Ру Ўз O`z En

ПИЛЛАЧИЛИК: НАВОИЙДА ТУТЗОРЛАРНИ ЯНАДА КЕНГАЙТИРИШ ИНСПЕКТОРЛАР НАЗОРАТИДА

6 Май 2021 2221

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 17 январдаги “Пиллачилик тармоғида ипак қурти озуқа базасини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида Республикада тутзорларни кенгайтириш, тутчиликда сув тежовчи суғориш технологияларини қўллаш ҳамда агротехника тадбирларини самарали ўтказилишини рағбатлантириш, инновацион ғоялар, илмий ишланмалар ва илм-фан ютуқларини кенг жорий этиш орқали пиллачилик тармоғи озуқа базасини кўпайтириш, экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, шунингдек, пиллачилик тармоғида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари белгилаб берилган.

 Юқоридаги қарор ижросини таъминлаш мақсадида Навоий вилоятида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, вилоятда 2021 йилда баҳор ва ёз ойларида 4 мавсумда 17 007 қути тут ипак қурти парваришланиб, 952 тонна пилла хомашёси етиштириш режалаштирилган. Бугунги кунда пиллани қайта ишлаш корхоналари ва фермер хўжаликлари ўртасида 798 та контрактация шартномалари тузиш ишлари тўлиқ якунланган. Шунингдек, тутзорларга бириктирилган касаначилар билан 1670 та касаначилик шартномалари тузилган.

Дарҳақиқат, пиллачилик қишлоқ хўжалигида муҳим аҳамиятга эга. Соҳани ривожлантириш, сифатли ипак толаси ишлаб чиқариш ва уни четга экспорт қилиш яратилган шароитлар билан боғлиқ. Хусусан, вилоятда пилла озуқа базаси учун мавжуд тутзорларни янада кенгайтириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Тут ипак қуртларини парваришлаш ва озуқа базасини кўпайтириш мақсадида, мавжуд тутзорларни хатоларига 1 миллион 162 минг дона тут кўчатлари экилиб, тутзорлардан мўл ҳосил олиш мақсадида ерларга агротехник ишлов бериш, яъни тутзорларда пайҳон олдини олиш, суғориш, маҳаллий ва минерал ўғитлар бериш, бегона ўтлардан тозалаш, тутзорга келадиган сув йўлларини қазиш ишлари олиб борилмоқда. Бу борадаги тадбирларни сифатли бажарилиши Ўзбекистон Республикаси агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари инспекторлари томонидан назорат остига олинган.

Маълумот ўрнида қайд этиш керак, вилоятда жорий йил давомида 217 гектар янги тутзорлар барпо қилиш режалаштирилган бўлиб, амалда 99 гектар ер майдонларда янги тутзорлар яратилди.

Вилоятда 4 та пиллани қайта ишлаш объектлари, жумладан, Хатирчи туманидаги “Хатирчи пилла хазинаси” хусусий корхонаси, Қизилтепа туманидаги “Қизилтепа пиллачилиги”, Навбаҳордаги “Ал-Азиз ипаги” ҳамда Нурота туманидаги “Навоий Силк Продукцион” масъулияти чекланган жамиятлари фаолият юритиб келмоқда.

-  Соҳада амалга оширилган ишлар билан бир қаторда айрим қонунбузилиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда-дейди Ўзагроинспекциянинг вилоят бошқармаси бош инспектори Зиёдулла Тўхтаев.- Мазкур қонунбузилишларни таҳлил қиларканмиз, аксариятида тутзорлардан ўз манфаати йўлида фойдаланиш ва тут ўрнига бошқа мевали дарахтларни экиш каби ҳолатларга йўл қўйилганига гувоҳ бўламиз. Бунинг олдини олиш мақсадида қонунни бузганларга нисбатан ваколатимиз доирасида тегишли чоралар кўрилмоқда.

Жумладан, ўтказилган назорат тадбирларида Қизилтепа тумани Оқ-олтин ҳудудидаги 49-контурда жойлашган 1,75 гектар тутзор “Қизилтепа манғити” фермер хўжалиги томонидан, 836қ-контурда жойлашган 0,65 гектар тутзор “Барот Саттор”, Зарметан ҳудуди 370-контурдаги 1,2 гектар тутзор “Ахматбобо”, Ванғози ҳудуди 256-контурдаги 2,47 гектар тутзор “Теша Саидов”, 249-контурдаги 0,50 гектар тутзор “Яккатут дур гавҳари”,  79-контурдаги 0,30 гектар тутзор “Ҳафкорён мададкори” фермер хўжаликлари томонидан пахта, ғалла экилган майдонга айлантирилгани аниқланди. Шунингдек, “Гулшан Дурдона” фермер хўжалиги томонидан 0,40 гектар тутзор йўқ қилиниб, улар ўрнига мевали дарахтлар экилгани маълум бўлди.

Шунингдек, Навбаҳор тумани Кескантерак ҳудудидаги 1,30 гектар тутзорнинг 0,3 гектар майдони фуқаро Ҳ.о томонидан ўзбошимчалик билан эгалланиб, тут дарахтлари йўқ қилиниб, фуқаро томонидан ўз манфаати йўлида тут дарахти ўрнига тол дарахти экиб келинган.

Юқорида қайд этилган қонунбузилиши ҳолатлари ҳамда уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан Навбаҳор ва Қизилтепа туман ҳокимлигига тақдимномалар киритилди.

Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари инспекторлари томонидан чорвачилик соҳасига оид Ўзбекистон Республикаси қонунлари, ҳукумат қарорлари ижроси, ипак қурти озуқа базасини яратиш, ажратилган ер майдонларидан мақсадли фойдаланиш юзасидан назорат тадбирлари олиб борилмоқда.

 

Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси матбуот хизмати

Text to speech