маслаҳатларни бериб келишаяпти.

Маълумот ўрнида, туман бўйича ғўза қатор ораларига ишлов бериш ишларида 247 та чопиқ тракторлари, 247 та культиватор, 52 та юқори унумли техника, ғўзани баргидан озиқлантириш ишларида 116 та пуркагичлар иштирок этмоқда. Агротехник тадбирларга эса 1 минг 253 нафар ишчи жалб этилган. Жумладан, Бахт ФХҲУ ҳудудида 2020 йил пахта ҳосили учун 20 та фермер хўжаликларининг 540,8 гектар майдонларида 12 та чопиқ тракторлари, яна шунча культиваторлар қатор ораларини культивация қилиш ишларига жалб этилган бўлиб, ушбу тадбир бугунги кунда авж палласига кирган. Мисол учун, мавжуд 50 гектар ер майдонининг 30 гектарига пахта эккан «Лалмикор ер» фермер хўжалигида агротехник тадбирлар бир зум бўлса-да, сусайтирилгани йўқ. Хўжалик аъзолари ушбу ерга пахтанинг «Элита Султон» навидан қадаганлар. Ҳозирги кунда қишлоқ мулкдорларининг ғўза майдонида агротехник ишлари давом эттирилмоқда. Ер эгаларига тегишли учта техниканинг барчаси янги ва замонавийдир.

Бир сўз билан айтганда, ҳудудда суспензия билан ишлов бериш, зараркунандаларга қарши кураш, ўғитлаш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Мақсадимиз, эртага мўл ҳосил олишга эришишдан иборат. Кези келганда айтиб ўтиш жоиз, фермер хўжаликларида механизаторларга ойлик маошлар вақтида бериб бориляпти. Шу билан бирга уларнинг дам олиши учун ҳам зарур шарт-шароитлар яратиб берилган. Механизаторлар уйи доимий шай ҳолатда. Хуллас, ўз вақтида олиб борилаётган сифатли агротехник тадбирлар пахта хомашёсини ўз вақтида етиштиришдаги аҳамияти каттадир.

 

Исломбек Умматов, “Ўзагроинспекция” Зарбдор туман бўлим техника ҳолати ва агротехник тадбирларни назорат қилиш шўъбаси инспектори

 

Text to speech