Ру Ўз O`z En

Пахта толасининг нархи Нью Йоркдаги ICE Futures U.S биржасининг фьючерс котировкаси қийматидан келиб чиқиб белгиланадиган бўлди

23 Июнь 2020 6013

Пахта толаси тўқимачилик саноатининг асосий хом-ашё маҳсулотларидан бири ҳисобланади. 2019-2020 йиллар давомида дунёда жами 25,89 млн тонна пахта толаси ишлаб чиқилган бўлиб, 25.4 млн. пахта толаси қайта ишланиши кутилмоқда. Ўзбекистон пахта етиштириш бўйича дунёда бешта йирик давлатлар қаторига киради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5-майдаги “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5989-сонли қарори билан  базавий сифатдаги пахта толасининг бошланғич нархи Нью-Йорк товар биржасининг энг яқин етказиб бериш ойи учун фьючерс котировкаси қийматидан келиб чиққан ҳолда аниқланиши белгиланди.

Май ойига қадар  юртимизда пахта толасининг бошланғич нархи Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 февралдаги 106-сонли қарори билан тасдиқланган “Пахта толасини сотиш ва ҳисоб-китоб қилиш тартиби тўғрисидаги низом” га мувофиқ Сotton Outlook Ltd компаниясининг Сotton A индекси қиймати асосида белгиланар эди.

Жаҳон пахта толаси бозорида халқаро тола нарх котировкаси дейилганда одатда Нью Йорк ICE Futures U.S биржасининг энг яқин етказиб бериш ойи учун пахта толасига фьючерс котировкаси ва Сotton Outlook Ltd компаниясининг Сotton A индекси тушунилади .

Буюк Британиянинг Сotton Outlook Ltd компанияси 90 йилдан буён пахта бозоридаги ўзгаришлар тўғрисида янгиликларни тарқатиш билан шуғулланади. 1966 йилдан буён эса пахта толасининг Cotlook нарх индексларини ҳисоблайди ва чоп этади, унинг А индекси жаҳон тола бозори нарх барометри бўлиб ҳисобланади .

Пахта толаси фьючерслар бўйича иккинчи ҳалқаро нарх котировкаси бу ICE Futures US биржасининг фючерслари котировкасидир.

ICE Futures US фьючерс битими миқдори 50 000 фунт ва базис сифатга эга бўлган тола учун тузилади ва ушбу битим ICE Futures Cotton #2 номланади. Ушбу битим белгиланган муддаларда реал толани келгусида аниқ муддатларда (март, май, июль, октябрь, декабрь ойларида) етказиб бериш шартлари билан тузилади.

Иккита котировканинг географик ва сифат базислари ҳам бир-биридан фарқ қилади.

Сotton A индексининг географик базиси Узоқ Шарқ портлари бўлса ICE Futures Cotton #2 фьючерс котировкасининг базиси АҚШнинг маълум ҳудудларидир. Яъни Сotton A индекси бўйича  пахта толасининг бошланғич нарх қиймати таркибида Инкотермс ҳалқаро савдо қоидаларининг етказиб беришнинг CFR базис шартлари бўйича Узоқ Шарқ портларига етказиб бериш харажатлари ҳам киради,  фьючерс котировкаси бўйича толани АҚШнинг Техас штати Галвестон (Galveston, TX), Даллас/Форт Уэр (Dallas/Ft. Worth, TX), Теннеси шататининг Мемфис (Memphis, TN) ва жанубий Королина штатининг Гринвил/Спартанбург (Greenville/Spartanburg, SC.) ҳудудларига етказиб беришни назарда тутади.

Худди шундай, Сotton A индексининг базис сифат билан фьючерс котировкалари учун толанинг базис сифати ҳам бир-биридан фарқ қилади.

АҚШда ички нархларни қўллаб-қувватлаш чораларидан бири пахта толасини кредитлаш программасидир. Ушбу кредитлар доирасида Сotton A индексидан фойдаланган ҳолда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан АҚШда жойлашган тола учун тузатилган жаҳон нархи эълон қилиб борилади.

Бунинг учун Сotton A индексидан толани АҚШдан Осиё портларига ташиш ҳаражатлари ҳамда А индекснинг базавий сифати ва Нью-Йорк биржасининг базавий сифати орасидаги нарх фарқи чегириб ташланади.  

Ушбу икки жаҳон тола бозоридаги нарх барометри орасидаги фарқни юқоридаги жиҳатлар билан тушуниш мумкин.

Экспертларнинг фикрича Ўзбекистон иқтисодиётини либераллаштириш шароитида биржа савдосини янада ривожлантиришнинг зарур босқичларидан бири дериватив молиявий воситаларни қўллаш, бунинг учун фьючерс шартномаларини жорий этиш энг мақбул йўлдир.

Пахта толаси учун бошланғич нархни  аниқлаш учун фьючерс котировкасини қўллаш келгусида пахта толаси етиштирувчи ва тўқимачилик корхоналарининг ҳавфларни муваффақиятли бошқариш имкониятини берувчи пахта толаси учун дериватив молиявий воситаларни Республикамизда қўллаш учун муҳим қадам бўлиб ҳисобланади.

 

Шоирагул Мамадалиева, Пахта хом-ашёси ва уни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими бош инспектори

Text to speech