Ру Ўз O`z En

Пахта хомашёсини етиштириш ва унинг йиғим-терим харажатларини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

10 Ноябрь 2021 1707

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Пахта хомашёси етиштириш ва унинг йиғим-терим харажатларини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш, пахта хомашёси етиштирувчиларнинг манфаатдорлигини ошириш ҳамда маҳсулотни чуқур қайта ишлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида:

1. 2022 йил ҳосилидан бошлаб пахта хомашёсини етиштиришни ва пахта йиғим-теримини Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) маблағларидан молиялаштиришнинг қуйидаги тартиби жорий этилсин:

а) пахта хомашёсини етиштириш ва пахта йиғим-теримини имтиёзли молиялаштириш пахта-тўқимачилик кластерлари ва Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги элита уруғчилик хўжаликлари орқали амалга оширилади;

б) тижорат банклари томонидан Жамғарма ресурслари ҳисобидан қуйидагилар учун имтиёзли кредитлар ажратилади:

пахта-тўқимачилик кластерларига пахта етиштириш учун – пахта хомашёси қийматининг 60 фоизигача миқдорда йиллик 10 фоиз (шундан, 2 фоизи банк маржаси) ставкада 24 ойга, шу жумладан, 18 ойлик имтиёзли давр ва 19-ойдан бошлаб сўнгги 6 ой давомида тенг улушларда қайтариш шарти билан;

Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги элита уруғчилик хўжаликларига пахта хомашёси етиштириш учун – пахта хомашёси қийматининг 60 фоизигача миқдорда йиллик 10 фоиз (шундан, 2 фоизи банк маржаси) ставкада 14 ойга;

пахта-тўқимачилик кластерлари ва Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги элита уруғчилик хўжаликларига пахта йиғим-теримини молиялаштириш учун – пахта хомашёси қийматининг 20 фоизигача миқдорда йиллик 10 фоиз (шундан, 2 фоизи банк маржаси) ставкада 12 ойга, шу жумладан, 3 ойлик имтиёзли давр билан.

2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра пахта-тўқимачилик кластерларига пахта хомашёси хариди бўйича якуний ҳисоб-китоб учун 12 ойгача муддатга миллий валютада ажратиладиган тижорат кредитлари бўйича фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, лекин 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун Жамғарма ҳисобидан компенсация тўланади. Бунда, якуний ҳисоб-китоб учун ажратиладиган тижорат кредитлари бўйича компенсация харажатлари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштирилади.

3. Белгилансинки:

2023 йил ҳосилидан бошлаб пахта-тўқимачилик кластерлари ва Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги элита уруғчилик хўжаликларининг пахта ҳосилини етиштириш харажатларини молиялаштириш тегишли ҳосил йили учун олдинги йилнинг 1 октябридан бошланади;

пахта хомашёсини етиштириш мақсадида пахта-тўқимачилик кластерларига ажратилган имтиёзли кредитлар пахта хомашёси етиштириш билан боғлиқ агротехник тадбирларни молиялаштириш учун фермер хўжаликларига йўналтирилади, бундан пахта-тўқимачилик кластерларига улар томонидан ижарага олинган қишлоқ хўжалиги ерларида пахта хомашёсини етиштириш учун ажратилган кредитлар мустасно;

пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан фермер хўжаликларига пахта хомашёси етиштириш учун олдиндан тўлов пул шаклида амалга оширилади. Бунда, олдиндан тўловни натура шаклида амалга оширишга йўл қўйилмайди;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар томонидан минерал ўғит, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари, техника ва техника хизматларига (ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситаларидан ташқари) оид масалалар, шу жумладан, уларни импорт қилишни мустақил ҳал қилинади, бунга ҳар қандай тарзда аралашиш тақиқланади.

4. Жамғарма томонидан ажратилган маблағлардан самарали фойдаланилиши ва кластерларнинг молиявий ҳолати устидан доимий мониторингни ташкил этиш мақсадида Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бошқармаларидаги мавжуд штат бирликларини қисқартириш ҳисобига Жамғарма таркибида 5 штат бирлигидан иборат бўлим ташкил этилсин.

Жамғармага ўзи томонидан ажратилган маблағлардан самарали фойдаланилишини аудит ва бизнес консалтинг ташкилотларини шартнома асосида жалб қилган ҳолда аудитдан ўтказиш ҳуқуқи берилсин.

5. Марказий банк, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Адлия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар пакетини Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

товар омборларига қўйиладиган талаблар, товар омборлари фаолиятини ташкил этиш ва сақлаш учун берилган мол-мулк бўйича томонлар мажбуриятининг бажарилишини таъминлаш тартиби, шунингдек, қатъий ҳисобда турувчи омбор гувоҳномасига қўйиладиган талаблар;

омборга сақлаш учун берилган мол-мулк миқдори, тури, сақлаш муддати ва бошқа маълумотларни акс эттирувчи Омбор гувоҳномаси ягона реестрини яратиш ҳамда унда тадбиркорлик субъектлари, тижорат банклари ва давлат бошқаруви органлари ўртасида электрон маълумот алмашинувини йўлга қўйиш.

Тижорат банкларига мазкур банднинг биринчи хатбошисида назарда тутилган қонунчилик ҳужжатлари қабул қилингунга қадар, кредитлаш учун пахта-тўқимачилик кластерларининг ип-калава захирасини, башарти ушбу захира қарз мажбуриятларидан ва гаровдан ҳоли бўлган тақдирда, гаровга олиш тавсия этилсин. Бунда, гаровга қўйилган ип-калава захиралари гаровга олувчи тижорат банкининг розилиги асосида тасарруф этилади.

6. Бош вазир ўринбосари Ж.А.Қўчқоров ва молия вазири Т.А.Ишметов қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан боғлиқ тадбирларни узлуксиз молиялаштириш учун 2022 йилда Жамғармага Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан 5 триллион сўм беғараз молиявий ёрдам ҳамда Жамғарманинг асосланган ҳисоб-китобларига кўра 7,5 триллион сўмгача бюджет ссудаси ажратилишини таъминласин.

7. Пахта толасини қайта ишлаш қувватига эга бўлган пахта-тўқимачилик кластерларига 2021 йил ҳосили учун пахта хомашёсини етиштиришга ажратилган имтиёзли кредитлар 2022 йил сентябрь ойидан бошлаб 6 ой давомида тенг улушларда қайтарилиши белгилаб қўйилсин.

Бунда, Жамғарма ҳисобидан ушбу мақсадлар учун тижорат банкларига ажратилган ресурсларни қайтариш имтиёзли кредитларни қайтариш муддатига мутаносиб равишда узайтирилади.

8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.

9. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ҳамда мақсад ва вазифаларининг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.

10. Молия вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

11. Мазкур қарорнинг ижросини таъминлашда масъул ва шахсий жавобгар этиб қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А.Ходжаев, молия вазири Т.А.Ишметов белгилансин.

Мазкур қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ш.М.Ғаниев зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳар чорак якуни бўйича ахборот бериб борилсин.

 

Ўзбекистон Республикаси

           Президенти                                                                                                                                         Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2021 йил 10 ноябрь

 

Манба:Uza

Text to speech