Ру Ўз O`z En

Пахта ҳосилини қабул қилишда сифатни тўғри баҳолаш харид нархини ҳаққоний белгилашга асосдир

16 Сентябрь 2020 3471

Айни дам Сирдарё вилояти миришкор деҳқонлари томонидан эрта баҳорда экилган пахта чигитининг ҳосили ва ёз бўйи қилинган меҳнатлар самараси тарозига тушаётган палла. Етиштирилган пахта хом-ашёсини сифатли йиғиб-териб олиш ва пахта қабул қилиш масканларига топшириш мавсуми бошлаб юборилган.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Сирдарё вилоят бошқармаси томонидан Мирзаобод тумани, "Мирзаобод универсал трайд" МЧЖ пахта қабул қилиш масканида ўтган ҳафта ўтказилган ўқув семинари пахта қабул қилиш масканларидаги лабораторияларда фермер хўжаликлар томонидан топширилаётган пахта хом-ашёсини қабул қилиш, миқдори ва сифатини аниқлашда вужудга келадиган муаммоларни ҳал этиш каби масалаларга бағишланди.

2020 йил ҳосилидан бошлаб, республикада етиштирилган пахта тўлиқ пахта тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликларининг ихтиёрий кооперациялари таркибидаги пахта тозалаш корхоналарида қайта ишланади.

Тўқимачилик саноатининг муҳим хом-ашёси бўлиб ҳисобланадиган пахта толаси сифати нафақат уни пахта тозалаш корхоналарида сақлаш, қайта ишлаш жараёнини тўғри ташкил этилишига, балки далалардаги пахтани сифатли териб олиш, уларни пахта тайёрлов масканларида тўғри қабул қилиш ва ғарамларга нави, намлик ва ифлослик кўрсаткичи бўйича тўғри жамлашга ҳам боғлиқ.

Шу билан бирга пахтани қабул қилишда нави, ифлослиги, намлиги ва миқдорини тўғри аниқлаш фермер хўжалиги томонидан топширилаётган пахтанинг харид нархларини ҳаққоний белгилаш, пахтанинг кондицион вазни бўйича адолатли устама ва чегирмалар қўллашда ҳам муҳим ўрин тутади.

Пахтанинг сифати ва миқдорини аниқлаш натижалари тайёрлов маскани лабораториялари ходимларининг синовларни ўтказиш малакаси, стандарт талабларини билишлари, синовларда қўлланиладиган синов воситалари ва жиҳозларнинг талабларга жавоб беришига боғлиқ.

Пахтани топшириш ва қабул қилиш иштирокчилари томонидан пахтани қабул қилиш, синовларни ўтказиш тартибини ўрганиш ноўрин низоли ҳолатларни келиб чиқишини олдини олади, пахтани тоза ва қуриқ териш орқали устамалар олишни рағбатлантиради.

Бу йил вилоятда 2020 йилда 72 минг 557 гектар майдонга уруғ қадаган Сирдарёлик пахтакорлар томонидан жами 203 минг 650 тонна сифатли пахта хом-ашёсини йиғиштириб олиш режалаштирилган.

Айни вақтда ҳудудда фаолият юритиб келаётган 6 та пахта тўқимачилик кластерлари томонидан 2020 йил пахта ҳосилини қабул қилиб олиш учун 20 та пахта қабул қилиш масканлари мавсумга тайёрланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 сентябрдаги “2020 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 545-сонли қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, пахта қабул қилиш масканларидаги лабораторияларда пахта хом-ашёсини қабул қилишда соф (физик) вазн билан кондицион вазн ўртасидаги фарқларнинг ҳаққонийлиги ва чегирмаларнинг қўлланилиши юзасидан тизимли назорат ўрнатиш ҳамда тарафлар ўртасида юзага келадиган низоларнинг олдини олиш мақсадида ҳудудларда малакали мутахассислардан иборат “Арбитраж” гуруҳлари ташкил этилди.

Семинарда иштирокчиларга лабораторияда пахта хом-ашёсини синов жараёнларида йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар сабабли келиб чиқиши мумкин бўлган низоли ҳолатлар юзасидан тушунчалар берилди ва низоли ҳолатларда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди

Хусусан, қабул масканларига келтирилган ҳосилнинг намлиги, ифлослилик даражасини аниқлаш, лаборатория текширувларини ўтказиш, меъёрий ҳужжатлар асосида иш ташкил этиш каби масалаларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Тадбирда Инспекциянинг туман бўлимларининг пахтани қабул қилиш, миқдори ва сифатини аниқлаш, вужудга келадиган муаммоларни ҳал этиш бўйича тузилган ишчи гуруҳи аъзолари иштирок этдилар. Семинар иштирокчиларига 2020 йил пахта ҳосилини қабул қилишда пахтанинг сифати ва миқдорини аниқлаш, шунингдек низоли ҳолатларни кўриб чиқиш бўйича пахта етиштирувчи фермер хўжаликлари, кластерлар, тайёрлов масканлари ходимлари ҳамда “Ўзагроинспекция”нинг инспекторларига тавсияларни ўз ичига олган методик қўлланмалар тарқатилди.

 

Шерзод Нарбаев, "Ўзагроинспекция"нинг Сирдарё вилоят бошқармаси Пахта хом-ашёси, дон, уруғлар ва уларни қайта ишлашдан олинган махсулотлардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими бош инспектори

 

Text to speech