Ру Ўз O`z En

Пахтачи туманида ўтган 2022 йилда чорвачилик йўналишида 21 та янги лойиҳалар ишга туширилди

5 Январь 2023 1523

Пахтачи Самарқанд вилояти марказидан олисда жойлашган туманлардан бири бўлиб, Туманнинг ҳудудий жойлашуви, табиий иқлими шароити пахта етиштириш, чорвачилик учун анча қулай ҳисобланади. Шу боис, бу ерда барча шароитга эга, замонавий жиҳозланган чорва комплекслари кўплаб топилади.

Айни кунларда туманда 152 та чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларининг 42 таси қорамолчилик, 33 таси қўйчилик, 38 таси паррандачилик, 30 таси балиқчилик ва 9 таси асаларичилик йўналишида фаолият юритмоқда. Мазкур фермер хўжаликлари томонидан 641 минг бошдан ортиқ чорва моллари парваришланмоқда. Чорва моллари учун озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида 2 минг 382 гектар, шундан 941 гектари сувли, 928 гектар лалми ер майдонлари ажратилган.

2022 йилда чорвачилик соҳасини янада такомиллаштириш учун умумий қиймати 15 млрд 800 млн сўмликдан ортиқ  21 та лойиҳалар ишга туширилиб, 100 га яқин янги иш ўринлари яратилди.

Шундан 5 таси қорамолчилик йўналишида, 6 таси паррандачилик йўналишида, 2 та қўйчилик йўналиши бўйича, 5 таси балиқчилик йўналишида ва асаларичилик йўналиши бўйича 3 та янги лойиҳа ишга туширилди.

Чорвачиликда наслчилик ишини янада такомиллаштириш мақсадида 2023 йилда умумий қиймати 35 млрд сўмликдан зиёд 4 та янги лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган. Шундан қорамолчилик йўналишида 1 та,  паррандачилик йўналишида 2 та,  балиқчилик йўналишида 1 та лойиҳа ишга туширилиши белгиланди.

Ушбу лойиҳалар Пахтачи туманида интенсив чорвачиликни ривожлантиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Европанинг 1 бош зотдор сигири бизнинг 3 та маҳаллий сигиримизга маҳсулдорлиги жиҳатидан тўғри келади. Улар 35-40 литргача сут беради.

Аҳолининг чорва маҳсулотларига бўлган талабини қондириш мақсадида ўтган 2022 йилда 15 минг тонна гўшт, 60 минг тонна сут, 34 млн донадан ортиқ тухум маҳсулотлари етиштирилиб, аҳоли истеъмоли учун етказиб берилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги “Наслли маҳсулотни (материални) экспорт ва импорт қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 252-сонли қарори билан чет давлатларидан олиб келинган наслли маҳсулотни (материал) тегишли тартибда карантинга қўйиш ҳамда карантин муддати тугаганидан сўнг, ҳудудий “Чорванасл” маркази томонидан давлат рўйхатига олинишини назорат қилиш инспекция зиммасига юклатилган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 майдаги “Чорвачилик тармоғига давлат томонидан субсидия ажратишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 280-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида, "Ўзагроинспекция"нинг Пахтачи туман  бўлими томонидан доимий назорат ўрнатилган бўлиб, бугунги кунда ушбу қарор ижроси бўйича профилактик тадбирлар ва мониторинглар ўтказилиб келинмоқда.

-Шу мақсадда ўтган 2022 йилда инспекциянинг Пахтачи туман бўлими чорвачиликда наслчилик ишини назорат қилиш шўбаси катта инспектори Х.Ражабова томонидан 2022 йилда жами 121 та назорат тадбирлари ўтказилган бўлиб, 35 та ҳуқуқбузарликлар аниқланган.

Аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан туман ҳокимлигига жами 3 та тақдимнома киритилди, 68 та ҳуқуқий таъсир чоралар қўлланилди, ва 15 та ҳолат юзасидан тегишли ташкилотларга огоҳлантириш хатлари берилди..

Жумладан, туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимининг “Санчқул”, “Ҳайработ”, “Балоигумбаз” сунъий уруғлантириш масканларида ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, ЎзМЖткнинг 213 модданинг 1-қисмига асосан жарима қўлланилди.

Чорвачилик йўналишидаги “Наслдор зотли моллар”, “Дилмурод чорва”, “Ўткир чорва инвест”, “Чоштепа Шукур чорва” фермер хўжаликлари раҳбарлари қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан огоҳлантирилди, - дейди Инспекциянинг Пахтачи туман бўлими чорвачиликда наслчилик ишини назорат қилиш шўъбаси катта инспектори Х. Ражабова.

Пахтачида соҳада яратилган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда чорванинг сонини ошириш, маҳсулдорлик сифатини яхшилаш, наслчилик ресурсларини яратиш ва сақлашга алоҳида эътибор қаратилган. Бундан кўзланган мақсад нафақат туман аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, балки чорвачилик маҳсулотлари экспортини янада оширишдир.

А. Худоёров, Инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси бош инспектори

 

Text to speech