Президент “Балиқчилик тармоғини қўллаб-қувватлаш ва унинг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Белгиланишича:
2020 йилдан бошлаб сунъий сув ҳавзаларида балиқ етиштирадиган балиқчилик хўжаликларига сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ сув объектидан олинган ва қайтариб чиқарилган сув ҳажми ўртасидаги фарқидан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш учун белгиланган ставкаларда ҳисобланади;
коллектор-дренаж сувларидан олиб фойдаланилган сув ресурслари солиқ солиш объекти ҳисобланмайди;
балиқчилик хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни ҳисоблаш учун фойдаланилган сувнинг ҳажми ҳақиқатда истеъмол қилинган ҳажмдан келиб чиққан ҳолда Сув хўжалиги вазирлиги таркибига кирувчи ташкилотлар томонидан аниқланади;
балиқчилик хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан фойдаланилган сувнинг ҳақиқатда истеъмол қилинган ҳажмини аниқлаш имкони бўлмаганда, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ базаси белгиланган сувни истеъмол қилиш нормативларининг 50 фоизи миқдорида белгиланади;
Сув хўжалиги вазирлиги томонидан ҳар йили сув лимитлари белгиланаётганда балиқчилик хўжаликлари фойдаланиши мумкин бўлган коллектор-дренаж тармоқларининг рўйхати шакллантирилади ҳамда Сув хўжалиги вазирлигининг веб-сайтида жойлаштириб борилади;
балиқчилик хўжаликлари фойдаланиши мумкин бўлган коллектор-дренаж тармоқларидаги сувлардан коллектор-дренаж тармоқларининг лойиҳавий параметрларига риоя қилган ҳолда фойдаланади.
Сув хўжалиги вазирлиги:
фойдаланиш мумкин бўлган коллектор-дренаж тармоқлари, ундаги сувларнинг шўрланиш даражаси ва сифати доимий назорат қилиниши ҳамда бу тўғрисидаги маълумотларни ўзининг расмий веб-сайтида кўрсатиб борилишини;
сунъий сув ҳавзаларида балиқ етиштирадиган балиқчилик хўжаликлари учун сув олиш лимитлари манбаларнинг тахмин қилинган ва ҳақиқий сувлилиги, шунингдек, балиқчилик хўжаликларининг сув истеъмоли режаларини ҳисобга олган ҳолда белгиланишини;
сунъий сув ҳавзаларида балиқ етиштирадиган балиқчилик хўжаликлари, сув етказиб берувчи тегишли ташкилотлар ва «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси билан биргаликда ҳар йили 15 январдан кечикмаган муддатда белгиланган тартибда уч томонлама шартнома тузилишини таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ў.И. Барноев Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси билан биргаликда икки ой муддатда коллектор-дренаж тармоқлари атрофида санитария-муҳофаза зоналарига риоя этган ҳолда 2021 йилга мўлжалланган балиқчилик лойиҳаларини шакллантиради ва уларнинг амалга оширилишини таъминлайди.
Сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари ўз ҳудудида жойлашган қишлоқ хўжалиги корхоналарининг сув истеъмоли режаларини ишлаб чиқишда сунъий сув ҳавзаларида балиқ етиштирадиган балиқчилик хўжаликларининг сувга бўлган талабини манбалар кесимида (дарё, канал, коллектор-дренаж тармоқлари, сой, булоқ ва бошқалар) ҳисобга олинишини таъминлайди.
Сув хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси билан биргаликда:
уч ой муддатда сунъий сув ҳавзаларида балиқ етиштириш учун талаб этиладиган сув ҳажми меъёрларини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади;
2021-2022 йилларда сув танқислиги шароитида дарё ва каналлардан сув оладиган балиқчилик хўжаликлари томонидан сунъий сув ҳавзаларида босқичма-босқич янги ресурс тежамкор интенсив технологиялардан ва иккиламчи сув манбаларидан кенг фойдаланиш амалиётини жорий этади.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Инновацион ривожланиш вазирлиги икки ой муддатда Балиқчилик илмий-тадқиқот институтининг Тошкент вилоятида табиий ва сунъий сув ҳавзаларининг гидробиологик ва гидрокимёвий таркибини, омухта ем сифатини таҳлил қилиш ҳамда балиқ касалликларига ташхис қўйиш лабораториясини ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар дастурини Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Бунда:
кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, уларда замонавий лаборатория ускуналаридан фойдаланиш бўйича билим ва кўникмаларни шакллантириш учун хорижий стажировкаларни ташкил этиш;
лабораторияларни бутлаш учун ускуналар, бутловчи қисмлар, реагент ва реактивларнинг рўйхатга мувофиқ харидларини амалга ошириш;
балиқчилик соҳасида ўтказилган илмий-тадқиқот ишларини хатловдан ўтказиш ва илмий ишланмаларни тижоратлаштириш;
лабораторияларни ташкил этиш, сақлаш ва ходимларга иш ҳақини тўлаш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш бўйича зарур чора-тадбирлар назарда тутилади.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси билан биргаликда 2022 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси табиий сув захиралари ихтиофаунаси ва сув биоресурсларининг ягона маълумотлар банкини ташкил этади.
Инновацион ривожланиш вазирлиги Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмасининг маълумотлар банкидан фойдаланиш бўйича эҳтиёжларига мувофиқ молиялаштириладиган илмий лойиҳалар танловининг ўтказилишини таъминлайди.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан Балиқчилик илмий-тадқиқот институтининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, инновацион ахборот-ресурс хоналари, балиқчиликда селекция ва наслчилик, балиқларнинг табиий ва сунъий озуқа сифатини таҳлил қилишга ихтисослашган лабораторияларни барпо этиш лойиҳаларини Ўзбекистон Республикасининг 2021 — 2023 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурига белгиланган тартибда киритилишини таъминлайди.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси ва «Ипотека банк» АТИБнинг қуйидагиларни назарда тутувчи таклифларига розилик берилди:
йирик балиқчилик кластерларида балиқларни инкубация қилиш, ёпиқ сув айланма тизимида, қафаслар, бетон бассейнлар ва тупроқ ҳавзаларида интенсив усулда балиқ чавоқлари ва товар балиқ етиштириш бўйича балиқчилик хўжаликлари раҳбарлари ва мутахассисларини ўқитиш мақсадида пуллик асосда ўқув курслари ташкил этиш;
балиқчиликка ўқитиш бўйича таянч аудиториялар, кўргазмали балиқхоналар ташкил этиш, шартнома асосида ушбу йўналишдаги кластерлар, фермер хўжаликлари ходимлари, шунингдек, интенсив усулда балиқ етиштираётган аҳолини ўқитишни йўлга қўйиш.
Белгиланишича, аҳоли хонадонларида интенсив усулда балиқ етиштириш лойиҳаларини амалга ошириш учун дастурлар доирасида ажратиладиган кредитлар устувор равишда балиқчиликка ўқитиш бўйича курсларнинг тегишли сертификатига эга бўлган фуқароларга ажратилади.
«Ипотека-банк» АТИБнинг «Ипотека Сармояси» МЧЖ устав фондидаги улуши «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмасига ўтказилган ҳамда ушбу жамият томонидан қуйидаги вазифалар амалга оширилади:
балиқчилик соҳасида лойиҳавий молиялаштиришни амалга ошириш, шунингдек, янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш, мавжуд лойиҳалар (хўжаликлар)нинг самарадорлигини ошириш, уларни молиялаштириш, лизинг хизматларини кўрсатиш, зарур ҳолларда, лойиҳа-смета ҳужжатларини, техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишда хорижий экспертларни жалб қилиш;
интенсив ва ярим интенсив усулда балиқ етиштириш, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш, тайёр ва ярим тайёр балиқ маҳсулотларини ва жаҳон андозалари асосида оқсилга бой озуқа ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳаларни ишга тушириш;
балиқ чавоқларини етиштириш ва кўпайтириш бўйича замонавий наслчилик корхоналарини ташкил этиш.
Тошкент вилояти ҳокимлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг Тошкент вилояти Чиноз туманидаги «Чиноз деҳқон бозори» МЧЖнинг «Янги Чиноз балиқ бозори» филиали бино-иншоотларини тегишли ҳудуди билан бирга, кейинчалик унинг негизида балиқ ва балиқ маҳсулотлари савдосини ташкиллаштиришга мўлжалланган замонавий савдо комплексини ташкил этиш учун «Чиноз деҳқон бозори» МЧЖнинг устав капиталидаги давлат улушини (унга мос келадиган соф активлари қийматини объектнинг баланс (қолдиқ) қиймати миқдорида) камайтириш ҳисобига Давлат активларини бошқариш агентлигига бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.