Қабул қилинган дон маҳсулотларининг сақланиши, уларни жойлаштириш тартибига риоя қилиниши, миқдори, сифати бўйича ҳисобга олишнинг тўғрилиги, донларнинг сақлашда табиий камайиш меъёрлари қўлланишининг асосланганлиги устидан доимий назоратини амалга ошириш "Ўзагроинспекция"нинг асосий вазифаларидан биридир.
Шунга кўра, Инспекциянинг Наманган вилояти бошқармаси Дон ва уларни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлардан фойдаланишни назорат қилиш шўбаси мутахассислари томонидан 2024 йил ҳосилидан мавсумда очиқ майдонларга қабул қилинган 137 минг 8 тонна донни ёпиқ сиғимларга киритиши бўйича кунлик назорат ва тахлилар олиб борилмоқда.
Вилоятда 2024 йил ҳосилидан мавсумда жами 185 минг 939 тонна ёки шартномавий режага нисбатан 102,7 фоиз буғдой жамғарилган бўлиб, шундан вақтинчалик сақлаш (биржа)га 114 минг 136 тонна (103,6 %), давлат захираси (жамғарма)га 59 минг 909 тонна (100,1%) буғдой қабул қилинган.
Улардан 137 минг 8 тоннаси очиқ майдонларга жойлаштирилган эди.
Мавсум бошидан шу кунга қадар 91 минг 125 тонна (67 %) буғдой ёпиқ сиғимларга жойлаштирилди. Уларнинг 55 минг 527 тоннаси қабул қилинган маскандаги омборхоналарга, 2 минг 956 тоннаси автотранспортлар орқали корхоналарнинг элеваторларига, янги қурилган ёпиқ сиғимларга киритилди. Ниҳоясига етаётган ушбу жараён инспекция мутахассислари томонидан доимий назоратга олинган.
А. Неъматов, Инспекциянинг Наманган вилояти бошқармаси шўба бошлиғи