Туркия Пахта ҳалқаро консультатив қўмитасининг маълумотига кўра 2019/2020 йилларда тола етиштириш бўйича дунёда олтинчи, истеъмоли бўйича бешинчи ва тола импорти бўйича ҳам бешинчи ўринда туради.
Туркия пахта майдонлари бўйича 11 ўринда бўлиб, 2020 йилда 520 минг гектарда ғўза етиштирилган, ҳосилдорлик бўйича 5 ўринда, гектарига 1 567 тонна пахта толаси олинади.
Туркия тўқимачилик саноати эҳтиёжини таъминлаш мақсадида етиштирилган пахтадан ташқари 1 млн. тоннага яқин пахта толасини ҳорижий давлатлардан импорт қилади. Жумладан 2019 йилда 935 минг тонна пахта толаси импорт қилинган. Шунга қарамасдан 87 минг тоннаси экспорт қилинган.
Туркияда пахта деҳқончилик қилинадиган ҳудудларнинг 2,5 да, асосан учта ҳудудда, Жанубий-Шарқий Анатолия, Чуқирова ҳамда Эгей ҳудудларида етиштирилади.
1990-йиллардан буён пахта толаси эркин савдо қилинади, пахтани чуқур қайта ишлаш соҳаси ривожлангани, ички талаб таклифдан юқори бўлгани толанинг ички нархини ҳалқаро нархлар даражасида шаклланиш имконини беради.
Давлат пахта толасини экспорти ва имортини квоталаш, импорт учун маҳсус 3% солиқ солиш орқали тартибга солади. Агар импорт қилинаётган пахта толаси, пахта калаваси қайта ишланиб, экспорт қилинса ушбу миқдордан 3 % лик солиқ ундирилмайди. Бу имтиёз АҚШдан импорт қилинган тола учун тадбиқ этилмайди.
Пахта хом-ашёси кооперативлар, сотувчилар, қайта ишловчилар томонидан харид қилиниб, кооперативларга қарашли ёки шахсий пахта тозалаш корхоналарида қайта ишланиши мумкин. Шунингдек фермер хўжаликлари ихтиёридаги пахта хом-ашёси ушбу корхоналарда “тегирмон” усулида қайта ишланиши мумкин.
Туркияда пахта етиштиришда кооперативларнинг ўрни муҳим. Кооперативлар Туркияда 1923 йилда давлат ташаббуси асосида ташкил этилишни бошланган ҳамда 2011 йилда иқтисодиётнинг барча соҳасида 26 ҳилдаги 84 232 та кооператив фаолият юритган.
2000-йилгача пахтани сотиш бўйича кооперациялар ASC (Agricultural Sales Cooperative) фермер хўжаликлари томонидан ташкил этилган. Соҳани ривожлантириш бўйича давлат дастурлари ушбу кооперативларнинг уюшмаси (ASCU) орқали амалга оширилган.
Ҳозирда пахта етиштирувчи 3 та йирик ҳудуд- Эгейда TARİŞ Pamuk, Чуқурова ҳудудида ANTBİRLİK ва Жанубий-Шарқий Анатолия ҳудудида GAP Birlik пахта толасини сотиш бўйича кооперативлар уюшмаси фаолият юритади.
Туркияда кооперативлар жами пахта хом-ашёсини 30 фоизига яқин миқдорини сотиб олиб, улар қайта ишланган пахта толаси, чигит, момиқ, пахта калаваси ва иккиламчи чиқиндиларни сотиш билан шуғулланади.
Пахта толаси тойлари ишлаб чиқарувчи пахта тозалаш корхоналари учун айрим техник талаблар, жумладан пахта тозалаш корхоналарида пахта хом-ашёсини қайта ишлаш учун зарур машина ва аппаратлар, толани таснифлаш бўйича, ўраш, маркалаш бўйича талаблар “Толани сертификатлаш ҳақида қарор” (маҳсулот ҳавфсизлиги ва инспекцияси: 2012/27) билан тартибга солинади.
Унга кўра ҳар бир пахта тозалаш корхонасида класёрлик хоналари бўлиши зарур ҳамда классёрлик хоналари ушбу қарорда белгиланган талабларга жавоб бериши керак.
Пахта толасини таснифлаш АҚШ пахта толасини таснифлаш тизими билан уйғунлаштирилган. Толани сифат кўрсаткичлари бўйича амадаги расмий таснифлаш 2009 йилда қабул қилинган.
Туркияда ишлаб чиқариладиган пахта толасининг 95 % классёрлик усулида, фақат 5% HVI тизимларида аниқланган сифат кўрсаткичлари асосида сотилади.
Туркияда пахта толасини сифати ва миқдори бўйича “ҳавфни таҳлил” қилиш тизими жорий этилган.
Пахта толасини назорат 1953 йилда қабул қилинган “Пахта толасини назорат қилиш ҳақида” қонун билан тартибга солинади. Назорат сертификати бўлмаган тойланган пахтани сотиш ва сотиб олиш таъқиқланган, шунингдек ушбу тола тойлари маркаланиши керак.
Назорат сертификати мавжуд пахта толаси ташқи савдо вазирлиги томонидан толанинг сақланиш жойларида назорат қилинишига рухсат берилган.
Ушбу қарорнинг ижроси доирасида 2012 йилда “Пахта толасини назорат қилиш ( Маҳсулотни инспекция қилиш ва ҳавфсизлиги 2012/25) қарор қабул қилинган.
Унга кўра тойланган пахта толаси ишлаб чиқарадиган пахта тозалаш корхонаси штатида пахта толаси классификатори бўлиши керак. Классификаторларнинг малакаси ва билими Туркия Савдо вазирлигининг ҳудудлардаги Маҳсулотларни инспекция қилиш ва ҳавфсизлиги бош бошқармаси томонидан текширилади ва тасдиқланади.
Пахта тозалаш корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган тойланган пахта -ташқи савдода рискларни бошқариш тизимида TAREKS рўйхатдан ўтказилади. Бунда тойланган пахта толасининг миқдори, толанинг нави, синфи, штапель узунлиги каби кўрсаткичлар тизимга классификатор томонидан киритилади.
Пахта заводининг классификатори ушбу маълумотларни тизимга киритгач, ўрнатилган тартибда мустақил назорат қилиш учун буюртма беради.
Савдо вазирлигининг пахта инспектори ушбу буюртма асосида пахта толаси тўдаси тойларини назоратдан ўтказади. Агар завод томонидан тизимга киритилган толанинг нави ва синфи тўғри таснифланган тақдирда пахта инспектори томонидан назорат сертификати берилади.
Пахта толаси тойларига тойни назоратдан ўтказган классификатор ва инспекторнинг муҳрлари ҳам маркаланади.Назорат сертификатининг муддати 1 йил деб белгиланган.
Импорт қилинаётган пахта толаси ҳам Савдо вазирлиги инспекторлари томонидан ҳудди шу тартибда назорат қилинади. Бунда улар импорт қилувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатлардаги толанинг сифат кўрсаткичларини тўғрилигини текширадилар.
Туркия қонунчилига кўра пахта толасининг намлиги 8,5% дан юқори бўлмаслиги керак.
Пахта толасининг сифати бўйича ариза ва шикоятлар доирасида Савдо вазирлигининг ҳудудий дирекцияси томонидан ваколат берилган комиссия текширишлар ўтказиш, пахтани қайта ишлаш, пресслаш жараёнини, омборларни текшириш ва намуналар олиш ҳуқуқига эгадир.
Пахта толаси Туркия иқтисодиёти учун жуда муҳим хом-ашё ҳисобланади. 2017 йилда Туркия тўқимачилик ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш саноати жами 61 млрд.АҚШ долларига тенг маҳсулот ишлаб чиқарган. Маҳсулот ишлаб чиқариш қийматига кўра 2-ўриндаги саноат тармоғи деб баҳоланган. Ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 44% ёки жами 25 млрд. АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилинган.
Ушбу соҳа жами 992 минг кишини иш ўрни билан таъминлаган. Бу Туркиядаги жами қайта ишлаш саноатида яратилган иш ўринларининг 25 фоизини ташкил этади.
Пахта толасини сифатини аниқлаш ва назоарт қилишнинг амалдаги тизими ушбу муҳим саноат соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлик фаолияти субъектлари учун сифатли маҳсулот етказиб беришда муҳим ўрин тутади.
Мамадалиева Шоирагул, Пахта хом-ашёси ва уни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими бош инспектори