2021 йилда 72 минг 557 гектар майдонга уруғ қадаган Сирдарёлик пахтакорлар мавсумда жами 232 минг 200 тонна сифатли пахта хом-ашёсини йиғиштириб олишни ният қилинган.
Вилоятда фаолият юритиб келаётган 9 та пахта тўқимачилик кластерлари тасарруфидаги 19 та пахта қабул қилиш масканлари мавсумга сифатли тайёрланиб, деҳқонларимиз томонидан терилган пахта хом-ашёсидан хирмонлар барпо этишмоқда.
2021 йилда етиштирилган пахта ҳосилини Пахта қабул қилиш масканларига топширишда юзага келадиган низоли ҳолатларни адолатли ҳал этиш юзасидан “Ўзагроинспекция”нинг Сирдарё вилояти бошқармаси томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 августдаги “Жорий йилги пахта ҳосилини уюшқоқлик билан нес-нобуд қилмасдан ўз вақтида ва сифатли йиғиб-териб олиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган вазифалар тўғрисида”ги 153-сонли йиғилиш баёнда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, пахта қабул қилиш масканларидаги лабораторияларда пахта хом-ашёсини қабул қилишда соф (физик) вазн билан кондицион вазн ўртасидаги фарқларнинг ҳаққонийлиги ва чегирмаларнинг қўлланилиши юзасидан тизимли назорат ўрнатиш ҳамда тарафлар ўртасида юзага келадиган низоларнинг олдини олиш мақсадида ҳудудларда малакали мутахассислар жалб қилинган ҳолда 9 та “Арбитраж” гуруҳлари ташкил этилди.
Мавсум бошидан буён жорий йилининг 12 октябрь ҳолатига тайёрлов масканларида қабул қилинаётган пахта хом-ашёсининг намлиги ва ифлослигини аниқлаш юзасидан “Арбитраж” гуруҳларига 107 та мурожаат келиб тушган. Ушбу мурожаатлар адолатли ва шаффофлик тарзда кўриб чиқилиб 79 та (74%) ҳолатда фермер хўжаликлари фойдасига, 28 та (26%) ҳолатда тайёрлов корхоналари фойдасига ҳал этилган.
Жумладан, Гулистон туманида 20 та, Боёвутда 7 та, Ховосда 16 та, Оқолтинда 10 та, Сардобада 14 та, Сайхунободда 15 та ва Сирдарё 25 та низоли ҳолатлар барчаси ўз ечимини топди.
Тадбиркорлик субъектларининг ҳар бир мурожаатларига асосан “Арбитраж” гуруҳлари томонидан низоли ҳолатларни ҳал этиш натижалари бўйича белгиланган тартибда далолатномалар расмийлаштириб борилмоқда – дейди “Ўзагроинспекция”нинг Сирдарё вилоят бошқармаси бош инспектори Умарали Сирожидинов.
“Ўзагроинспекция”нинг Сирдарё вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари ходимлари томонидан фермер хўжаликлари, пахта тўқимачилик кластерларида етиштирилган пахта хом-ашёсини юқори навларга топшириш орқали қўшимча даромад манбаини яратиш ҳамда пахта хом-ашёсини сифатли қабул қилиб ва уни қайта ишлаш орқали рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш мумкинлиги юзасидан тушунтиришлар ва керакли тавсиялар бериб борилмоқда.
“Ўзагроинспекция”нинг Сирдарё вилоят бошқармаси ахборот хизмати.