Ру Ўз O`z En

Пахта экилиши керак бўлган майдонга полиз экинлари экилган...

27 Август 2020 3009

Мамлакатимизда фермер хўжаликларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти учун қулай шароит яратиш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда. Шундай бўлсада, бугунги кунда айрим фермер хўжаликлари томонидан қонунни била туриб, ердан фойдаланиш бўйича қонунчиликда назарда тутилган норма ва қоидаларга риоя этмаслик ҳолатлари учраб турибди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Зафаробод туман бўлими томонидан олиб борилган ўрганиш ва текширувларда аниқланган қонунбузарликлар фикримизни яққол исботлайди.

Жумладан, тумандаги С.Синдаров ФХҲУ даги пахта-ғаллачилик йўналишида фаолият кўрсатаётган “Қулмирзо бобо” фермер хўжалигига жами 79,5 гектар ер ажратилган. Туман ҳокими қарори билан хўжаликнинг 29 гектар майдонига 2020 йил ҳосили учун пахта экилиши режалаштирилган. Аммо пахта экиладиган ернинг 1 гектарига полиз экинлари экилиб, ердан фойдаланиш қоидалари қўпол равишда бузилган.

Шундай ҳолатлардан яна бири тумандаги “Сулувқўрғон” фермер хўжалигида кузатилган. Бугунги кунда фермер хўжалиги тасарруфида жами 98,7 гектар ер майдони мавжуд бўлиб, режага мувофиқ, 35,7 гектар майдонга пахта экилиши белгиланган. Аммо ўз мажбуриятидан четга чиқиб, режалаштирилган ернинг 33 гектарга пахта экиб, қолган 2,7 гектарига полиз экинларини жойлаштиришни “лозим” топади. Бу эса Маъмурий жавбгарлик тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 65 – моддасида назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлади.

Худди шундай ҳолат “Жомбой” фермер хўжалигида ҳам содир этилган. Хўжаликка жами 95,4 гектар ер майдони тегишли. Шундан 60 гектарига бошоқли дон (буғдой) экилиши керак бўлган ернинг 1,5 гектарига хўжалик раҳбари ўзбошимчалик билан полиз экинларини экиб олади.

Юқоридаги ҳолатлар бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Маъмурий жавбгарлик тўғрисидаги Кодекснинг тегишли бандларига кўра, “Қулмирзо бобо” фермер хўжалиги, “Сулувқўрғон” ҳамда “Жомбой” фермер хўжалиги раҳбарларига тегишли миқдорда жарима жазолари тайинланади.

 

Ўсарбой Ўтанов,“Ўзагроинспекция”нинг Зафаробод туман бўлими қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурслари ва ерлардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими катта инспектори

 

Text to speech