Ру Ўз O`z En

Пахта толаси ишлаб чиқариш ва тола сифатини назорат қилишда Америка тажрибаси

6 Август 2020 7263

2019-2020 пахта ҳосилида дунё бўйича 25,923 млн тонна пахта етиштирилган бўлса, Америка Қўшма Штатлари пахта етиштириш бўйича дунёда Ҳиндистон ва Хитойдан кейин 3-ўринни эгаллаган. Халқаро пахта маслаҳат қўмитасининг маълумотига кўра Штат ушбу даврда 4,377 млн тонна пахта толаси ишлаб чиқарган.

Дунёда ишлаб чиқарилган толанинг 9,41 млн тоннаси экспорт қилинган бўлса, унинг 38,2 фоизи ёки 3,592 млн тоннаси АҚШ томонидан экспорт қилинган ва пахта экспорти бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллаган. Шунингдек АҚШда ишлаб чиқарилган толанинг 82 фоизи экспорт қилинган. Ушбу даврда АҚШда 734 млн тонна пахта толаси қайта ишланган. Шундай экан ривожланган давлатнинг пахта толаси ишлаб чиқаришдаги тажрибасини ўрганиш катта аҳамиятга эга.

 

Пахта асосан АҚШ нинг жанубий шататларида етиштирилади

 

АҚШда пахта хом-ашёси сотилмайди, шу сабабли пахта хом-ашёси учун стандартлар мавжуд эмас. Пахта хом-ашёси кооперативларга, компанияларга қарашли ёки хусусий пахта тозалаш корхоналарида тегирмон сифатида қайта ишланади, қайта ишлаш ҳаражатларини одатда ишлаб чиқарилган пахта чигити билан тўланади, шу билан бирга вальюта билан тўлаш ҳам мумкин.

Ўзбекистон Республикасида пахта хом-ашёси қабул қилинаётганда селекцион ва саноат нави, синфи, узунлиги бўйича сараланиб, ғарамларга жойлаштирилади. АҚШда эса пахта хом-ашёси териб олинганидан кейин пахта далаларида, майдонларда кичик модулларда сақланади.

 

 

 

Ишлаб чиқарилган пахта толаси учун эгалик ҳуқуқи фермерда бўлади, фермер пахта толасини сотиш бўйича қарор қабул қилишда эркин ва толани сотишнинг турли усуллари мавжуд.

АҚШ қишлоқ хўжалиги вазирлиги таркибидаги The Commodity Credit Corporation (CCC) томонидан айрим қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига, жумладан пахта учун ҳам маркетинг учун ёрдам кредитлари дастури амалга оширилади.

АҚШда териб олинган пахта тўрт ой давомида қайта ишланади, ушбу даврда ишлаб чиқарилган пахта толаси бозорга бирданига чиқарилган тақдирда толанинг нархи сезиларли пасайиши мумкин, бу фермерларнинг иқтисодий зарар кўришига сабаб бўлади.. Буни олдини олиш мақсадида маркетинг учун ёрдам кредитлари берилади, бу фермерга толани нархлар қулай бўлганда сотиш имкониятини беради.

Ушбу дастурга кўра фермер The Commodity Credit Corporation (CCC) компаниясидан 9 ой муддатга кредит олиши мумкин, бунда у толага эгалик ҳуқуқини сақлаб қолади ва ушбу даврда толани эркин бозорда сотиб кредитларини қайтариш имконияти мавжуд.

2018 йилда жами 18,367 млн той пахта ишлаб чиқарилган бўлса шундан 8,25 млн той ҳисобига маретинг учун ёрдам кредитлари олинган.

Фермерлар учун толани кооперативларнинг маркетинг “пул”лари орқали, пахта заводларга, брокер ва трейдерлар орқали маҳаллий ва экспортга сотиш имкони мавжуд.

 

 

Пахта толаси учун сертификатлаш мажбурий бўлмагани билан ишлаб чиқарилган тола тўлиқ АҚШ қишлоқ хўжалиги департаменти USDA таркибидаги 10 та синов лабораториялари томонидан сертификатланади, синов лабораториялари 240 гаа яқин HVI тизимлари билан жиҳозланган.

Ишлаб чиқарилган пахта тойларидан лицензияланган намуна олувчилар томонидан тойнинг икки томонидан намуна олинади ва USDA лабораторияларига жўнатилади. Пахта тойлари штрих-биркалар билан маркаланади.

 

Штрих бирка
Ушбу штрих-биркаларидан пахта толасини етиштирган фермер, пахта ўстирилган майдон, қайта ишланган пахта тозалаш корхонаси каби маълумотни, шунингдек сақланиш жойини аниқлаш имконияти мавжуд, яъни пахтани даладан харидоргача ҳаракатини мониторинг қилиш имконияти мавжуд.

Пахта толаси тўлиқ инструментал усулда HVI тизимларида синовдан ўтказилади. Синовлар натижалари Миллий пахта базасига киритилади ва фермер ва бозор иштирокчилари пахта толаси сифатини онлайн танишиш имконияти мавжуд.

Синовдан ўтган пахта толаси HVI тизимлари кўрсаткичларига асосан ранги ва ифлослигига қараб сараланади ва йирик трейдерлар орқали хорижий давлатларга эспорт қилинади.

Пахта толасини намуна олиш ва класификация қилиш лицензияси бор фуқаро қасддан нотўғри таснифласа, ёки уларни фаолиятига тўсқинлик қилса, шунингдек уни нотўғри таснифлашга ундаса 1000 доллардан ортиқ бўлмаган жарима ёки 6 ойдан кўп бўлмаган қамоқ жазоси ёки суд қарорига биноан ҳар иккаласи билан ҳам жазоланиши мумкин.

Пахта тозалаш корхоналари техник ҳолати, ишлаб чиқариш бўйича мажбурий талаблар мавжуд эмас, бунинг сабаби пахта тозалаш корхоналари пахта хом-ашёсини сотиб олиш билан шуғулланмайдилар, пахтани қайта ишлаш фермер билан шартнома асосида амалга оширилади, завод пахтани сақлаш, толани чиқиши каби кўрсаткичлар учун жавобгар эмас.

Шу сабабли пахта тозалаш корхоналари ишлаб чиқаришда фойдаланиш учун USDA томонидан “Пахта қайта ишловчилар учун қўлланма” (Cotton Ginners Handbook ) ишлаб чиқилган.

АҚШ тажрибаси пахта хом-ашёсини сертификатлаш орқали уни даладан то харидоргача ахборот коммуникацион тизимлари орқали назорат қилиш, шунингдек ушбу тизим толани тойма-той сифатини аниқлаш орқали уни саралаш ва самарали маркетинг қилиш имконияти беришини кўрсатди.

 

"Ўзагроинспекция", Пахта хом-ашёси ва уни қайт ишлашдан олинган маҳсулотлардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими

 

Text to speech